Заргарлик тармоғи корхоналарига тўланган ҚҚСнинг бир қисми ПҚ-207-сон қарорга асосан қандай шартларда қайтарилади

preview

«Тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ва уларнинг қонуний фаолият юритиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 745-сон ВМҚ яна битта Вақтинчалик низом билан тўлдирилди.

Бу сафар заргарлар (ишлаб чиқариш, чакана савдо) рағбатлантирилади. Янги Вақтинчалик низом ўтган йилнинг июль ойида қабул қилинган ПҚ-207-сон Президент қарорига мувофиқ уларга бюджетга тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартибини белгилайди.

Қайтариш шартлари ва схемаси – buxgalter.uz шарҳида:

Янги мақолаларни Телеграм-каналда кузатиб бориш қулай.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

Материалда:

– кимлар ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришни талаб қилиши мумкин;

– тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариш тартиби ва шартлари;

– заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар солиқ базасини қандай аниқлайди;

– солиқни қайтариш схемаси.

 

Шундай қилиб, 9 апрелдаги 154-сон ВМҚ билан Вақтинчалик низом (1-2-сон) тасдиқланди. У:

1) 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар амал қилади;

2) заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо томонидан тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартибини белгилайди;

3) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилиши натижасида юзага келган ортиқча тўлов суммасига нисбатан қўлланилмайди.

 

Кимлар ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришни талаб қилиши мумкин

Тўланган солиқнинг бир қисмини қайтаришни солиқ даври давомида заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва (ёки) чакана сотишдан жами даромаднинг камида 80 фоизини олган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар кутиши мумкин.

Заргарлар ва чакана савдогарлар ушбу фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисидаги хабарномалар асосида аниқланади. Фаолият тури ИФУТ асосида белгиланади.

 

Тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариш тартиби ва шартлари

Хўжалик юритувчи субъект солиқ декларациясини топширгандан кейин, лекин 3 ойдан кечиктирмай тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга. Уни автоматлаштирилган дастур кўриб чиқади.

Агар солиқнинг бир қисми қайтарилганидан кейин хўжалик юритувчи субъект тўланган солиқ суммасини камайтиришга доир аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этса, қайтарилган қисм камайтирилган суммага мутаносиб равишда бюджетга тўланиши керак.

Солиқнинг бир қисмини қайтариш мақсадида тизим автоматик равишда қуйидагиларни текширади:

  • мулк ҳуқуқи ёки ижара асосида фойдаланиладиган кўчмас мулкнинг мавжудлиги;
  • ўз ишлаб чиқаришидаги заргарлик буюмларини реализация қилишдан ва (ёки) уларнинг чакана савдосидан олинган даромад улуши. У ЭҲФ, онлайн-НКТ ва электрон савдо майдончалари (маркетплейслар) чеклари маълумотлари асосида МХИК бўйича аниқланади ва товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этиши керак;

Эътибор беринг

Агар ҳисобварақ-фактурада нотўғри МХИК кўрсатилган бўлса, хатони тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиш йўли билан тузатиб бўлмайди, чекловлар ўрнатилган, чунки бу операция СК 257-моддасида назарда тутилмаган.

 

Бундай вазиятда бухгалтер нима қилиши кераклиги тавсияда тушунтирилган:

Электрон ҳужжатларда МХИКдаги хатолар қандай тузатилади.

  • ҳисобот ойи учун ҳисобланган суммага нисбатан тўланган ҚҚС суммасининг мавжудлиги – тўлиқ ва белгиланган муддатларда (бунда олдинги ойлар учун ортиқча тўлов суммалари ҳам ҳисобга олинади).

Ушбу шартларга риоя этилмаган тақдирда солиқ органи солиқни қайтаришни рад этади. Солиқ тўловчи ушбу қарор устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиши мумкин.

 

Вақтинчалик низом бўйича заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар солиқ базасини қандай аниқлайди

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар солиқ базасини заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларнинг сотиш нархи ҳамда уларнинг таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи ўртасидаги ижобий фарқ асосида аниқлайди.

Бунда заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларнинг сотиш нархидан фақат қуйидагиларнинг нархини чегириб ташлашга йўл қўйилади:

1) биржа савдолари орқали НКМК, ОКМК ва бошқа ташкилотлардан сотиб олинган қимматбаҳо металлар;

2) импорт қилинган қимматбаҳо тошлар.

 

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар сотилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларга электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига қуйидагилар ҳақида маълумот киритиши шарт:

  • буюмларнинг ҳақиқийлик даражаси,
  • уларнинг таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг миқдори ва қиймати.

Заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлардаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг қиймати Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинган нархлар асосида ҳисобланади.

 

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо томонидан тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш СХЕМАСИ:

  • 1-босқич: хўжалик юритувчи субъект ҚҚС бўйича ҳисобот топшириш муддати тугаганидан кейин, лекин 3 ойдан кечиктирмай мобиль илова ёки электрон солиқ хизматлари портали орқали тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш учун ариза беради.
  • 2-босқич: автоматлаштирилган ахборот тизими ҳар ойнинг 25-санасига қадар ҳисобланган ва тўланган солиқ суммаларини солиштириш орқали ҳисобот даврида тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришни ҳисоблайди.
  • 3-босқич: солиқ органи хўжалик юритувчи субъектнинг аризаси асосида ахборот тизими орқали 1 иш куни ичида Ғазначиликка тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тўғрисида хулоса юборади.
  • 4-босқич: Ғазначилик 1 иш куни ичида республика бюджетида ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида (низомда изоҳ бор – маблағлар етарли бўлган тақдирда) солиқ суммасини солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига автоматик равишда ўтказади. Бунда, агар хўжалик юритувчи субъектнинг солиқлар, молиявий санкциялар ва жарималар бўйича қарздорлиги бўлса, тўланган солиқнинг бир қисми биринчи навбатда ушбу қарздорликларни сўндиришга йўналтирилади.

Шу билан бирга, 26.06.2025 йилдаги ПҚ-207-сон қарорнинг 6-бандида 2028 йил 1 январга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан бюджетга тўланган ҚҚСнинг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасидан кечиктирмай республика бюджетидан автоматик равишда қайтарилиши айтилган. Умид қиламизки, қайтариш жараёнидаги 3 ва 4-босқичлар ушбу белгиланган муддатдан чиқиб кетмайди.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text214533_zargarlik_tarmogi_korhonalariga_tulangan_qqsning_bir_qismi_pq-207-son_qarorga_asosan_qanday_shartlarda_qaytariladi