1 июлдан киритиладиган ўзгартиришларга олдиндан тайёрланинг:
Меҳмонхона ва умумий овқатланиш учун спиртли ичимликлар: рақамли маркировка кодлари маҳсулотни қабул қилишда ёпилади
2026 йил 1 июндан Президентнинг 26.05.2026 йилдаги ПФ-100-сон Фармонида назарда тутилган янги норма кучга кирди. У HoReCa корхоналари учун алкоголли маҳсулотларни рақамли маркировкалаш билан ишлаш тартибини ўзгартиради.
Энди бундай хўжалик юритувчи субъектлар томонидан алкоголь сотиб олинганда рақамли маркировкалаш кодлари якуний истеъмол учун сотилган ҳисобланади. Муомаладан чиқариш товарни қабул қилиш босқичида содир бўлади.
Солиқ қўмитаси расмий тушунтириш бермагунча, ушбу янгилик бухгалтерлар учун айнан нимани англатишини ва қайси масалалар ҳали тўлиқ ойдинлашмаганини ўзимиз ўрганиб чиқамиз:
Керакли тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
1 июндан нималар ўзгарди
Илгари алкоголли маҳсулотларни қуйиб ёки ичимликлар тайёрлаб сотишни тўғри акс эттириш учун қуйидаги қўшимча амалларни бажаришга тўғри келарди:
- ҳар бир маҳсулот бирлигининг муомаладан чиқарилишини назорат қилиш;
- аввал маркировка кодлари билан бўнак чекларини, сўнгра порцияларга бўлиб сотиш чекларини расмийлаштириш;
- «Asl belgisi»да ёпилмаган кодларни кузатиш ва тафовутларни бартараф этиш.
Амалиётда бу сезиларли юкламани юзага келтирди ва кўпинча амалда сотилган алкоголь тизимда муомалада бўлган алкоголь сифатида ҳисобга олинишда давом этган ҳолатларга олиб келди.
2026 йил 1 июндан бошлаб кирувчи ЭҲФ имзолангандан сўнг алкоголли маҳсулотларни маркировкалаш кодлари якуний истеъмол учун сотилган сифатида автоматик равишда муомаладан чиқарилади (26.05.2026 й. ПФ-100-сон 3-б.). Алкоголли маҳсулотларни кассада сотишда иккита вариант бўлиши мумкин: 1) энди кодни сканерлаш талаб этилмайди ва чек рақамли маркировка кодларини кўрсатмасдан шакллантирилади; 2) сканерлаш ҳали ҳам зарур, аммо кодлар тасдиқланмайди. Солиқ қўмитасининг расмий тушунтиришларини кутмоқдамиз.
Янги норма илгари мажбурий бўлган бир қатор операциялардан воз кечиш имконини беради.
Жумладан:
- рақамли маркировкалаш тизимида ҳар бир шишанинг чиқишини назорат қилиш зарурати йўқ;
- «Asl belgisi»да алкоголли маҳсулотлар бўйича ёпилмаган кодларнинг қотиб қолиш хавфи ва у билан боғлиқ муаммолар йўқолади;
- товар қабул қилингандан сўнг корхона ичида алкоголнинг кейинги ҳаракати (шиша идишларни очиш, қуйиб сотиш, таомлар ва коктейллар таркибида фойдаланиш) «Asl belgisi»да қўшимча ҳаракатларни талаб қилмайди.
Товарни қабул қилишнинг аҳамияти нима учун ортиб бормоқда
Соддалаштириш билан бир вақтда алкоголли маҳсулотларни қабул қилиш босқичида назоратнинг аҳамияти ортади.
Илгари муҳим вазифа кодларни амалга оширилгандан сўнг ўз вақтида муомаладан чиқариш эди. Энди асосий масала кирувчи ЭҲФни имзолашдан олдин товарни текширишдан иборат бўлади.
ЭҲФ имзолангандан сўнг маркировкалаш кодлари автоматик равишда муомаладан чиқиш мақомини олади. Шу сабабли, ЭҲФни тасдиқлашдан олдин бухгалтер товарни сканерлаши ва қуйидагиларга ишонч ҳосил қилиши лозим:
- ЭҲФда кўрсатилган маркировка кодлари билан товар ҳақиқатда етказиб берилган бўлса;
- шикастланган ёки синган шишалар йўқ;
- бошқа тафовутлар йўқ.
Эътибор беринг
Номувофиқликлар, шикастланган ёрлиқлар ва шу кабилар аниқланганда – аввал етказиб берувчи билан масалаларни ҳал қилинг, сўнгра ЭҲФни имзоланг.
Янги тартиб кимларга татбиқ этилади
Янги тартиб фақат меҳмонхона хизматлари ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи кичик ва ўрта бизнес субъектларига тааллуқлидир.
Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилувчи ташкилотлар учун рақамли маркировкалаш билан ишлаш тартиби ўзгаришсиз қолади.
Маълумот учун
2026 йил 1 июндан бошлаб меҳмонхона хизматлари ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи кичик ва ўрта бизнес корхоналарига алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун тўловни нақд пулда қабул қилишга рухсат берилди (26.05.2026 й. ПФ-100-сон 3-б.).
Ҳозирча қайси масалалар ноаниқлигича қолмоқда
Биринчи навбатда, бу савол – энди спиртли ичимликларни қуйиб сотиш учун ариза бериш керакми?
Бу борада ҳозирча расмий тушунтиришлар берилмади, шунинг учун хавф-хатарлардан қочиш учун ариза топширишни тавсия этамиз.
Иккинчи савол биринчиси билан боғлиқ: алкоголсиз ичимликларни қуйиш масаласи нима бўлади? У ерда ҳам ўша муаммолар бор эди...
Янгилик фақат алкоголь маҳсулотларига тааллуқли бўлгани сабабли, шартли «кола-фанта»ни қуйиб сотишда ҳаракат қилиш тартиби аввалгидек ва мураккаблигича қолмоқда.
Buxgalter.uz Солиқ қўмитаси мутахассислари ва «Asl belgisi» мутахассисларидан изоҳ сўради. Янгиликларимизни кузатиб боринг.
Buxgalter.uz тавсия этади
![]()