Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Чарм-пойабзал саноати ПҚ-250-сонли қарорга мувофиқ қандай солиқ имтиёзларига эга бўлади
Чарм-пойабзал тармоғи корхоналари бирданига тўртта солиқдан, жумладан фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқдан озод этилади. Бу Президентнинг 01.07.2026 йилдаги ПҚ-250-сонли қарорида назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораларининг бир қисми холос.
Тўқимачилик корхоналари учун ҳам алоҳида қўллаб-қувватлаш чораси назарда тутилган. Тафсилотлар – buxgalter.uz сайтида.
Қонунчиликдаги ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Қандай солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда
2026 йил 1 июлдан 2029 йил 1 июлга қадар:
- Тери ва жун хомашёсини йиғиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мазкур фаолияти бўйича қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
– фойда солиғи;
– мол-мулк солиғи;
– ер солиғи;
– айланмадан олинадиган солиқ.
- Чарм-пойабзал саноат зоналарини бошқариш дирекцияси ҳамда Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги «Чарм-пойабзал кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» МЧЖ қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
– фойда солиғи;
– мол-мулк солиғи;
– ер солиғи;
– сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ.
Имтиёзлар Солиқ кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг амалга киритилади. Тери ва жун хомашёсини йиғиш билан шуғулланувчи корхоналар бухгалтерлари учун ҳозирданоқ келажакдаги имтиёзга тушадиган фаолият бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишни бошлаш мақсадга мувофиқдир.
Импорт қилишда ҚҚС бўйича нималар режалаштирилган
Солиқ қўмитасига Божхона қўмитаси ва Агентлик билан биргаликда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик корхоналар томонидан товарлар импортида тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиниши тартибини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилган.
Яна қандай қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилган
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 31 декабрга қадар Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва компенсациялар назарда тутилган:
- терини қайта ишлаб, тайёр чарм ишлаб чиқарувчи корхоналарга – реализация қилинган тайёр чармнинг (краст, финиш) ҳар бир дециметр квадрати учун 350 сўм миқдорида субсидия;
- пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга – ишлаб чиқаришга жорий қилинган ҳар бир янги модель учун 1 млн сўм, бироқ бир корхона учун йилига 50 млн сўмдан ошмаган миқдорда субсидия;
- пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналарга – ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинган пойабзал қолиплари (колодка, пресс-форма) қийматининг 50 фоизи миқдорида компенсация (ЕИ давлатларидан бўлса йилига 10 000 АҚШ долларидан, бошқа давлатлардан бўлса 5 000 АҚШ долларидан ошмаган ҳолда);
- енгил саноат корхоналарига – сув тозалаш иншоотларида сувни тозалаш учун харид қилинган кимёвий воситалар ва реагентлар қийматининг 50 фоизи миқдорида компенсация;
- пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ёки ўз бренди остида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят марказлари, Тошкент шаҳри ва аҳолиси 100 минг кишидан ортиқ йирик шаҳарларда савдо уйлари ва фирма дўконларини ташкил этган тадбиркорларга – бино ва майдонлар ижара харажатларининг 50 фоизи (биринчи йил учун), бироқ 100 млн сўмдан ошмаган миқдорда компенсация.
Давлат харидлари қисмида 2026 йил 1 сентябрдан:
- давлат харидларида иштирок этадиган корхоналар маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, иш ўринлари сони ва бренд мавжудлиги каби мезонлар бўйича устуворликка (қўшимча балл ва 15 фоизгача нарх преференцияси) эга бўлади;
- давлат буюртмачилари учун харид қилинадиган махсус пойабзаллар тавсифида мувофиқлик сертификати тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш талаби жорий этилади.
Тери ва жун хомашёсини йиғиш учун айланма маблағларни тўлдиришга олинган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг бир қисми «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан компенсация қилинади:
- миллий валютада – Марказий банк асосий ставкасидан юқори, бироқ 10 фоизлик пунктидан ошмаган қисми;
- хорижий валютада – фоиз ставкасининг 5 фоизи миқдорида.
Buxgalter.uz тавсия қилади
![]()