Солиқ органи ҚҚС-кешбэкнинг бир қисмини қайтаришни талаб қилмоқда: нима учун бу талаб низоли

preview

Умумий овқатланиш корхоналари, туроператорлар ва меҳмонхоналар солиқ органидан ҚҚС бўйича кешбэкнинг бир қисмини қайтариш талаби ҳамда инкассо қўлланиши таҳдиди ёзилган хатларни олди.

Нима учун бу талаб низоли ва бу ерда инкассони қўллаш мумкинми – buxgalter.uz илтимосига биноан «Аркад Аудит» аутсорсинг компанияси раҳбари, аудитор Наталья ТУРАЛИНОВА шарҳлаб беради:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола кўрсатилган ҳолда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

– 2026 йилнинг июль ойида умумий овқатланиш корхоналари, туроператорлар ва меҳмонхоналар ҚҚС бўйича кешбэкнинг бир қисмини қайтариш талаби билан оммавий равишда хабарномалар олдилар . Президентнинг 24.05.2024 йилдаги ПҚ-193-сон қарорининг 2-бандига асосан, қўллаб-қувватлаш чоралари барқарорлик рейтингига («ААА» тоифаси учун 100 фоиздан «В» тоифаси учун 50 фоизгача) боғланган. Тизим қоплаш суммасини рейтингни ҳисобга олмасдан тўлаган, энди эса инкассо қўллаш таҳдиди билан 3 кун ичида фарқни қайтаришни талаб қилмоқда.

Солиқ инспекцияси ходимининг оғзаки тушунтиришига кўра, пул маблағлари ҚҚС коди бўйича эмас, балки яқин вақт ичида очиладиган махсус ҳисобвараққа қайтарилиши керак.

 

Тизим хатоси

Қайтариш учун мурожаат ҚҚС ҳисоботи асосида автоматик тарзда шакллантирилади, бироқ унда рейтинг даражасини кўрсатиш учун майдон мавжуд эмас. Сумма автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилади ва ўтказилади. Солиқ тўловчи бу жараёндан бутунлай четлаштирилган ва ҳисоб-китобларда ҳеч қандай тарзда иштирок этмайди.

Демак, Солиқ қўмитаси тизимининг бир қисми рейтингни ҳисобга олмай кешбэк тўлаган, бошқаси эса уни қайтаришни талаб қиляпти.

 

Қайта алоқа мавжуд бўлмаган тоифа

Рейтинг динамик – у охирги 30 кун учун қайта ҳисобланади ва ҳар куни ўзгариб туради . Шахсий кабинетда фақат жорий тоифа кўрсатилади, аввалги маълумотлар сақланмайди. Солиқ тўловчи мурожаат шакллантирилган санада қайси тоифада бўлганини на тасдиқлай олади, на инкор эта олади. На ПҚ-193-сон қарорда, на 745-сон ВМҚда рейтинг қайси санага нисбатан қайд этилиши белгиланган эмас.

Шу тариқа, солиқ тўловчининг ўзи кешбэк олиш ҳуқуқини тасдиқлай олмайди.

 

Қоплаш суммаси – солиқ қарзи эмас. Инкассо қўллаш мумкинми?

Одатда, ҚҚС тўғри ва тўлиқ ҳажмда тўланган бўлади. Аммо кешбэк – бу солиқ эмас, балки бюджет преференциясидир ва маблағнинг бюджетнинг махсус кодига қайтарилиши ҳам шуни тасдиқлайди. Солиқ қарзи мавжуд эмас. Хабарномада СК 121-моддасига биноан инкассога ҳавола берилади, бироқ бу норма солиқ қарзини – солиқни тўлаш бўйича бажарилмаган мажбуриятни ундириш учун қўлланади. Преференцияни қайтариш – бюджет ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга СК 14 ва 15-бобларидаги нормалар қўлланилмайди. СК 13-моддаси солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпциясини мустаҳкамлайди.

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом нормалари (11.12.2025 й. 784-сон ВМҚга 1-илова, НҲҲ 2026 йил 13 мартдан кучга кирган) ҚҚС бўйича кешбэкни қайтаришга тааллуқли эмас.

Биринчидан, қайтариш учун белгиланган учта асоснинг (Низомнинг 33-банди) ҳеч бири кешбэкка нисбатан қўлланилмайди: шартнома бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланмаган (шартнома мавжуд эмас – мурожаат автоматик тарзда), мақсадсиз фойдаланиш ҳолати мавжуд эмас (кешбэк – преференция сифатида олинган пул маблағлари), сохта ҳужжатлар тақдим этилмаган.

Иккинчидан, ихтиёрий қайтариш учун энг кам муддат – хатда кўрсатилганидек 3 календарь кун эмас, балки 10 иш кунидир.

Учинчидан, ихтиёрий қайтаришдан воз кечилган тақдирда – инкассо эмас, судга мурожаат қилиш лозим. Низомда инкассо тартибида ундириш назарда тутилмаган.

Тўртинчидан, Низомнинг 37-бандида тўғридан-тўғри белгиланган: субсидия асоссиз берилиши юзасидан уни тақдим этадиган ташкилотнинг мансабдор шахслари жавобгар бўлади. Агар кешбэк рейтингни ҳисобга олмасдан тўланган бўлса – бу солиқ тўловчининг эмас, балки солиқ органининг жавобгарлигидир.

 

Тизимдаги хатоликлар рейтингни бузиб кўрсатмоқда

Кешбэк фоизи аниқланадиган рейтинг тоифасининг ўзи автокамерал назоратдаги нуқсонлар туфайли хатоликларни ўз ичига олади.

Фойда бўйича даромаддаги кешбэк. СК 304-моддаси 8-бандида Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида текинга олинган мол-мулк ва хизматлар солиқ солишда ҳисобга олинмаслиги назарда тутилган. Бироқ, солиқ тўловчилар ушбу имтиёзни виждонан қўлламайди, чунки кешбэк бу бандга тўғри келмайди деб ҳисоблайди. Лекин кешбэкни фойда солиғи бўйича даромадларга киритиш орқали улар ҚҚС бўйича айланмалар билан тафовутни юзага келтирадилар: кешбэк реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди.

Автокамерал назорат формуласи бу тафовутни қайд этиб, хабарнома шакллантиради. Солиқ тўловчи тушунтириш хати тақдим этади, лекин хабарнома бекор қилинмайди. Рейтинг баллари эса йўқотилади.

Реактив электр энергияси учун устама ҳақ. Истеъмолчи электр энергияси, шу жумладан реактив энергия учун устама ҳақни тўлайди ва фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда умумий тўлов суммаси бўйича чегирмани қўллайди. Бироқ энергия таъминоти корхоналари реактив энергияни қоплашга ЭҲФ тақдим этмайди.

Автокамерал назорат харажатни кирувчи ЭҲФсиз қайд этади – ҳисоб тўлиқ тўғри юритилган тақдирда ҳам рейтинг пасаяди.

 

Парадоксал вазият

Корхона даромадни қайтарилган кешбэк суммасига камайтирган ҳолда фойда солиғи бўйича ҳисоботни қайта топширишга ҳақли. Бироқ ҳисоботга аниқлик киритиш ҳам рейтингдан балл олиб ташланишига сабаб бўлади. Тўланган солиқ суммаси камаяди ва ўртача тармоқ кўрсаткичи билан солиштириш ёмонлашади. Рейтинг тушади, навбатдаги кешбэк фоизи камаяди. Тизим ўз талабини бажарганлик учун жазоламоқда.

 

Нималарни ўзгартириш керак

Вазиятни тузатиш учун:

  • рейтинг постфактум эмас, балки тўлов пайтида ҳисобга олиниши керак;
  • кешбэк ўтказилганлиги тўғрисидаги хабарномада қўлланилган тоифа кўрсатилиши лозим;
  • инкассо преференцияларни қайтаришга нисбатан қўлланилмаслиги керак – бу солиқ қарзи эмас;
  • кешбэкни қайтариш сабабли ҳисоботга киритилган тузатишлар рейтингни пасайтирмаслиги керак;
  • автокамерал назорат формулаларига ҚҚС бўйича айланма ҳисобланмайдиган даромадларни ва ЭҲФ тақдим этилиши назарда тутилмаган харажатларни ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритиш керак.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text216208_soliq_organi_qqs-keshbekning_bir_qismini_qaytarishni_talab_qilmoqda_nima_uchun_bu_talab_nizoli