Ўзбекистонда юклатилган суғурта: кимларни ва қачон суғурта қилишга мажбур қилишлари мумкин

preview

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент Фармони лойиҳаси Ўзбекистон суғурта бозорини 2030 йилгача ислоҳ қилишнинг кенг кўламли дастури ҳисобланади.

Лойиҳада юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни суғурта қилишнинг янги мажбурий турлари, суғурта агентларининг воситачилик ҳақини чеклаш, суғурта мукофотларининг солиқ кешбеки назарда тутилган бўлиб, соҳа назорати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Солиқ қўмитаси тизимлари орқали автоматик режимга ўтказилмоқда.

Муҳокамада 2026 йил 6 августгача ҳавола орқали иштирок этиш мумкин.

Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

«Юклатилган суғурта»ни жорий этиш

«Юклатилган суғурта» тушунчаси айрим тоифадаги субъектларнинг жисмоний ёки юридик шахсларнинг, шунингдек, учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказиш хавфи юқори бўлган муайян фаолият турларини ёки ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбуриятини назарда тутади.

Бу Ўзбекистон учун янги суғурта шакли, мажбурий ва ихтиёрий суғуртанинг гибриди бўлиб, бунда давлат бизнесни ўз жавобгарлигини суғурталашга мажбур қилади, аммо томонлар ўртасидаги суғурта шартномасининг ўзи ихтиёрий шартлар асосида тузилади.

Суғурта қилиш тартиби, қоидалари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз ичига олган юклатилган суғурта турлари реестрини юритиш Вазирлар Маҳкамасига юкланади.

Фаолиятнинг турли соҳалари учун белгиланган суғурта тартибини белгиловчи ВМҚ лойиҳаларини ишлаб чиқиш

Т/р

Субъектлар (фаолият йўналиши)

Лойиҳани ишлаб чиқиш муддати

1

Оммавий одамлар тўпланадиган объектлар (шу жумладан бозорлар, савдо ҳамда савдо-кўнгилочар мажмуалари)

2027 йил август

2

Спорт мусобақаларида иштирок этувчи спортчилар

2027 йил сентябрь

3

Автотранспорт воситаларига газ жиҳозларини ўрнатиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар

2027 йил октябрь

4

Турагентлар ва туроператорлар

2027 йил ноябрь

5

Меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи объектлар

2027 йил декабрь

6

Курьерлик (етказиб бериш) хизматлари операторлари

2028 йил январь

7

Электрон савдо майдончалари операторлари

2028 йил февраль

8

Тижорат банклари ва тўлов тизимлари

2028 йил март

9

Дори воситаларини чакана сотишни амалга оширувчи хусусий ташкилотлар

2029 йил июль

10

Хусусий тиббиёт ҳамда санаторий-курорт муассасалари

2030 йил январь

 

Текширувчиларсиз «Автоматик жарималар»

2027 йил 1 январдан бошлаб, агар ЯММТ тизими ИЛМА ахборот тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда иш берувчида мажбурий суғурта мавжуд эмаслигини аниқласа, огоҳлантириш беради. Агар суғурта полиси 3 кун ичида сотиб олинмаса, иш берувчи автоматик тарзда – баённома тузмасдан ва қоидабузарнинг шахсий иштирокисиз маъмурий жавобгарликка тортилади. Бунда иш берувчининг шахсий кабинетига кириш чекланган бўлади.

My.soliq.uz электрон тизимида солиқ ҳисоботини топширган, бироқ амалдаги мажбурий суғурта полисига эга бўлмаган иш берувчилар ва транспорт ташувчиларни автоматик аниқлаш механизмини ишга тушириш таклиф этилмоқда.

Лойиҳага кўра, солиқ органлари ҳам «my.soliq.uz» тизимидаги маълумотлар асосида мажбурий суғурта соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима солиш ҳуқуқига эга бўлади.

Эътибор беринг

Ушбу тартиб-таомиллар тадбиркор фаолиятини текширишга тенглаштирилмайди.

 

Шунингдек, лойиҳада 2027 йил 1 январдан бошлаб мажбурий суғурталашни амалга оширмаган иш берувчилар/ташувчилар тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингига киритилмаслиги тўғрисидаги қоидани жорий этиш назарда тутилган.

 

Кўчмас мулкни фавқулодда вазиятлардан суғурталаш

Давлат уй-жой ва тижорат кўчмас мулкини табиий офатлардан мажбурий суғурталашни жорий этишни режалаштирмоқда. Махсус жамғарма (юридик шахс ташкил этмаган ҳолда туркча DASKнинг аналоги) ташкил этилади. Суғурта полисисиз нотариуслар олди-сотди ёки ижара битимларини расмийлаштирмайдилар.

Суғурта суммаси максимал лимитлар ва намунавий нормаларни ҳисобга олган ҳолда объектнинг майдони ва тиклаш қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Истеъмолчиларнинг кафолатларини таъминлаш ва суғурталовчиларнинг тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларни белгилаш таклиф этилмоқда:

  • тадбиркорлик хавфларини суғурталаш фақат кредитнинг гаров билан таъминланмаган қисмига (кредит умумий суммасининг 50%идан кўп бўлмаган қисмига) амалга оширилади;
  • жисмоний шахсларга микроқарзлар беришда мажбуриятларни таъминлаш учун V синф суғуртаси – ҳаёт суғуртаси бўйича лицензияга эга бўлган суғурталовчилар томонидан бериладиган суғурта полиси таъминот сифатида қабул қилинади.

 

Суғурта компаниялари учун янги талаблар

Лойиҳада суғурта мукофотларининг мақсадли ишлатилишини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун махсус эскроу-ҳисобварақ жорий этиш назарда тутилган.

2027 йил 1 январдан бошлаб:

  • барча мажбурий суғурта турлари бўйича агентларнинг воситачилик ҳақи 5% лимит билан чекланади (илгари бу фоиз анча юқори бўлиши мумкин эди);
  • ҳар бир қайта суғурта қилиш шартномасининг камида 10 фоизи ваколатли давлат органи томонидан таъсис этилган қайта суғурта ташкилотларига берилиши шарт;
  • барча қайта суғурта қилиш шартномалари ИЛМА тизимида расмийлаштирилиши шарт (акс ҳолда улар ҳақиқий эмас деб топилади).

 

Солиқ кешбеки

Узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси шартномаларини тузган фуқароларга тўланган суғурта мукофотлари суммаларини бадал тўланган пайтдан бошлаб 13 ой ўтгач, тўланган ЖШДС суммалари ҳисобидан кешбек шаклида қайтариш режалаштирилмоқда.

 

ИЛМАнинг мисли кўрилмаган ваколатлари

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (тартибга солувчи) қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

  • Агентлик ва Марказий банк тизимларини интеграция қилиш орқали суғурта бозори иштирокчиларининг банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш;
  • суғурталовчилар ва брокерларни давлат органлари билан келишмасдан ва уларни хабардор қилмасдан – хавфларни баҳолаш ва мурожаатлар асосида текшириш;
  • суғурта захираларини ноқонуний камайтириш, активлардан мақсадсиз фойдаланиш, сохта ҳолатлар бўйича тўловлар ва активларни олиб ташлаш ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига аризалар киритиш.

 

Рақамлаштириш ва СИ

Лойиҳа қуйидагиларни назарда тутади:

  • сунъий интеллектга эга чат-ботларни ишга тушириш;
  • шартномаларни текшириш учун сунъий интеллект модулларини жорий этиш;
  • шартномаларни онлайн тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш учун ЭҲА модулини ишлаб чиқиш (электрон ҳужжатлар қоғоз ҳужжатларга тенглаштирилади).

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text216395_uzbekistonda_yuklatilgan_sugurta_kimlarni_va_qachon_sugurta_qilishga_majbur_qilishlari_mumkin