Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Вазирлар Маҳкамасининг 29.07.2026 йилдаги 416-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган маҳсулотларга нисбатан тариф квоталари тизимини Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) стандартларига мослаштирган ҳолда ислоҳ қилинади. Ҳужжат ушбу квоталарни тақсимлашнинг аниқ, шаффоф ва тўлиқ рақамлаштирилган механизмини жорий этади.
Тафсилотлар – buxgalter.uz сайтидаги шарҳда:
Янги НҲҲ шарҳлари билан Телеграм-каналимизда танишиш қулай.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
Тариф квоталари маҳаллий бизнесни ҳимоя қилиш учун қўлланилади, шу билан бирга бозорга баъзи импорт товарларни олиб киришга рухсат берилади.
Янги 416-сон ВМҚ билан Тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурчилик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом ҳимоя чоралари ва импорт учун миқдорий квоталарга таъсир кўрсатмайди – улар учун алоҳида қоидалар мавжуд. Тариф квоталарининг пайдо бўлиши антидемпинг ва компенсация божларини бекор қилмайди: барча амалдаги йиғимлар аввалгидек қонун бўйича тариф квоталари билан бирга ундирилади.
Асосий янгиликлар
Низомда квоталарни тақсимлашнинг икки усули белгиланган:
- «аралаш тақсимлаш» усули – тарихий маълумотлар репрезентатив бўлса қўлланилади. Бунда квотанинг 50 фоизи «биринчи келган – биринчи олган» тамойили бўйича автоматик тарзда тақсимланади, қолган 50 фоизи эса анъанавий импорт қилувчиларга (тариф квотаси жорий этилаётган маҳсулот импорти умумий ҳажмининг камида 5 фоизини илгари эгаллаганларга) ўтган даврдаги импорт улушларига мутаносиб равишда бириктирилади. Бу одатда охирги 3 йиллик давр бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулот ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва импорт қилиш ҳажмларини таҳлил қилиш ҳамда тариф квоталари ҳажмларини тақсимлаш учун асос сифатида қабул қилинади;
- «биринчи келган – биринчи олган» усули – агар ўтган даврлардаги бозор маълумотлари бозорнинг одатий ҳолатини, тегишли маҳсулот импорти таркибини ёки талаб ва таклиф динамикасини етарли даражада акс эттирмаса, тариф квотаси ҳажмини тақсимлаш учун қўлланилади. Квоталар Божхона қўмитасининг ЯААТда божхона декларацияларини қабул қилишнинг календарь кунлари хронологияси бўйича қатъий тақсимланади.
Тариф квотасининг «биринчи келган – биринчи олган» усули асосида тақсимланадиган қисми унинг бутун амал қилиш даврида ягона ҳажм сифатида юритилади.
Агар тариф квотасининг амал қилиш муддати 1 ойдан ортиқ бўлса, унинг анъанавий импортчига ажратилган ҳажми тариф квотасининг амал қилиш ойлари ўртасида тенг улушларда тақсимланади.
Анъанавий импорт қилувчи маҳсулотни тегишли ой учун белгиланган ҳажмдан ортиқ, бироқ тариф квотаси амал қиладиган даврда унга ажратилган умумий ҳажм доирасида олиб киришга ҳақли.
Бу қандай ишлайди
Барча жараёнлар Божхона қўмитасининг ахборот тизими асосида қурилган ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.
Тариф квоталарини ишга тушириш тартиби ҳар бир идора учун аниқ муддатларга эга бўлган бир нечта кетма-кет босқичлардан иборат.
Тариф квотасини жорий этиш тўғрисидаги қарор тариф квотаси кучга киришидан камида 30 календарь кун олдин қабул қилиниши керак.
Тариф квотасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида ушбу қарор тўғрисидаги маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали эълон қилинади.
Тизимда реал вақт режимида квоталарнинг умумий ҳажми, фойдаланилган қисми, жорий захиралар ва эркин қолдиқ акс эттирилади.
Божхона қўмитаси келгусидаги ҳисоб-китоблар учун декларациялар бўйича ҳисоботларни мунтазам равишда бериб боради. Жараённинг барча иштирокчилари тижорат ва солиқ сирини қатъий ҳимоя қилишлари шарт.
Анъанавий импорт қилувчилар учун ойлар кесимида ажратилган ҳажмлар тариф квотасини жорий этиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилади.
Тариф квоталари, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маҳсулот ишлаб чиқарилган мамлакатдан қатъи назар, ариза берувчилар ўртасида тақсимланади.
Тугатиш ёки банкротлик таомили бошланган ариза берувчиларга квоталар ажратилмайди.
Чайқовчилик ва санкциялардан ҳимоя
Ариза берувчи божхона декларациясида тариф квотасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун тўғридан-тўғри декларант сифатида ёки божхона брокери орқали Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали сўров юборади.
Божхона декларацияси ва унга илова қилинган, ЯААТ томонидан қабул қилинган ҳужжатлар Божхона қўмитаси томонидан текширилади.
Қўмита, шунингдек, квота сўровлари бўйича хавфларни таҳлил қилади. Квота ҳажмидан фойдаланиш жараёнида асоссиз захиралаш, такроран бажарилмаган ёки рад этилган сўровлар юбориш, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзаро боғлиқ шахслар томонидан квотани эгаллашга уринишлар, шунингдек, ТИФ ТНнинг алоҳида кодлари бўйича қисқа муддатларда ғайриоддий талаб пайдо бўлиши аломатларини аниқлайди.
Агар ушбу текширув натижасида камчиликлар аниқланса, ариза берувчига уларни бартараф этиш имконияти берилади ҳамда камчиликлар ва уларнинг мазмуни тўғрисида батафсил маълумот берилади.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддатини Божхона қўмитаси камчиликларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгилайди, бироқ бу муддат хабарнома юборилган кундан бошлаб 1 иш кунидан ошмаслиги керак.
Ҳужжат билан аҳамиятсиз (техник хатолар) ва қўпол (ҳужжатларни қалбакилаштириш, товарни олиб кириш ниятисиз квоталарни асоссиз блокировка қилиш, мунтазам равишда нотўғри маълумотларни тақдим этиш) қоидабузарликлар тушунчалари ва рўйхати киритилди.
Қўпол қоидабузарликлар учун Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия бундай ариза берувчини келгусида квоталарни тақсимлашда иштирок этишни 12 ойгача бўлган муддатга чеклаши мумкин.
Янги Низомнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилинади.
Қарор Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига расман аъзо бўлиши билан бир вақтда кучга киради.
![]()