Марказий банк банкларнинг мижозлар мурожаатлари билан ишлаш қоидаларини қандай ўзгартирди

preview

«Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низом»га киритилган навбатдаги тузатишлар пакети (01.08.2026 й. АВ рўйхат рақами 3030-12-сон) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тизимли ёндашувни мустаҳкамлайди, мижозларга йўналтирилганликни ва банк раҳбариятининг шахсий масъулиятини оширади.

Ҳужжат Марказий банк бошқарувининг қарори билан қабул қилинган бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач 2026 йил 4 сентябрдан кучга киради.

Тафсилотлар buxgalter.uz шарҳида.

Янги НҲҲлар шарҳини бизнинг Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

Тизимли камчилик

Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар рўйхати янги атама – тизимли камчилик билан тўлдирилди. Ҳужжатда ушбу тушунчага аниқ таъриф берилган: бу муайян молиявий маҳсулот, бизнес жараён, банк хизмат кўрсатиш бўлинмалари тармоғи, ахборот тизими ёки ички назорат тизимидаги, якка ҳолат билан чекланмайдиган ва ўз мазмунига кўра бошқа ўхшаш шартномалар, операциялар, хизмат кўрсатиш жараёнлари ёки таркибий бўлинмалар фаолиятидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи камчиликдир.

Илгари Низомда ушбу тушунча мавжуд эмас эди ва расмий ҳужжатларда мазкур атама нимани англатишини тушунтирувчи аниқ таъриф, шарҳ ёки мезонлар келтирилмаган эди.

 

Қонунбузарликлар сабабларини бартараф этиш мажбурияти

Илгари мурожаатлар билан ишлашга доир умумий талаблар банклар зиммасига фақат шикоятларни кўриб чиқиш мажбуриятини юклар эди, бироқ тизимли носозликларнинг туб сабабларини тугатишга алоҳида урғу берилмаган эди.

Эндиликда Низомга мурожаатлар билан ишлашда банк қонунбузарликларни, салбий ҳолатларни, тизимли камчиликни ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиши шартлиги тўғрисидаги талаб киритилди.

 

Мурожаатларни таҳлил қилиш тартиби

Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, маълумотномалар (шарҳлар) тузиш ҳамда уларни банк бошқаруви томонидан муҳокама қилишга доир талаблар илгари батафсил белгиланмаган эди.

Янги қоидаларга кўра, банк бошқаруви ўз якуний йиғилишларида нафақат мурожаатларни таҳлил қилиш натижалари бўйича маълумотномаларни, мурожаатларда кўтарилган салбий ҳолатларни, тизимли камчиликлар ва ўзига хос таваккалчиликларни муҳокама қилиши, балки тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларини (5-илова билан белгиланган стандарт шаклда) тасдиқлаши лозим.

Бошқарув қарорларининг нусхалари ва шарҳлар текширувлар ҳамда мониторинг ўтказиш учун ички аудит хизматига топширилади.

Бундан ташқари, тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар кўрилмаган деб ҳисобланишига асос бўладиган ҳолатларнинг тўлиқ рўйхати белгиланди (масалан: ҳаракатлар режаларининг тасдиқланмаслиги, ижро муддатларининг бузилиши, муаммоларнинг сақланиб қолиши, ички аудит хизмати хулосаларининг йўқлиги ёки банк бошқаруви томонидан ушбу хулосаларнинг бир ой давомида кўриб чиқилмаслиги). Илгари чора-тадбирларни «кўрилмаган» деб топиш мезонлари тартибга солинмаган эди.

Мурожаатлар масаласи бўйича банк бошқаруви қарорларининг нусхалари тасдиқланган кундан бошлаб 3 иш куни ичида Марказий банкка юборилади, аниқ бир тизимли камчиликнинг бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар эса у бартараф этилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида тақдим этилади.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text216586_markaziy_bank_banklarning_mijozlar_murojaatlari_bilan_ishlash_qoidalarini_qanday_uzgartirdi