Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
ҚҚС бўйича кэшбек: Самарқандда оммавий равишда корхоналардан пул маблағлари ундирилмоқда. Бу қанчалик қонуний?
Самарқанд вилоятидаги умумий овқатланиш корхоналари, туроператорлар ва меҳмонхоналар Самарқанд вилояти солиқ бошқармасининг илгари тўланган ҚҚС бўйича кэшбекнинг бир қисмини ундириш тўғрисидаги қарорларини олишни бошладилар.
Солиқ органи Президентнинг 23.01.2024 йилдаги ПҚ–39-сон ва 24.05.2024 йилдаги ПҚ–193-сон қарорларига ҳавола қилмоқда, уларга кўра субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар миқдори тадбиркорлик субъектининг барқарорлик рейтингига боғлиқ қилиб қўйилган.
Солиқ органининг фикрича, 07.11.2024 йилдаги 745-сон ВМҚда назарда тутилган кэшбек солиқ тўловчининг рейтинг тоифасини ҳисобга олмасдан автоматик равишда ўтказилган. Шу сабабли, солиқ органи «ортиқча олинган» кэшбек суммасини мустақил равишда ҳисоблаб чиқаради ва уни 173-код — «QQS (Moliya vazirligiga qaytarish)» бўйича бюджетга ундириш тўғрисида қарор чиқаради.
Ушбу қарор асосида туман (шаҳар) солиқ инспекциялари корхоналарга солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома тақдим этмоқда, пеня ҳисобламоқда ва пул маблағларини инкассо топшириқномалари орқали ҳисоб-китоб ҳисобварақларидан сўзсиз тартибда ундириб олмоқда. Бир қатор корхоналарнинг пул маблағлари аллақачон ҳисобдан чиқарилган.
Бундай ундириш тартиби қонунчилик нуқтаи назаридан жиддий саволларни туғдирмоқда. Buxgalter.uz илтимосига биноан Наталья ТУРАЛИНОВА, аудитор, «Аркад Аудит» аутсорсинг компанияси раҳбари ушбу масала бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
Янги материалларни Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
Қарор солиқ назоратини ўтказмасдан қабул қилинган
Солиқ кодексида қарорлар сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилиниши назарда тутилган
.
Кўриб чиқилаётган ҳолатларда текширув ўтказилмаган, уни тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарилмаган, текширув далолатномаси тузилмаган ва солиқ тўловчиларга эътироз билдириш имконияти берилмаган, бу эса СК 21-моддасида назарда тутилган кафолатларни бузади.
Бунда, қарор чиқариш учун асос сифатида автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланиш кўрсатилган.
Солиқ кодексида бундай асос назарда тутилмаган.
ҚҚС бўйича кэшбек –солиқ эмас
СК 17-моддасида солиқларнинг тўлиқ рўйхати мавжуд. 745-сон ВМҚга мувофиқ тўланадиган кэшбек солиқ ҳисобланмайди, балки давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чорасидир.
Бинобарин, у СК 55-моддаси маъносидаги солиқ қарзини юзага келтириши мумкин эмас.
Инкассо ва пеня қонуний асосларсиз қўлланилган
СК 120–121-моддаларига асосан, сўзсиз ундириш фақат солиқ қарзига нисбатан йўл қўйилади.
СК 110-моддасида пеня фақат солиқнинг ўз вақтида тўланмаганлиги учун ҳисобланиши назарда тутилган.
Кэшбек солиқлар сирасига кирмагани сабабли, инкассо орқали ундириш ва пеня ҳисоблаш асоссиз деб ҳисобланади.
Бюджет преференцияларини қайтариш тартиби бузилган
Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомнинг
34-бандида асоссиз тақдим этилган субсидияларни қайтаришнинг бошқача тартиби белгиланган.
Маблағларни ихтиёрий равишда қайтариш учун олувчига камида 10 иш куни берилиши лозим. Рад этилган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилиниши керак.
Мазкур Низомда пул маблағларини сўзсиз ундириш ва пеня ҳисоблаш назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, мазкур Низомнинг 37-бандида субсидия асоссиз берилиши юзасидан қўллаб-қувватлаш чорасини тақдим этган органнинг мансабдор шахслари жавобгар бўлиши белгиланган.
Ортиқча тўлов солиқ тўловчиларнинг айби билан юзага келмаган
Кэшбек олиш бўйича мурожаатлар ахборот тизими орқали автоматик равишда шакллантирилган.
Мурожаат шаклида рейтинг тоифасини кўрсатиш назарда тутилмаган, кэшбек суммаси эса тизим томонидан автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилган ва ўтказиб берилган.
Шу тариқа, солиқ тўловчилар тўлов миқдорини белгилашда ҳам, унинг ҳисоб-китобида ҳам иштирок этмаганлар.
Нима қилиш керак
Солиқ органининг қарори норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжат ҳисобланади. Инкассо орқали маблағларни ҳисобдан чиқариш, солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома ва пеня ҳисоблаш эса мансабдор шахсларнинг ҳаракатларидир. Ҳужжатлар ҳамда ҳаракатлар устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга СК 230–231-моддаларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
СК 163-моддасида шикоят берилганда солиқ органлари қарорларини ижро этиш қоидалари назарда тутилган, бироқ у солиқ текширувлари натижалари бўйича қабул қилинган қарорларга нисбатан татбиқ этилади. Кўриб чиқилаётган қарор текширув ўтказилмасдан қабул қилинган бўлиб, бунинг ўзи ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Шу сабабли, юқори органга шикоят қилишда қарор ижросини тўхтатиб туриш тўғрисидаги талабни алоҳида баён этиш лозим.
Маъмурий судга мурожаат қилганда солиқ тўловчи низолашилаётган ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тарзидаги дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш ҳақида илтимоснома беришга ҳақли 
СК 21-моддаси солиқ тўловчига солиқ органлари мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган талабларини бажармаслик ҳуқуқини беради.
![]()