Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
6 фоизлик соддалаштирилган режимга ўтишда ҚҚС бўйича салбий фарқни ҳисобдан чиқариш: нима тушунарли ва қайси саволлар очиқ қолмоқда
2026 йил 6 август ҳолатига кўра.
2026 йил 1 июлдан бошлаб ҚҚСни 6 фоизлик ставка бўйича ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш бухгалтерлар олдига бир саволни қўйди: жамғарилган ҚҚС бўйича салбий фарқни қандай қилиб ҳисобдан чиқариш керак. Бугунги кунда нималар аниқ бўлганини ва нималар саволлар туғдираётганини кўриб чиқамиз. Бундан ташқари, бухгалтер ҳозирнинг ўзида нима қилиши кераклиги бўйича тавсиялар берамиз:
Янги материалларни Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
Кимларга тааллуқли
ҚҚС бўйича салбий фарқни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги норма ҚҚС тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтган ва 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра шахсий ҳисобварақ варақасида айнан шу фарқ ҳисобига ортиқча тўлови мавжуд бўлган солиқ тўловчиларга дахлдор.
Режимнинг ўзи 2030 йил 1 январга қадар амал қилади ва асосий фаолият тури савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш бўлган тадбиркорлик субъектлари учун мавжуд. Йирик солиқ тўловчилар ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган компаниялар ушбу режимга ўта олмайдилар.
Нима учун фарқ ҳисобдан чиқарилиши керак
ҚҚС бўйича салбий фарқ – бу ҳисобга олинган солиқ суммасининг ҳисобланган солиқ суммасидан ошиб кетишидир, яъни шахсий ҳисобварақдаги дебет сальдоси бўлиб, у умумбелгиланган ҚҚС режимида кейинги даврга ўтказилади ёки бюджетдан қопланади.
ҚҚС тўлашнинг соддалаштирилган тартиби шундай тузилганки, унда «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи умуман мавжуд эмас: 6 фоиз ставка реализация қилиш бўйича барча айланмадан (экспорт орқали реализация қилишдан ташқари) ҳисобланади, фойда солиғи – 0 фоиз, имтиёзлар, преференциялар ва тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартиби қўлланилмайди. Шу билан бирга, харидор-контрагентлар ўзларига тақдим этилган 6 фоизни (унинг шартларига риоя қилинган тақдирда) ҳисобга олиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.
Режимда ҳисобга олиш мавжуд бўлмагани сабабли, жамғарилган ҳисобга олиш қолдиғидан фойдаланиш имкони йўқ – у ноллаштирилиши шарт.
Ҳисобдан чиқариш июль ойида эмас, июнь ойида акс эттирилади
2026 йил 1 июлдан бошлаб солиқ тўловчи аллақачон 6 фоизлик режимда ишламоқда ва яқинда очилган, алоҳида 10005_11 кодига эга бўлган ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шаклини топширади. У ерда ҳисобга олиш мавжуд эмас – бинобарин, тузатиш киритиш учун асос ҳам мавжуд эмас.
Техник жиҳатдан ҳисобга олишга тузатиш киритиш мумкин бўлган охирги солиқ даври – июнь ойидир. Бундан амалий хулоса келиб чиқади: ҳисобдан чиқариш июль ойи учун эмас, балки июнь ойи учун ҳисобот орқали амалга оширилади.
Соддалаштирилган режим учун ҚҚС ҳисоб-китоби шаклида салбий фарқни ҳисобдан чиқариш операциясини акс эттириш учун мўлжалланган сатр мавжуд эмас. Бизнинг фикримизча, бундай сатрнинг мавжудлиги – ҳисоботларни қайта топширмасдан вазиятдан чиқишнинг оддий йўли бўлар эди.
Амалга ошириш механизми расман тушунтирилмаган
Солиқ қўмитасига аниқлик киритиш учун мурожаат қилган солиқ маслаҳатчиларининг маълумотларига кўра, қуйидаги тартиб назарда тутилмоқда.
Солиқ тўловчи my.soliq.uz орқали «Электрон ҳужжат айланиши» бўлимидаги «ЮШ учун ҚҚС суммасига тузатишлар киритиш» хизматидан фойдаланган ҳолда солиқ органига ҚҚС бўйича салбий фарқни ҳисобдан чиқариш тўғрисида мурожаат юборади. Мурожаат шакли «Илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритиш» қўшимча саҳифасида жойлашган. Ушбу мурожаат асосида ҳисобдан чиқариш суммаси июнь ойи учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида акс этади.
Умумий режимга қайта ўтиш: фарқ тикланмайди
Ҳисобдан чиқарилган салбий фарқ ҚҚС тўлашнинг умумбелгиланган тартибига қайтилганда қайта пайдо бўлмайди. Бироқ солиқ тўловчи бошқа ҳуқуққа эга: умумбелгиланган режимга ўтишда у ўтиш (қайтиш) кунида балансида мавжуд бўлган ТМЗ қолдиқлари ва узоқ муддатли активларнинг баланс қийматидан келиб чиқиб, ҚҚСни белгиланган тартибда ҳисобга олишга ҳақли.
ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобнинг қўшимча оқибатлари
Июнь ойи учун ҳисобга олиш суммасини камайтирган ҳолда аниқлаштирилган ҳисоб-китоб ҚҚСни ўтган сана билан қўшимча ҳисоблашни англатади. Июнь ойи учун тўлов муддати ўтганлиги сабабли, пеня автоматик равишда ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳисоботни қайта топшириш солиқ тўловчининг солиқ хавфини баҳолаш тизимидаги кўрсаткичларида акс этади ва унинг барқарорлик рейтингини пасайтиради.
Ушбу оқибатлар солиқ тўловчининг ҳаракатлари туфайли эмас, балки техник ечим мавжуд эмаслиги сабабли юзага келади – бироқ улар барибир солиқ тўловчида юзага келади.
Агар ҚҚС бўйича салбий фарқни ҳисобдан чиқариш июнь ойида акс эттирилса ва харажатларга олиб борилса, бу II чорак базасини ўзгартиради – демак, ярим йиллик учун фойда солиғи ҳисоб-китоби камайтириш томонга қайта топширилиши лозим.
Регуляторга бухгалтерлар жавоб олиши зарур бўлган саволлар
Қуйида келтирилган саволлар бўйича ҳозирги вақтда на Солиқ кодексида норма, на расмий тушунтириш мавжуд. Уларнинг айримлари бўйича профессионал ҳамжамиятда қарама-қарши фикрлар билдирилмоқда.
1. Айнан нима ҳисобдан чиқарилиши лозим – фақат шахсий ҳисобварақ сальдосими ёки қолдиқлар бўйича ҳисобга олиш ҳамми?
ПФ-100-сон Фармон нормасини сўзма-сўз ўқиш: 2026 йил 1 июль ҳолатига шахсий ҳисобварақ варақасида мавжуд бўлган салбий фарқ ҳисобдан чиқарилади. Фарқ бўлмаса – ҳисобдан чиқариш учун асос ҳам йўқ.
Кенгайтирилган талқин (бухгалтерлар гуруҳидаги хабарга кўра, солиқ органи шундай талқин қилмоқда): қўшимча равишда ўтиш санасидаги ТМЗ қолдиқлари ва узоқ муддатли активлар бўйича илгари ҳисобга олинган ҚҚСни тиклаш талаб этилади – худди ҚҚСдан айланмадан олинадиган солиққа ўтиш қоидалари каби. Фармоннинг ўзида ўтиш пайтида ҳисобга олишга тузатиш киритиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган, фақат соддалаштирилган тартибдан умумбелгиланган тартибга қайтишдаги ҳисобга олиш ҳақида кўрсатма мавжуд.
Айнан қайси ТМЗ қолдиқлари бўйича ҳисобга олишга тузатиш киритилади – барчаси бўйичами ёки фақат охирги 12 ой ичида ҚҚС билан сотиб олинганлари бўйичами (айланмадан олинадиган солиққа ўтишдаги каби)?
2. Ҳисобдан чиқариш – бу харажатми ёки таннархга киритишми?
«Ҳисобдан чиқариш» атамаси ўзининг одатий маъносида харажатларга олиб боришни назарда тутади. Суммани ТМЗ қолдиқлари қийматига киритиш позицияси – принципиал жиҳатдан бошқа операциядир.
Масала терминологияда эмас, балки пулда: қолдиқлар қийматига киритилган суммалар фақат ушбу ТМЗлар реализация қилинганда (ҳисобдан чиқарилганда) харажатга тушади – яъни фойда солиғи ставкаси 0 фоиз бўлган режимда ва бунда чегирма йўқотилади. Июнь ойи харажатларига олиб борилган суммалар эса амалдаги ставка бўйича ярим йиллик учун фойда солиғи бўйича базани камайтиради.
Бундан ташқари, «кирувчи» солиқ ҳисобига харид қилиш чоғида салбий фарқ ҳосил бўлган ТМЗлар ўтиш санасида балансда мавжуд бўлмаслиги мумкин, яъни ҚҚСни уларнинг қийматига киритишнинг имкони бўлмайди.
3. ҚҚС бўйича салбий фарқни ҳисобдан чиқариш қайси сатрда акс эттирилади?
Солиқ маслаҳатчиларининг шарҳларидан:
1: «Салбий ҚҚСни ҳисобдан чиқариш масаласи техник жиҳатдан ҳал этилмагани сабабли, июнь ойи учун ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китоб топшириш, ҚҚСни ҳисобга олишдан чиқариб ташлаш (суммани 1100-сатрда «Илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритиш») лозим».
2: «Мавжуд маълумотларга кўра, солиқ тўловчининг мурожаати асосида ҳисобдан чиқариш суммаси ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг 1104-сатрида акс эттирилади, гарчи ушбу кўрсаткичнинг тавсифи ҳозирги вақтда унинг назарда тутилаётган мақсадига тўлиқ мос келмаса ҳам».
4. Ярим йиллик учун фойда солиғи ҳисоб-китобини қайта топшириш керакми?
Июнь ойи учун фойда солиғи ҳисоб-китобини қайта топшириш зарурлиги ҳақида расмий тасдиқ мавжуд эмас, бироқ ҳисоб юритиш мантиғи бунга ишора қилмоқда.
5. Ҳисобдан чиқариш фақат 2026 йилги суммаларга тааллуқлими ёки ўтган даврлардаги барча қопланмаган суммаларгами
Айрим экспертлар гап фақат 2026 йилда ҳосил бўлган суммалар ҳақида кетмоқда, деб ҳисоблайдилар. Бошқа экспертларнинг фикрича: ПФ-100-сон Фармонда бу бўйича аниқ кўрсатма йўқлиги сабабли, мантиқан йилдан қатъи назар, барча жамғарилган сумма ҳисобдан чиқарилади.
6. Техник ечим йўқлиги сабабли ҳисоботни қайта топшираётган солиқ тўловчилар пенядан озод қилинадими?
Масала тартибга солинмаган. Аниқлаштирилган ҳисоб-китоб топширилганда пеня қайта топшириш сабабидан қатъи назар умумий тартибда автоматик равишда ҳисобланади.
7. Мажбурий қайта топшириш солиқ рейтингида қандай акс этади?
Тизим айби билан қайта топширишни солиқ тўловчи айби билан қайта топширишдан ажратадиган механизм ҳозирги кунда назарда тутилмаган.
8. 6 фоизлик режимдан умумбелгиланган тартибга қайта ўтишда тузатиш киритиш механизми қандай бўлади?
Қолдиқлар бўйича ҳисобга олиш ҳуқуқи белгиланган, демак, уни амалга ошириш механизми расман тушунтирилиши лозим.
Ҳисобдан чиқариш қандай ташкил этилиши мумкин эди
ҚҚС бўйича салбий фарқни ҳисобдан чиқариш қуйидагича ташкил этилиши мумкин эди: 2026 йил 1 июлдан бошлаб ҚҚС тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш тасдиқланганидан сўнг тизим 1 июль ҳолатига кўра салбий фарқни автоматик равишда ҳисобдан чиқаради. Шу тариқа, бу ҳисобга олишга тузатиш киритиш механизмисиз амалга ошириладиган битта автоматик операция бўлар эди ва салбий оқибатларга (пеня, рейтингнинг ёмонлашиши ва ҳ.к.) олиб келмасди.
Бунинг ўрнига солиқ органлари бошқа йўлдан боришди – модoмики сальдо ҚҚС ҳисоб-китобидан келиб чиқиб ҳисобланар экан, солиқ тўловчи ҳисоб-китобни қайта топширсин. Бундан қолган барча оқибатлар келиб чиқди: ёпилган июнь ойи учун қайта топшириш, 21 июлдан бошлаб тўлов муддатининг ўтказиб юборилиши, пенялар, бузилган рейтинг…
|
Элемент |
Ҳозирги пайтда қандай |
Қандай бўлиши мумкин эди |
|
Ким ижро этади |
Солиқ тўловчи мурожаат орқали |
Солиқ органи тизими автоматик равишда |
|
Асос |
Оғзаки маслаҳатлар |
Солиқ кодексидаги тўғридан-тўғри амал қилувчи норма |
|
Акс эттирилиши |
Июнь ойи учун ҚҚС ҳисоб-китобини қайта топшириш |
2026 йил 1 июль ҳолатига шахсий ҳисобварақдаги операция |
|
Давр |
Июнь ойида ҳисобдан чиқариш |
Ўтиш санаси |
|
Пеня |
Ҳисобланади |
Принцип жиҳатдан юзага келмайди |
Эътибор беринг
Бугун, 7 август куни соат 15:00 да Солиқ қўмитаси семинар ўтказади, унда, шу жумладан, ҚҚС тўлашнинг соддалаштирилган тартиби масалалари юзасидан тушунтиришлар берилади.
01.07.2026 йил ҳолатига кўра шахсий ҳисобварақ варақангизни текшириб кўринг – умуман олганда ҳисобдан чиқариш учун асос мавжудми ёки йўқлигини аниқланг. Агар мавжуд бўлса, ўз саволларингизни бериш учун албатта трансляцияга қўшилинг.
Тўғридан-тўғри эфир YouTube платформасида бўлиб ўтади: https://www.youtube.com/c/Davlatsoliqqomitasi
Buxgalter.uz тавсия этади
Гиляра ТЕМИРЬЯНОВА тайёрлади