Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Огоҳлантиришсиз солиқ аудити. 2-қисм: нималар солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари ҳисобланади
Аввалги материалда солиқ органи буйруқ чиқарилгандан кейин 3 кун ўтиб солиқ аудитини тайинлаши мумкин бўлган ҳолатлар кўриб чиқилган эди. Умумий қоидага кўра, солиқ тўловчи аудит ўтказилиши ҳақида камида 30 календарь кун олдин хабардор қилиниши лозим.
Ушбу қоидадан фақат битта истисно мавжуд. Аудит олдиндан хабардор қилмасдан фақатгина солиқ органида солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган ва бундай аудитни ўтказиш учун Солиқ қўмитасининг келишуви олинган тақдирдагина бошланиши мумкин.
Қонунчилик «бўйин товлаш белгилари» деганда нимани тушунади ва солиқ хавфининг юқори тоифаси уларнинг ўрнини боса оладими?
Buxgalter.uz илтимосига биноан Наталья ТУРАЛИНОВА, аудитор, «Аркад Аудит» аутсорсинг компанияси раҳбари таҳлилни давом эттиради:
Янги материалларни Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
Солиқ аудити қачон хабардор қилмасдан бошланиши мумкин
Умумий қоида Солиқ кодексининг 140-моддаси 3-қисмида ва Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг
123-бандида мустаҳкамлаб қўйилган.
Солиқ органи солиқ аудити бошланишидан камида 30 календарь кун олдин солиқ тўловчига хабарнома юбориши шарт.
Истисно СК 140-моддаси 5-қисмида назарда тутилган. Агар солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда аудитни олдиндан хабардор қилмасдан бошлашга ҳақли.
Низомнинг 129-бандида хабарнома юборилмайдиган ҳолатларнинг тўлиқ рўйхати келтирилган. Уларга қуйидагилар киради:
– солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган солиқ тўловчилар;
– ихтиёрий тугатилаётган юридик шахслар;
– фаолиятини ўз ташаббуси билан тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар;
– жиноят иши доирасида ўтказиладиган тафтишлар.
Солиқ хавфининг юқори тоифаси ушбу рўйхатга кирмайди.
Бинобарин, корхонани юқори хавф тоифасига киритиш, ўз-ўзидан солиқ органига 30 кунлик хабардор қилиш тўғрисидаги умумий қоидага риоя этмасдан аудит ўтказиш ҳуқуқини бермайди. Барча низолар бир саволга тақалади: нималар бўйин товлаш белгилари ҳисобланади.
Қонунчилик солиқ тўлашдан бўйин товлаш деганда нимани тушунади
Бўйин товлаш тушунчаси Олий суд Пленумининг 31.05.2013 йилдаги 8-сон қарорининг (16.12.2024 йилдаги таҳририда) 2-бандида очиб берилган.
Пленум бўйин товлашнинг учта шаклини ажратиб кўрсатади:
яшириш – фойда (даромад) тўғрисидаги ҳақиқий маълумотларни бухгалтерия ёки солиқ ҳисобида қасддан акс эттирмаслик ёхуд бундай маълумотларни яшириш мақсадида ҳисоб юритиш тартибини бузиш;
камайтириб кўрсатиш – ҳисоботга солиқ солинадиган объектни камайтирадиган, била туриб нотўғри маълумотларни киритиш;
бошқача тарзда қасддан бўйин товлаш – масалан, мажбурий солиқ ҳисоботини қасддан тақдим этмаслик ёки ҳисобот топширилгандан кейин тўлов қобилиятсизлиги ҳолатини сунъий равишда юзага келтириш.
Ушбу учта шаклнинг ҳам умумий белгиси битта – қасд.
Айнан шу сабабли, солиқни ҳисоб-китоб қилишдаги хатолик, қонунчилик нормасини нотўғри талқин қилиш ёки солиқ тўловчи ва солиқ органи ўртасида қонунни қўллаш масаласи юзасидан низолар ўз-ўзидан солиқ тўлашдан бўйин товлашдан далолат бермайди.
СК 140-моддаси 5-қисми қоидаларини қўллаш учун солиқ органи солиқ тўловчининг ҳаракатлари айнан қасддан содир этилганлигини кўрсатувчи маълумотларга эга бўлиши шарт
Қайси ҳаракатлар бўйин товлаш белгилари ҳисобланади
Солиқ базасини яшириш ёки камайтириб кўрсатишдан далолат берувчи ҳаракатлар рўйхати Солиқ кодексининг 223-моддаси 3-қисмида келтирилган. Шу каби ёндашув Олий суд Пленумининг 8-сон қарори 6-бандида ҳам мавжуд этилган.
Бундай ҳаракатларга, хусусан, қуйидагилар киради:
– тушумни бухгалтерия ёки солиқ ҳисобида акс эттирмаслик;
– товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сохталаштириш ёки йўқ қилиш;
– қалбаки бошланғич ҳисоб ҳужжатларидан фойдаланиш;
– ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда мавжуд эмаслиги;
– кирим қилинмаган товарларни реализация қилиш;
– назорат-касса техникасининг фискал хотираси ишига аралашиш;
– тушумни кейинги солиқ даврига ўтказиш;
– ходимларни ёки уларга ҳақиқатда тўланган иш ҳақини акс эттирмаслик;
– товарларни ҳисобда акс эттирилган нархлардан паст нархларда реализация қилиш.
Ушбу ҳолатларнинг барчасини битта жиҳат бирлаштиради: гап солиқ тўловчининг ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин бўлган ва содир этилган аниқ санасига эга бўлган муайян ҳаракатлари ҳақида бормоқда.
Бошқача айтганда, бўйин товлаш белгиси – бу корхона фаолиятининг кўрсаткичи эмас ёки солиқ хавфини автоматлаштирилган баҳолаш натижаси эмас. Бу – аниқ белгиланган факт.
Олий суд Пленуми қарорида келтирилган рўйхат тўлиқ ҳисобланмайди. Бироқ, қандай ҳаракат аниқланганидан қатъи назар, қасд мавжудлиги мажбурий шарт бўлиб қолади. Қасд мавжуд бўлмаса, солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгиси ҳам мавжуд бўлмайди.
Нима учун юқори хавф тоифаси бўйин товлаш белгиси ҳисобланмайди
Амалиётда корхона юқори хавф тоифасига киритилган бўлса, солиқ органи олдиндан хабардор қилмасдан аудит бошлашга ҳақли, деган фикр тез-тез учраб туради. Бундай хулоса қонунчиликка мувофиқ эмас.
Бу Солиқ кодексининг 140-моддаси мазмуни ва солиқ хавфларини баҳолаш тизимининг ишлаш тартиби билан тасдиқланади.
Биринчидан, СК 140-моддаси ушбу тушунчаларни фарқлайди.
140-модданинг 2-қисмида солиқ аудити юқори хавф тоифасига мансуб солиқ тўловчиларга нисбатан ўтказилиши белгиланган.
Бинобарин, юқори хавф тоифаси солиқ аудитини тайинлаш учун асос ҳисобланади.
Шу билан бирга, айни модданинг 5-қисми аудитни олдиндан хабардор қилмасдан бошлашга фақат солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлганда рухсат беради.
Агар юқори хавф тоифасининг ўзи бўйин товлаш белгиси деб тан олинса, истисно умумий қоидага айланиб қолади. Унда исталган аудитни олдиндан хабардор қилмасдан ўтказиш мумкин бўлиб қоларди ва СК 140-моддаси 3-қисмининг 30 кунлик хабарнома тўғрисидаги талаби ҳақиқатда ўз аҳамиятини йўқотарди.
Бундай талқин СК 140-моддасининг мазмунига зиддир. Истисно умумий қоиданинг ўрнини боса олмайди.
Бинобарин, юқори хавф тоифаси ва бўйин товлаш белгилари мустақил ҳуқуқий асослар бўлиб, улар бир-бирини алмаштириши мумкин эмас.
Иккинчидан, солиқ хавфи мезонлари бошқача ҳуқуқий табиатга эга.
Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисидаги низомга
асосан, солиқ хавфи – бу солиқ мажбуриятларини бажармаслик эҳтимолидир.
Юқори хавф тоифаси солиқ хавфларини баҳолаш автоматлаштирилган тизими томонидан қўлланиладиган мезонлар асосида белгиланади. Уларнинг аксарияти корхона фаолияти кўрсаткичлари таҳлили билан боғлиқ, масалан:
– паст солиқ юки;
– икки ва ундан ортиқ ҳисобот даврлари давомида кўрилган зарарлар;
– уч ва ундан ортиқ аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларининг тақдим этилиши;
– паст рентабеллик даражаси;
– тугатилган контрагентлар билан битимлар;
– контрагентлар билан ҚҚС бўйича тафовутлар.
Моҳиятига кўра, бундай кўрсаткичлар фақатгина эҳтимолий солиқ хавфидан далолат беради. Улар солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини тасдиқламайди.
Масалан, корхона инвестиция лойиҳасини амалга ошириш босқичида зарар кўриши мумкин. Паст рентабеллик эса муайян тармоқнинг ўзига хос хусусияти бўлиши мумкин. Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш эса хатоларни мустақил равишда тузатиш усули сифатида Солиқ кодексида тўғридан-тўғри назарда тутилган.
Шу билан бирга, айрим мезонлар ўз мазмунига кўра СК 223-моддаси 3-қисмида санаб ўтилган қилмишлар билан мос келиши мумкин.
Бироқ, бу ҳолатда ҳам мезоннинг автоматик равишда ишлаб кетиши ҳали солиқ органи томонидан бўйин товлаш белгилари аниқланганини англатмайди.
Автоматлаштирилган тизимдан солиқ хавфини баҳолаш, солиқ тўловчини тегишли тоифага киритиш ва солиқ аудитини тайинлаш учун фойдаланилади. У инсон омилисиз ишлайди ва фақат текширув талаб қиладиган ҳолатларни аниқлайди.
СК 140-моддаси 5-қисмини қўллаш мақсадлари учун бундай мезон фақатгина муайян факт ваколатли мансабдор шахс томонидан ҳужжат билан тасдиқланганидан ва солиқ тўловчининг ҳаракатларида қасд мавжудлиги исботланганидан кейингина бўйин товлаш белгисига айланиши мумкин.
Бинобарин, солиқ хавфи мезонларининг автоматик ишлаб кетиши, ўз-ўзидан солиқ органида олдиндан хабардор қилмасдан аудит ўтказиш имконини берувчи бўйин товлаш белгилари мавжудлигини англатмайди.
Нима учун хабарномани оддий расмиятчилик деб ҳисоблаш мумкин эмас
Солиқ аудити ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома – бу шунчаки текширув ҳақида хабардор қилиш эмас. У солиқ тўловчига ҳужжатларни тайёрлаш ва қонунчиликда берилган ҳуқуқлардан фойдаланиш учун вақт беради.
Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 16-илова бўлган хабарнома шакли корхона юқори хавф тоифасига киритилганлиги тўғрисидаги маълумот билан бошланади. Қонунчиликда якка тартибда хабардор қилишнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган. Солиқ хавфини бошқариш тўғрисидаги низомнинг
17-бандида фақат солиқ хавфини баҳолаш мезонларини Солиқ қўмитасининг расмий сайтида эълон қилиш назарда тутилган. Бироқ бу солиқ тўловчига айнан унинг корхонасига қайси хавф тоифаси берилганлигини билиш имконини бермайди.
Агар аудит хабарномасиз бошланса, корхона нафақат текширувга тайёргарлик кўриш учун бериладиган 30 календарь кундан маҳрум бўлади. У шунингдек юқори хавф тоифаси берилганлигини ҳам билмай қолади ва мазкур Низомнинг 18 ва 19-бандларида назарда тутилган тартибда, шахсий кабинет орқали хавф мезонлари бўйича тушунтиришлар бериш ҳуқуқидан фойдалана олмайди.
Шу тариқа, хабарнома – бу шунчаки расмиятчилик эмас, балки солиқ тўловчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларидан биридир.
Хабарномасиз аудит қачон қонуний ҳисобланади
СК 140-моддаси 5-қисмидан келиб чиқадики, солиқ органи қуйидаги иккита шартга бир вақтда риоя этилгандагина олдиндан хабардор қилмасдан аудит бошлашга ҳақли:
биринчиси – буйруқ чиқарилгунига қадар солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари аниқланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак;
иккинчиси – аудит ўтказаётган солиқ органи бундай аудитни ўтказиш учун Солиқ қўмитасининг келишувини олган бўлиши керак.
Агар ушбу шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига риоя этилмаса, аудит умумий тартибда, яъни солиқ тўловчига камида 30 календарь кун олдин хабарнома юборилгандан кейин ўтказилиши керак.
Солиқ хавфининг юқори тоифаси солиқ аудитини тайинлаш учун асос бўлади, бироқ ўз моҳиятига кўра солиқ органини СК 140-моддаси 3-қисми талабларига риоя этишдан озод қилмайди.
Солиқ тўловчи нима қилиши керак
Агар аудит олдиндан хабардор қилмасдан бошланган бўлса, дарҳол солиқ органига ёзма сўров юбориш мақсадга мувофиқдир.
Сўровда қуйидагиларни талаб қилиш тавсия этилади:
1. солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг айнан қайси белгиси олдиндан хабардор қилмасдан аудит ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилганлигини кўрсатиш;
2. ушбу белги қайси ҳужжат билан тасдиқланганлиги ва у қачон аниқланганлиги ҳақида маълум қилиш. Бундай ҳужжат аудит ўтказиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилгунига қадар мавжуд бўлиши керак. Агар тахмин қилинаётган белги текширув давомида аниқланган бўлса, у олдиндан хабардор қилмасдан аудит ўтказиш учун асос бўла олмайди;
3. олдиндан хабардор қилмасдан аудит ўтказиш учун Солиқ қўмитасининг келишуви нусхасини тақдим этиш.
Баъзида аудит ўтказиш тўғрисидаги буйруқ солиқ органлари тизимида чиқарилганлиги сабабли алоҳида келишув талаб этилмайди, деган фикр билдирилади.
Бироқ, СК 140-моддаси 5-қисмида аудитни тайинлайдиган солиқ органи ва олдиндан хабардор қилмасдан аудит ўтказишга келишув берадиган Солиқ қўмитаси аниқ фарқланади.
Бинобарин, келишув қонун талаблари бажарилганлигини тасдиқловчи мустақил ҳужжат сифатида мавжуд бўлиши керак.
Бундай сўровга берилган жавоб ҳар қандай ҳолатда амалий аҳамиятга эга. У ёки аудитнинг хабарномасиз ўтказилиши қонунийлигини тасдиқлайди, ёки СК 140-моддаси 5-қисми талабларига риоя этилганлигини шубҳа остига қўйиш имконини беради – ва биз биринчи қисмда айтиб ўтган тартиб бўйича шикоят қилиш учун асос бўлади.
![]()