Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
НКТ чекида ва тушумлар бўйича ҳисоботда йўқотилган маълумотларни қандай тиклаш мумкин
Фискал маълумотлар операторига узатилган электрон чекда баъзан фақат тўлов ва ҚҚС суммалари сақланиб қолиб – сотилган товарлар ҳақидаги маълумотлар йўқолади. Шунга ўхшаш муаммо тушумлар бўйича ҳисоботда ҳам учрайди: сотиш ёки қайтариш чекларининг бир қисми унга тушмай қолади. Бу онлайн-НКТ билан ишловчи барча юридик шахсларга тааллуқли. Агар камчиликлар ҳисобот давригача бартараф этилмаса, онлайн-НКТ бўйича маълумотлар айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳисоботларни бузиб кўрсатади.
Янги материалларни Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
Нима учун маълумотлар йўқотилади
Муаммо иккита сабабга кўра юзага келади. Электрон чек баъзан фискал маълумотлар операторига тўлиқ реквизитлар тўпламисиз узатилади: суммалар қолади, лекин товар номи, МХИК, миқдори, нархи, позициялар бўйича ҚҚС суммаси, комиссия шартномаси бўйича комитентнинг СТИРи ва чегирмалар ҳақидаги маълумотлар йўқолади.
Алоҳида ҳолат — сотиш чекларини уларга боғланган қайтариш чеклари билан умумлаштирадиган ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳисоботларда онлайн-НКМ ва маркетплейслар бўйича сатрларни шакллантирадиган тушумлар бўйича ҳисоботда бутун чеклар мавжуд бўлмаслиги мумкин: одатда, булар яқинда урилган сотиш чеклари, тузатувчи чеклар ёки сотиш чекларига боғланмаган қайтариш чекларидир.
Кимларга тааллуқли ва қаерда кўринади
Вазият онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланувчи, шунингдек маркетплейслар ва такси агрегаторлари орқали маълумот узатувчи барча юридик шахсларга – тармоқ ва айланмадан қатъи назар тааллуқлидир. Ҳар иккала муаммони my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Юридик шахсларнинг онлайн назорат-касса техникаси тўғрисида ахборот» интерактив хизмати орқали кўриш мумкин.
Қандай вазиятлар учрайди
Амалиётда бир нечта одатий сценарийлар кузатилади:
– товарлар рўйхати бўлмаган шикастланган чеклар;
– нотўғри МХИК ёки ўлчов бирликлари кўрсатилган чеклар;
– мажбурий маркировкаланиши лозим бўлган товарлар учун маркировка коди бўлмаган чеклар;
– сотиш чекларига боғланмаган тузатувчи ва қайтариш чеклари;
– касса интернетга кириш имкониятисиз, автоном режимда ишлаган алоҳида кунлар учун тушумлар бўйича ҳисобот ва бухгалтерия ҳисоби маълумотлари ўртасидаги тафовутлар.
Шикастланган чекни тиклаш ўндан ортиқ устунни – товар номи ва МХИКдан тортиб, ҚҚС суммаси ҳамда тўловни нақд пул ва терминалга ажратишгача қўлда тўлдиришни талаб этади. Тушумлар бўйича ҳисоботдаги тафовутлар эса баъзан ҳатто у янгилангандан кейин ҳам йўқолмайди.
«НКТ чеки ва тушумлар бўйича ҳисоботда йўқотилган маълумотларни қандай тиклаш керак» тавсиясида Buxgalter Pro экспертлари чекни тиклашнинг барча устунлари бўйича қадамма-қадам таҳлилни, тушумлар бўйича ҳисоботни янгилаш бўйича йўриқномани ва маълумотлар янгилангандан кейин ҳам тузатилмаган ҳолатлар учун ечимни тақдим этдилар.
Чекларни ва тушумлар бўйича ҳисоботни текшириш – бир марталик эмас, балки ҳар ҳафталик вазифадир: камчиликлар қанчалик эрта аниқланса, ҳисобот даври олдидан иш шунчалик кам бўлади ва айланмадан олинадиган солиқ ҳамда ҚҚС бўйича якуний маълумотлар шунчалик аниқ бўлади.
![]()