Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
0.09.2026 йилдаги 1173-сонли ЎРҚ билан Солиқ кодекси онлайн-платформалар (маркетплейслар) орқали жисмоний шахсларга электрон шаклда хизматлар кўрсатадиган ёки товарларни реализация қиладиган хорижий юридик шахслар учун нормалар билан тўлдирилди.
Трансчегаравий интернет-савдо ва рақамли хизматларни солиққа тортиш қоидалари қандай ўзгараётгани ҳақида buxgalter.uz шарҳида ўқинг.
Эътибор беринг
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.
Норезидентлар учун ҳужжатларни олиш қоидаси жорий этилди
СКнинг 19-моддаси янги норма билан тўлдирилди. Унга кўра, реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб тан олинган электрон хизматлар кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи хорижий юридик шахсларга солиқ органлари томонидан юборилган ҳужжатлар, улар жўнатилганидан кейин 30 кун ўтгач, олинган деб ҳисобланади. Ҳужжатлар қоғоз шаклида ёки телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон тарзда юборилиши мумкин.
Тавсия
Жисмоний шахсларга электрон хизматларни реализация қилиш жойи қандай аниқланади? Агар электрон хизматларни жисмоний шахс сотиб олган бўлса ва тўртта шартдан камида биттаси бажарилса, Ўзбекистон уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Бундай ҳолда хизматларга Ўзбекистонда ҚҚС солинади.
Биринчи шарт – харидорнинг Ўзбекистонда яшаши. Қолган учта шарт яшаш жойига боғлиқ эмас: мижоз чет элда яшаган тақдирда ҳам компанияга солиқ солиниши мумкин. «Товарлар ва хизматларни реализация қилиш жойини қандай аниқлаш керак» тавсияномасида:
• шартларнинг тўлиқ рўйхати;
• электрон шаклдаги хизматларга мисоллар;
• қайси хизматлар электрон хизматлар сирасига кирмаслиги;
• реализация қилиш жойини аниқлаш қоидаларини топасиз.
ҚҚС тўловчилари ва солиқ агентлари доираси кенгайтирилди
Электрон савдо майдончалари орқали товарларни реализация қилувчи хорижий юридик шахслар Ўзбекистондаги жисмоний шахсларга товарларни реализация қилган тақдирда, СКнинг 129 ва 278-моддаларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, ана шундай хизматларни кўрсатиш ва товарларни жисмоний шахсларга реализация қилиш қисмида ҚҚС тўловчилари деб эътироф этилади ва солиқ органларида ҳисобга туриши шарт. Илгари бу мажбурият фақат электрон хизматлар етказиб берувчиларга нисбатан татбиқ этилар эди.
Агар харидорнинг яшаш жойи ва товарни етказиб бериш жойи Ўзбекистонда бўлса, товарларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, воситачилар учун қоидалар белгилаб берилди. Агар жисмоний шахслар бўлган харидорлар билан ҳисоб-китобларда воситачилар (топшириқ, комиссия, агентлик шартномалари бўйича) иштирок этса, бунда воситачининг хорижий компания ёки Ўзбекистон резиденти эканлиги ёхуд у оралиқ ҳисоб-китобларнинг кетма-кет занжирига кириши ёки кирмаслигидан қатъи назар, бундай воситачилар солиқ агентлари деб эътироф этилади.
Агар хорижий сотувчи товарлар/хизматларни миллий электрон платформалар орқали сотса, унда норезидент фойдасига ҳисоб-китобларни амалга оширувчи ушбу электрон платформалар операторлари ҳам солиқ агентлари деб эътироф этилиши алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди.
Солиқ кодексининг 279–281-моддаларига киритилган ўзгартиришлар билан электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга товарларни сотувчи хорижий компанияларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш (ва ҳисобдан чиқариш) тартиби, ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ҳамда ҳисоботларни тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиблари белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач – 2026 йил 12 декабрда кучга киради.
Тавсия
ҚҚС бўйича солиқ агенти мақоми нафақат электрон платформалар ва уларнинг воситачиларида юзага келади. Агар корхонангиз хорижий юридик ёки жисмоний шахслардан товарлар ёки хизматлар харид қилса, у ҳам солиқ агентига айланади ва хорижий контрагент учун ҚҚСни ҳисоблайди.
Buxgalter Pro тавсиясида:
• корхона қандай шартлар асосида ва қайси ҳолларда ҚҚС бўйича солиқ агентига айланиши мумкин;
• солиқ агенти ҚҚСни қандай ҳисоблайди;
• чет эллик шахслардан товарлар ва хизматлар харид қилинганда ҳисоботларни қандай тўлдириш керак.
![]()