Йиллик инвентаризация – 2026: тартиб ва ҳужжатлар
Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори лойиҳасида ТИФга қандай ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган
Импорт қилинган товарлар нархи сунъий равишда оширилганда бериладиган божхона имтиёзлари бекор қилинади. Вазирлар Маҳкамаси қийматнинг тасдиқланмаган қисми учун имтиёзни бекор қилиш ва унга божхона тўловларини ҳисоблаш тартибини белгиловчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳада, шунингдек, ТИФ соҳасидаги хизматлар шартномаларини ҳисобга олиш бўйича янги талаблар ва яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича бошқа чора-тадбирлар назарда тутилган.
ВМҚ лойиҳаси муҳокамаси 2026 йил 27 октябргача қуйидаги ҳавола орқали давом этади: https://regulation.adliya.uz/project/11686/36957
Лойиҳанинг асосий жиҳатлари – бизнинг шарҳимизда.
Эътибор беринг
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
Имтиёз тасдиқланган қиймат доирасида сақлаб қолинади
Лойиҳада товарнинг сунъий равишда оширилган қийматига нисбатан божхона имтиёзини бекор қилиш тартиби назарда тутилган. Гап импорт қилувчи имтиёзни қўллайдиган ва импорт пайтида эълон қилинган товар қиймати жўнатиш мамлакати ҳужжатларида кўрсатилган тасдиқланган қийматдан юқори бўлган ҳолатлар ҳақида бормоқда.
Товарни расмийлаштириш пайтида бевосита нархни тасдиқлаш талаб этилмайди. Текширув кейинроқ – товар эркин муомалага чиқарилганидан сўнг божхона назорати доирасида ўтказилади. Қиймат сунъий равишда оширилган деб тахмин қилиш учун етарли ва тасдиқланган асослар мавжуд бўлганда божхона органи экспорт қилувчи мамлакат божхона хизматига халқаро сўров юборади. Сўнгра эълон қилинган қиймат экспорт декларацияси, инвойс ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат маълумотлари билан солиштирилади.
Агар ошириб кўрсатиш тасдиқланса, нархнинг тасдиқланган қисми учун имтиёз сақланиб қолади. Фарққа божхона тўловлари ҳисобланади, божхона юк декларацияси эса қайта расмийлаштирилади: 42-графада фактура қийматининг тасдиқланмаган қисми алоҳида кўрсатилади, 47-графада эса тасдиқланган қийматга имтиёзлар ва сунъий оширилган қисмга ҳисоб-китоблар ҳисобга олинган ҳолда божхона тўловлари ҳисоб-китоби акс эттирилади. Бунда расмийлаштиришда аниқланган божхона қиймати қайта кўриб чиқилмайди.
Нархни оширишни ким белгилайди
Агар маҳсулот:
- шартномада кўрсатилган контрагент томонидан етказиб берилган бўлса, божхона органи қийматнинг сунъий равишда оширилганлигини аниқлайди ва тегишли хулоса чиқаради;
- шартнома бўйича контрагент бўлмаган бошқа шахс, масалан, ишлаб чиқарувчи завод етказиб берган бўлса-ю, ҳисоб-китоблар воситачи билан амалга оширилган бўлса, божхона органи маълумотларни солиқ органларига тақдим этади. Агар солиқ органи аниқланган ҳолатларни тасдиқласа, 3 кун ичида имтиёзни бекор қилиш ва тўловларни ундириш учун Божхона қўмитасига маълумот юборади.
ВМҚ лойиҳасига кўра, тартиб беғараз асосда, шу жумладан хорижий грантлар ва гуманитар ёрдам доирасида етказиб бериладиган товарларга татбиқ этилмайди. Лойиҳада назарда тутилган истиснолардан яна шу нарса келиб чиқадики, янги механизм маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимлар доирасида берилган имтиёзларга дахл қилмайди.
Низом 2027 йил 1 январдан кучга кириши кутилмоқда.
ТИФдаги хизмат кўрсатиш шартномаларини ҳисобга қўйиш керак бўлади
Президентнинг 17.12.2025 йилдаги ПФ-250-сон Фармони ташқи иқтисодий фаолият соҳасида яширин айланмани қисқартириш бўйича янги тартиб-таомилларни назарда тутади:
- божхона брокери ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида БЮДни тўлдириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
- товарларни божхона омборларига жойлаштириш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
- ташқи иқтисодий фаолиятда хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни БЮДда акс эттириш керак бўлади.
Лойиҳага кўра, 2028 йил 1 январдан бошлаб кўрсатиб ўтилган шартномаларни мажбурий ҳисобга қўйиш жорий этилиши режалаштирилган.
2026 йил 1 ноябрга қадар эса Солиқ ва Божхона қўмиталари хизматлар кўрсатиш шартномалари тўғрисидаги маълумотларни божхона ахборот тизимига реал вақт режимида узатилишини таъминлаши лозим.
Тавсия
Импорт операцияларини қандай ҳисобга олиш, экспертизани қандай ўтказиш ва импорт шартномасини қаерда рўйхатдан ўтказиш, қачон товарларни олиб кириш учун рухсатнома (лицензия) олиш кераклигини «Импорт операциялари қандай амалга оширилиши керак» тавсиясида ўқинг.
Инвойсдаги нархни пасайтиришга бир шарт билан рухсат берилади
Агар жўнатувчи мамлакат божхона хизмати ушбу мамлакат декларациясига ўзгартиришлар киритса ва бу ҳақда Ўзбекистон божхона органларини ёзма равишда хабардор қилса, товарнинг кузатув ҳужжатларини, шу жумладан инвойсни нархни камайтирган ҳолда алмаштириш мумкин бўлади.
Транспортнинг омборга етиб келишини дарҳол қайд этиш керак бўлади
Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 августдаги 531-сон қарори билан тасдиқланган Божхона назорати остидаги товарларга нисбатан юк операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.
Транспорт воситасининг келганлигини тасдиқлаш учун омбор эгаси ёки ваколатли шахс мобил қурилма ва ахборот тизими имкониятларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида қуйидагиларни суратга олиши керак:
- автомобилнинг давлат рақами ёки темир йўл транспорт воситаси рақами;
- жўнатувчи божхона пости томонидан белгиланган божхона идентификациялаш воситасининг рақами.
Бошқа қурилмалар ва видеокузатув камераларидан олинган тасвирлар қабул қилинмайди. Келганлик тўғрисидаги белги ушбу амаллар бажарилиши билан дарҳол тизимга қўйилади.
![]()