Агар ходим чет элдан ишласа, импорт контракти зарурми ва ҚҚС юзага келадими

preview

Компаниянинг собиқ ходими чет элга кетди. У - дастурчи ва масофа режимида муайян ишларни бажаришни давом эттирмоқда. Кейинчалик ҳамкорликда унинг учун солиқлар қандай тўғри тўланади?

Мазкур савол бўйича шарҳлар юзасидан buxgalter.uz солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВАга мурожаат қилди:


– Энди Ўзбекистоннинг солиқ резиденти ҳисобланмайдиган фуқаро билан бир марталик
хизматлар кўрсатиш учун ТСОЯЭАТда импорт контрактини тузиш зарурми?

- Менинг назаримда, агар контракт бўйича ижрочига миллий валютада (сўм) ҳақ тўлаш назарда тутилса, контрактни ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказиш зарурати йўқ. Агарда контракт бўйича чет эл валютасида ҳақ тўлаш назарда тутилса, айрим мураккабликлар юзага келади.

Ўзбекистонда валюта операцияларини ва валюта назоратини амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Қонуннинг 6-моддаси 1-қисмига мувофиқ қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланади:

  • Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан -  хориждаги;
  • Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари;
  • Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган барча юридик шахслар, уларнинг Ўзбекистонда ва ундан ташқарида жойлашган филиаллари ва ваколатхоналари;
  • Ўзбекистон Республикасининг дипломатик, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналари, шу жумладан  - Ўзбекистондан ташқаридаги дипломатик, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналари, қароргоҳлари Ўзбекистон Республикасида жойлашган халқаро ташкилотлар.

Тегишинча, Қонуннинг 6-моддаси 1-қисмига мувофиқ резидент тушунчаси остига тушмайдиган шахслар Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳисобланади.

Эътибор беринг!
Жисмоний шахснинг солиқ резидентлиги мақомининг ўзгариши тўғрисида бу ерда батафсил ўқинг.

Резидентлар ўртасида валюта операцияларига йўл қўйиладиган вазиятларнинг ёпиқ рўйхати Қонуннинг 17-моддасида келтирилган. Шу жумладан -

божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро ташишларда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш чоғидаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар.

Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилмаган резидентлар ўртасида валюта операцилари тақиқланади.

Яъни расман резидент - юридик шахс ва резидент жисмоний шахс ўртасида валюта операциялари, ҳатто у Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлмаган тақдирда ҳам - тақиқланган.

Ўйлайманки, тегишли тушунтиришлар юзасидан Марказий банкка мурожаат қилиш зарур.


- Бу вазиятда хизматлар импорти учун ҚҚС юзага келадими?

- Йўқ, жисмоний шахс билан импорт контрактини тузишда кўриб чиқилаётган ҳолда импорт учун ҚҚС юзага келмайди, сабаби СКнинг 237-моддасида қуйидаги белгиланган:

“Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ва (ёки) товарларни (хизматларни) реализация қилувчи қуйидагилар ҚҚСни тўловчилар деб эътироф этилади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эл юридик шахслари, агар товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон Республикаси эътироф этилса;
  • фаолиятни Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалар орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари”.

Келтирилган нормадан келиб чиқадики, чет эл шахслари ҚҚС тўловчилар деб эътироф этилади, бироқ агар улар - юридик шахс бўлса.

Кейинчалик ушбу моддада қуйидаги кўрсатилган: “Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ мажбуриятлари ушбу бўлимда белгиланган ҳолларда ва тартибда солиқ агентлари томонидан бажарилади” .

Яъни солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятини солиқ агенти ижро этиши мумкин.

Кўриб чиқилаётган ҳолда жисмоний шахсдан хизматларни олувчи солиқ агенти деб эътироф этилмайди ва унда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.


Саида Ж
ОНИЗОҚОВА тайёрлади