Етказиб берувчи ва харидор 15%лик ҚҚСга ўтишда қандай йўл тутиши керак

preview

2019 йил 1 октябрдан ҚҚСнинг умумбелгиланган ставкаси 20%дан 15%га пасайтирилади. Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ  энг кўп учрайдиган вазиятларда янги ставкани қандай қўллаш ҳақида тавсиялар беради.

1-вазият. Товар 1 октябрга қадар юклаб жўнатилган, тўлов 1 октябрдан кейин тўланган

Етказиб берувчи қандай йўл тутади

Товарлар (ишлар, хизматлар) 2019 йил 1 октябрга қадар юклаб жўнатилган ва улар учун ҚҚС 20% ставкада ҳисобланган кундан кейинги кун тўланган. Бунда шартномадаги қиймат камайтирилади ва мазкур вазиятда қўшимча битим тузилмайди.

Мисол. Сентябрь ойида корхона 1 200 минг сўмлик товарни юклаб жўнатди, шу жумладан 20% ҚҚС – 200 минг сўм. Харидордан тўлов 4 октябрда келиб тушди. Корхона юклаб жўнатишга ҳисобварақ-фактурага ўзгартиришлар киритмайди ва харидорлар билан қўшимча битимлар тузмайди.

Харидор қандай йўл тутади

1 октябрга қадар 20% ҚҚС билан харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун етказиб берувчига 20%лик ставкани қўллаган ҳолда ҳақ тўланг. Ҳисобварақ-фактурада ажратиб кўрсатилган 20%лик ставка бўйича етказиб берувчига тўланган ҚҚС суммасини унинг шартларига риоя этган ҳолда ҳисобга киритинг (Солиқ кодексининг 39-боби).

Мисол. Сентябрь ойида корхона 1 200 минг сўмлик товарни олган, шу жумладан 20% ҚҚС – 200 минг сўм ва уни 4 октябргача тўлайди. Сентябрь ойида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурада етказиб берувчи 20%лик ставкада ҚҚСни – 200 минг сўмни ажратиб кўрсатади. Харидор тўлов топшириқномасида ҳисобварақ-фактурага мувофиқ 20% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда тўлов тўланишини кўрсатяпти. Ҳисобварақ-фактура бўйича ҚҚС суммаси харидор томонидан унинг шартлари бажарилган ҳолда ҳисобга киритилиши мумкин.

2-вазият. Тўлов 1 октябрга қадар, юклаб жўнатиш – 1 октябрдан кейин

Етказиб берувчи қандай йўл тутади

Харидор томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи 2019 йил 1 октябргача тўланганда ва ушбу санадан кейин улар юклаб жўнатилганда ҚҚСни 15%лик ставка бўйича ҳисобланг.

Етказиб бериш қийматини ўзгартирадими

ҚҚС – бу харидор томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) нархининг ичида тўланадиган билвосита солиқ. Шу сабабли ҚҚС ставкаси ўзгарганлиги ҳисобига шартнома қийматини камайтириш солиқ ставкасини айнан шу нархга пасайтириш билан бир хилда бўлади.

Албатта, битим суммасини тарафлар белгилайди ва фақат уларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши мумкин. Бу вазиятда иккита вариант мавжуд:

1. Шартнома қиймати ўзгартирилмайди. Мазкур ҳолатда етказиб берувчи ютади, харидор эса ютқазади, чунки унинг учун ҚҚСсиз нарх ошиб боради. 

Шартнома қиймати ўзгармаслигига мисол. Шартнома бўйича товар нархи 100 сўмни, ҚҚС (20%) билан эса  – 120   сўмни ташкил этади. Қиймат ўзгартирилмасдан қолдирилса, унда 104,348 сўмни, ҚҚС – 15,652 сўмни ташкил этади. Яъни шартномага ўзгартиришлар киритилмаганда, харидор бир бирлик учун 4,348 сўм ортиқча ҳақ тўлайди. Бу харидор мўлжал қилган товар қийматидан 4,348% юқоридир.

2. Шартнома қиймати ҚҚС ставкаси пасайтирилишига мутаносиб равишда камаяди. Мазкур ҳолатда шартнома тарафлари учун ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. 

Шартнома қиймати камайтирилишига мисол. Шартнома бўйича товар нархи 100 сўмни, ҚҚС (20%) билан эса – 120   сўмни ташкил этади. Қиймат ҚҚС ставкасига мутаносиб равишда пасайтирилса, у 115 сўмни ташкил этади, бундан 100 сўми – товар нархи, ҚҚС эса – 15 сўм. Яъни шартномага ўзгартиришлар киритилганда харидор ва сотувчи манфаатларига риоя этилади. 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам тарафлар шартномага ўзгартириш киритишлари лозим. Биринчи вазиятда, шартнома қиймати ўзгартирилмайди, нарх оширилади ва ҚҚС янги ставкада тўланади. Иккинчи вазиятда эса – шартнома қиймати қамайтирилади, нарх ўзгартирилмайди ва янги солиқ ставкаси кўрсатилади.  

Шартнома қиймати пасайтирилишига мисол. Товар бирлиги ҚҚСсиз – 300 минг сўм. Тарафлар 15%лик ҚҚС ставкаси қўлланилиши билан ҚҚСсиз товар нархи ўзгартирилмаслигига келишиб олишди. Тегишинча, 15%лик ҚҚС билан сотиш нархи аввалги 360 минг сўмлик (300 х 1,2) қиймат ўрнига  345 минг сўмни (300 х 1,15) ташкил қилади. Харидор томонидан олдиндан ўтказилган тўлов суммадан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади ва зарурат бўлганда унга ортқча тўланган сумма қайтарилади.

Қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмаганда

Етказиб берувчи ва харидор шартнома қийматини ўзгартирмасликка қарор қилсалар, бу ҚҚСсиз нархи ошишини билдиради. Мазкур ҳолатда шартномага қўшимча битимда ўша қийматни, оширилган нархни ва ҚҚС ставкаси – 15%ни кўрсатинг.

Шартнома қиймати сақлаб қолинишига мисол. Товар бирлиги ҚҚСсиз – 300 минг сўм. Товар 20%лик ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 360 минг сўмга (300 х 1,2) сотилди. Тарафлар солиқ ставкаси пасайтирилганлигига қарамай, шартнома қийматини ўзгартирмасликка қарор қилишди. Қиймат аввалгидек – 360 минг сўмни, нарх (ҚҚСсиз) эса 313 минг сўмни (360 / 1,15) ташкил этади.

Харидор қандай йўл тутади

1 октябрга қадар товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаб, уларни 1 октябрдан кейин олганингизда, ҚҚС 15%лик ставка бўйича ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактурани олинг. Ушбу суммани унинг шартларига риоя этган ҳолда ҳисобга киритишга ҳақлисиз (Солиқ кодексининг 39-боби).

Етказиб берувчи ҳам ўзингиз бўлсангиз, шартнома қийматини пасайтириш бўйича қарор қабул қилинг ва 1 октябрга қадар тўланган суммани ҳисобга олган ҳодда қайта ҳисоб-китоб қилинг.

3-вазият. 1 октябрга воситачида 20%лик ставкада ҚҚС тўлайдиган комитентнинг реализация қилинмаган товарлар қолди.

Воситачи қандай йўл тутади

Комитент товарини реализация қилаётган бўлсангиз ва ҚҚС ставкаси ўзгартирилган пайтда сизда реализация қилинмаган товар мавжуд бўлса, комитент шартнома қийматини ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилиши керак. Уни камайтирган тақдирда 004-«Комиссияга қабул қилинган товарлар» счётидаги қолдиқни тузатинг.

Мисол. 1 октябрга воситачида 20%лик ҚҚС билан 360 млн сўмлик реализация қилинмаган товар ҳисобда турибди. Комитент 15%лик ҚҚС ставкаси қўлланилиши билан товар нархи ҚҚСсиз ўзгартрилмайди, шартнома қиймати эса камайтирилади.Тегишинча, товар қиймати 15%лик ҚҚС билан 345 млн сўмни (360 / 1,2 х 1,15) ташкил этади. Воситачи 004-счётдаги қолдиқни 15 млн сўмга (360 – 345) камайтириши лозим.

Комитент ҚҚС билан сотиш нархини ўзгартирмасликка қарор қилган бўлса, 004-счётга ўзгартириш киритманг. Иккала ҳолатда ҳам комитент билан воситачилик шартномага қўшимча битимни тузинг ва унда ҚҚС ставкаси ўзгартирилганлигини ҳисобга олган ҳолда реализация нархини кўрсатинг.

Мисол. 1 октябрга воситачида 360 млн сўмлик реализация қилинмаган товар ҳисобда турибди, ундан 300 млн сўми – товар нархи, 60 млн сўми – 20% ҚҚС. Комитент товар нархини ўзгартирмасликка қарор қилди, товар қиймати 15%лик ҚҚС билан аввалгидек – 360 млн сўмлигича қолади.

Товар 1 октябрдан кейин реализация қилинганда воситачи ҳисобварақ-фактурада харидорга қуйидагиларни кўрсатиши лозим:

– етказиб бериш қиймати ҚҚСсиз – 313 млн сўм (360 / 1,15);

– 15% ҚҚС – 47 млн сўм;

– етказиб бериш қиймати ҚҚС билан – 360 млн сўм.

Комитент қандай йўл тутади

Товарни воситачи орқали реализация қиладиган бўлсангиз ва ҚҚС ставкаси ўзгартирилган пайтда унда реализация қилинмаган воситачилик товари мавжуд бўлса, унга товар нархини ўзгартирмоқчи бўлаётганингизни маълум қилинг. Нарх пасайтирилганда воситачи билан воситачилик шартномасига қўшимча битимни тузинг ва унда ҚҚС ставка ўзгартирилганлигини ҳисобга олган ҳолда реализация қийматини кўрсатинг. Воситачи томонидан 1 октябрга қадар реализация қилинган товарга ҳисобварақ-фактурани унинг номига 15%лик ҚҚС билан расмийлаштиринг.

Мисол. 1 октябрга воситачида 20%лик ҚҚС билан 360 млн сўмлик реализация қилинмаган товар ҳисобда турибди. Комитент 15%лик ҚҚСга ўтишда товар нархини ўзгартирмасликка қарор қилди. Тегишинча, товарт қиймати 15%лик ҚҚС билан 345 млн сўмни (360 / 1,2 х 1,15) ташкил этади.

ҚҚС билан сотиш нархини ўзгартиришга қарор қилган бўлсангиз, воситачи билан воситачилик шартномасига қўшимча битимни тузинг ва унда айнан ўша реализация қийматини, бироқ ҚҚС ставкаси ўзгартирилганлигини ҳисобга олган ҳолда кўрсатинг. Воситачи томонидан 1 октябрдан кейин реализация қилинган товарга ҳисобварақ-фактурани товар 20%лик ҚҚС билан реализация қилиниши лозим бўлган суммага расмийлаштиринг.

Мисол. 1 октябрга воситачида 20%лик ҚҚС билан 360 млн сўмлик реализация қилинмаган товар ҳисобда турибди. Комитент ҚҚС билан товар нархини ўзгартирмасликка қарор қилди. Тегишинча, товар қиймати 15%лик ҚҚС билан аввалгидек – 360 млн сўм бўлиб қолади. Ҳисобварақ-фактурада комитент воситачига 1 октябрдан кейин реализация қилинган суммага ҚҚСсиз 313 млн сўмлик (360 / 1,15) нархни, 15% ҚҚС – 47 млн сўм, етказиб бериш қиймати ҚҚС билан – 360 млн сўмни кўрсатади.

4-вазият. Октябрда сентябрь учун ҳисобда хатолик аниқланди

Октябрь ойида ҳисобда 1 октябрга қадар йўл қўйилган хатоликни аниқлаган бўлсангиз, уни 20%лик ҚҚС ставкасини қўллаган ҳолда тузатинг. Масалан, ҚҚС ортиқча ҳисобланганлиги ёки ҳисобга киритилганлиги белгиланди. Мазкур ҳолатда хато ҳисобланган ёки ҳисобга киритилган ҚҚС суммасини 20%лик ставка, яъни хатоликка йўл қўйилган даврда амал қилган ставка бўйича сторноланг. Шунингдек хатоликка йўл қўйилган давр учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топширинг.

Мисол. Октябрь ойида бухгалтер августда ҳисобда битта ҳисобварақ-фактура бўйича реализация икки марта ўтказилганлигини аниқлади: 12 000 минг сўмлик тушум ва 2 400 минг сўмлик ҚҚС ўрнига тегишинча 24 000 минг сўм ва 4 800 минг сўм акс эттирилган. Ортиқча ҳисобланган ҚҚС суммаси (4 800 минг сўм) сентябрь ойида ДСИга топширилган солиқ ҳисоботида ҳам акс эттирилган. Октябрь ойи учун бухгалтерия ҳисобига тузатиш (сторнолаш) ёзуви киритилиши лозим. ДСИга январь–август ойлари учун қайта ҳисоб-китоб топширилади, унда реализациядан соф тушум 12 000 минг сўмга, реализация қилишдан оборотлар бўйича ҚҚС суммаси – 2 400 минг сўмга камайтирилади.