Қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактураларни нима қилиш ва ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобларни қандай топшириш керак

preview

ҚҚС ҳисоб-китобини автоматик равишда тўлдириш тартибига ўтиш билан боғлиқ воқеалар юз бераётган пайтда Тошкент шаҳар ДСБ товарлар, хизматларни фақат электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган ҳолда реализация қилишни сўраб тадбиркорларга мурожаат қилди, масалалар ва муаммоларни ҳал қилишда уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Солиқ органлари шу тариқа қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралар айланмасига барҳам беришга уринмоқда, бу ЭҲФ базасида янги автоматлаштирилган ҚҚС бўйича ҳисоб-китобларни шакллантириш тизимининг иши билан боғлиқ муаммоларнинг бир қисмини ҳал қилиш имконини беради. Buxgalter.uz бугунги кунда маслаҳат билан ҳал қилиб бўлмайдиган қатор муаммолар мавжуд деб ҳисоблайди.


СК 47-моддасида айтилишича, ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади. Бу ҳар қандай қулай вазиятда битим тарафида қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш ва расмийлаштириш учун асос доим мавжуд эканлигини англатади.

Бироқ Кодексга тузатишлар киритиш ташаббуси билан чиқаётганда ишбилармонлик муносабатлари иштирокчиларининг барчаси ушбу нормани қанчалик бажара олиши ҳақида яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Солиқ тўловчилар қандай ҳолларда ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштиришлари шартлиги, қандай ҳолларда эса қоғоз шаклида тузишларига рухсат берилишини норматив базада аниқ қайд этиш лозим. 

Шунингдек ЭҲФ тизими ва электрон солиқ ҳисоботида бухгалтерга қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактурани «кирим қилиш» имконини берувчи техник ечимлар назарда тутилган бўлиши шарт! Усиз ҳисоб-китобда номутаносибликлар чиқаверади.


Ҳисоботлар қайта топшириладими

Корхонада 2020 йил 1 январдан 1 июнгача бўлган давр учун ҚҚС ҳисоб-китобини қайта топшириш зарурати юзага келса, ҳозир буни қандай амалга ошириш мумкин? Солиқчилар ҳозирча бу саволга жавоб беролмайдилар.

Автоматик равишда тўлдириладиган янги шаклда қайта топширишга тўғри келади. Бошқа вариант йўқ, сабаби қўлда тўлдириладиган эски шакли my.soliq.uz порталидаги умумфойдаланиладиган шакллар рўйхатидан чиқариб ташланган.

Бу ҳолда қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактураларни нима қилиш керак? Улар йил бошида – январь-февраль ойларида айниқса кўп расмийлаштирилди. Кишилар карантин ҳолатида «қизил» ҳудудларга тушиб қолиб, ўз офисларида ишга чиқиш имконига эга бўлмаганликлари сабабли айрим корхоналар бундай қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактураларни ҳанузгача расмийлаштирмоқдалар.


P.S.:

ДСИ ходимлари ҳозирча жавоби топилмаган ана шу саволлар билан кўп қўнғироқ қилишларини англаган кўринадилар. Хабарномада кўрсатилган биронта телефон орқали қўнғироқ қилиб, улана олмаганимизнинг сабаби шунда бўлса керак.

Аслида масала долзарб бўлиб, ваколатли органлар унинг ечимини топишларини талаб қилади.


Татьяна ЛИМАРЕВА,

Олег ГАЕВОЙ.