Онлайн-НКМ чекида қандай қилиб сотилган товарлар ҳақида тўғри ёзув қилиш мумкин

preview

ДСҚ онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчилари ва ТХКМга хат йўллади, унда онлайн-НКМ чекларида товарлар/хизматлар номи, МХИК кодлари ва маҳсулотнинг идентификация рақами (штрих-кодлари) акс эттирилиши зарурлигига эътиборни қаратди. Бироқ ушбу талабларга риоя қилиш кўп даражада онлайн-НКТ билан ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари мутахассисларининг тушуниши ва тайёрланганлигига боғлиқ.

Buxgalter.uz энг кам саъй-ҳаракат билан ва регулятор томонидан эътирозларсиз барча талабларга қандай мувофиқ келишни айтиб беради:

 

НКМ чекларида товарларнинг номини кўрсатиш талаби сотувчиларга ўша фискал хотирали НКТ даврида қўйилганди . Бироқ хануз чекларда аниқ товарни идентификациялаш имконини берадиган ёзувлар ўрнига, товар гуруҳининг умумий белгиси - “маиший техника”, “озиқ-овақт маҳсулотлари ассортиментда” ва ҳ.к. кўрсатилган чеклар учрайди. Тадбиркорлар буни чекларда қонунчилик талаб қилганидек, барча товар позицияларини ёзиш учун ассортиментда товарларнинг катта сони, вақт, бўш инсон ресурслари ёки НКТ билан ишлаш кўрикмаларининг мавжуд эмаслиги билан тушунтиришади.

Онлайн-НКТ чекларининг мажбурий реквизитлари 06.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармоннинг 5-банди ва Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса  машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 7-бандида белгиланган. Аввалбошдан унда “товар/хизмат номи” реквизити бўлган. 28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚнинг қабул қилиниши билан ушбу рўйхат кенгайтирилди, товарлар/хизматларнинг МХИК кодлари ва идентификация рақамлари (GS1 штрих-кодлари), товарларнинг рақамли маркировкалаш кодлари онлайн-НКТ чекининг мажбурий реквизити бўлди.

Янги талабларнинг жорий этилиши билан товарларнинг ҳисоби қатъийроқ ва шаффофроқ бўлади. Чекларда энди товар гуруҳини ёзиб бўлмаяпти, ҳар бир товарни ёзиш зарур. Масалан, “Lactel, сути, 1 л, тетра пак”, “Valio сарёғи 82%, 500 г.”. Номидан ташқари ҳар бир товар бўйича МХИК ва идентификация рақамини (штрих коди) кўрсатиш зарур.

Чеклар шакллантирилишини жадаллаштириш ва онлайн-НКТни ишга тайёрлашда хатоларни олдини олиш учун ассортиментдаги барча товарлар бўйича маълумотларни киритинг. Қоидага кўра, ушбу маълумотни онлайн-НКТга киритиш ТХКМ хизматлари рўйхатига кирмайди. Сизда ушбу вазиятдан чиқишнинг иккита йўли бор:

1) мутахассилар билан келишиш ва, табиийки, бунинг учун уларга қўшимча ҳақ тўлаш. Бунда - мунтазам равишда, сабаби:

  • ассортимент янги товарлар билан тўлдирилади;
  • МХИК кодлари ўзгаради.

Ва буларнинг барчаси онлайн-НКТга киритилган маълумотнинг доимий янгиланишини талаб қилади;

2) ўзингиз учун ушбу вазифани зарурат бўлганда бажариши мумкин бўлган мутахассисни тайёрлаш. Бундай мутахассисни тайёрлашни ТХКМ рад этолмайди, сабаби онлайн-НКТ билан ишлашга ўқитиш - уларнинг тўғридан-тўғри мажбурияти.


Нималар керак бўлиши мумкин

Биринчи ҳолда ҳам (товарлар рўйхати ТХКМ ходими томонидан шакллантирилганда), иккинчи ҳолда ҳам (ТХКМ ходими сизнинг мутахассисингизни бундай рўйхатни шакллантиришга ўргатганда) сизнинг товарларингиз ассортименти бўйича рўйхатни тайёрланг. У қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) товар номи (шундай тарзда шакллантирингки, товарни бошқа товарлар орасида идентификация қилиш мумкин бўлсин);

2) МХИК -  tasnif.soliq.uz сайтида аниқланади;

3) товарнинг (хизматнинг) идентификация рақами.  Гап GS1 тизими штрих-кодлари хусусида бормоқда. Бу ишлаб чиқарувчининг ёки савдо шохобчасининг ўзи томонидан берилган штрих-коди бўлиши мумкин (тортиб қадоқланган товарлар);

4) товар мажбурий рақамли маркировка қилиниши лозимлиги ёки қилинмаслиги ҳақида белги;

5) ҚҚС ставкаси;

6)  товарнинг нархи (қатъий белгиланган нархлар учун);

7) товарга чегирма тўғрисида ахборот;

8) амалдаги лояллик дастурлари ва уларнинг қоидалари тўғрисида ахборот.

Эътибор беринг
Харидор билан якуний ҳисоб-китоб, НКТ маълумотларининг ДСҚ ахборот тизимлари ва солиқлар бўйича ҳисоботларда тўғри акс эттирилиши онлайн-НКТга киритиладиган маълумотнинг аниқлиги ва ҳаққонийлигига боғлиқ.

Товарлар тўғрисидаги барча маълумот онлайн-НКТга киритилгандан кейин, кассир сотишда фақат махсус сканер ёрдамида қадоқдан штрих-кодини ўқишига тўғри келади.

Агар сканер мавжуд бўлмаса ёки у қандайдир сабабларга кўра аниқ товарда ишламаса, онлайн-НКТ клавиатураси ёрдамида рўйхатдан товарларни танлаш имконияти мавжуд. Онлайн-НКТ эса чекда ва ҳисоб-китобларда акс эттириш учун зарур маълумотни автоматик тарзда олади:

  • товар номи;
  • МХИК;
  • товарнинг идентификация коди (штрих-коди);
  • рақамли маркировка ҳақида маълумотлар;
  • ҚҚС ставкаси;
  • товарнинг нархи (агар қатъий белгиланган нарх ўрнатилган бўлса);
  • чегирмалар (агар мавжуд бўлса).

Олег ГАЕВОЙ,

 “Норма” эксперти