Хронометраж кўздан кечириш: мавсумийлик ҳисобга олинади, қўшимча ҳисобланган солиқлар суд орқали ундирилади

preview

 

Нақд пул тушумидан ташқари, солиқ органлари барча товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини ва ҳатто ишлаб чиқариш ҳажмларини аниқлайдилар. Назорат қилишнинг энг кўп муддати 3 иш кунидан 7 иш кунига қадар узайтирилди. Булар 24.12.2018 йилдаги ЎРҚ-508-сон Қонунда назарда тутилган.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 октябрдан давлат солиқ хизмати органларига  ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юбориш ҳуқуқи берилган.  Камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади (26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарорнинг 4-бандига қаранг).

 

Илгари хронометраж фақатгина ҳисобот тўғрилигини таҳлил этиш ва маълумотлар базасини юритиш учун қўшимча дастак ҳисобланган. Унинг натижалари эса солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмаган.



Солиқ кодексига киритилган тузатишлар янги қоидаларни аниқлаштирди.

 

Биринчидан, нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи хронометраж кўздан кечириш деб қайта номланди. Сабаби – мазкур солиқ назорати шаклининг предмети кенгайтирилди. Нақд пул тушуми ҳажмидан ташқари, у нақд пулсиз тушумларни (шу жумладан ҳисоб-китоб терминали бўйича) ҳам қамраб олди.  

 

Ходимлар сонини назорат қилиш эса хронометраж кўздан кечиришнинг предметига кирмайди.  

 

Иккинчидан, хронометраж кўздан кечиришнинг энг кўп муддати 2 баравардан ошди.  Энди у 7 календарь кунидан иборат. Илгари хронометраж 1 иш куни мобайнида, алоҳида ҳолларда эса – 3 иш кунигача ўтказилган.

 

Учинчидан, хронометраж кўздан кечиришнинг натижалари олдинги ҳисобот даврлари билан солиштирилмайди. Жойларда «охирги ҳисобот даври» атамасини олдинги давр билан чалкаштиришар эди. Шунинг учун бунга ҳам аниқлик киритилди: хронометраж давомида олинган тушум ҳақидаги маълумотлар тақдим этилган хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид ҳисоботдаги худди шундай маълумотлар билан солиштирилади.

 

Бу муҳим! Хронометраж маълумотларини таҳлил қилаётганда солиқ органлари солиқ тўловчи фаолиятининг хусусиятлари ва мавсумий омилларни ҳисобга олиши керак. 

 

Тўртинчидан, хронометражнинг натижа ва хулосалари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қўшимча ҳисоблаш учун сўзсиз асос деб эътироф этилмайди. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги аломатлари аниқланганда солиқ органи камерал назорат учун назарда тутилган тартибда солиқ тўловчига талабнома юборади (Солиқ кодексининг 70-моддасига қаранг).

 

Солиқ тўловчи тузатилган солиқ ҳисоботини ёки тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга аниқланган тафовутларнинг асосини 10 кунлик муддатда тақдим этиши шарт. Агар шундай қилинмаса, солиқ органи қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

 

Бу муҳим! Солиқ тўловчида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги такроран аниқланган тақдирда, бу ҳаракатлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланиши тўғрисидаги қоида ўзгаришсиз қолди.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.

                                                                                                                                                                                                 Самир Латипов.

 

 «Norma» профессионал ривожланиш марказида А. Тошхўжаева ўтказадиган семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар билан яқиндан танишишингиз мумкин.