Агар дивиденддан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот топширишга кечиккан бўлсангиз, қандай санкциялар бўлади

07.04.2021

Дивиденддан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботни ўз вақтида топширмадингизми? Бу ҳолда қандай жарималар ва пеня қўлланилиши мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан юрист Икром АБДУЛҚОДИРОВ гапириб берди: 

 

- Шу каби вазиятда ҳам юридик шахс - солиқ агенти, ҳам унинг мансабдор шахслари жавобгарликка тортилиши мумкин.


Ташкилотнинг юридик жавобгарлиги

Солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаслик бу солиқ ҳисоботи асосида тўланиши (қўшимча тўланиши) лозим бўлган солиқ суммасини белгиланган муддатда тўланмаган ҳар бир кечиктирилган кун учун 1% миқдорида, лекин кўрсатилган сумманинг 10%идан ортиқ бўлмаган миқдорида жарима солишга сабаб бўлади .

Агар солиқ тўлаш муддатини ҳам ўтказиб борган бўлсангиз пеня тўланади - тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларидан ташқари ва уни тўлаш бўйича мажбуриятни бажаришни таъминлашнинг бошқа чоралари, шунингдек солиққа оид қонунчилик бузилишлари учун жавобгарлик чоралари қўлланилганлигидан қатъи назар.

Ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня солиқнинг тўланмаган суммасидан келиб чиқиб фоизларда белгиланади. Пенянинг фоиз ставкаси МБнинг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг 1/300 га тенг этиб қабул қилинади .


Мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги

Юридик шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши (тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда) унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ёки қонунда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод этмайди .

Эътибор беринг!

Солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаслик мансабдор шахсларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади .

Эслатиб ўтамиз, бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари солиқ ҳисоботининг ва бошқа молиявий ҳужжатларнинг тайёрланишини таъминлаши шарт .

Шуни таъкидлаш жоизки, МЖТКнинг 175-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим. Бундан фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига зарар етказилган ҳоллар мустасно .

МЖТКнинг 175-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни жиноят ишлари бўйича судлар кўриб чиқади .

 

Эътибор беринг!
Солиқ ва молиявий ҳисоботни топшириш муддатларини бузманг. Унутманг, сиз нафақат СКнинг 110-моддаси бўйича пеня тўлайсиз, балки ҳисоботларни топширишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин ҳисобварақнинг блокланишига дуч келишингиз мумкин.

 

 

Эътибор беринг!

Сизнинг ҳисобварақларингиз бўйича операциялар тўхтатиб турилмаслиги учун қандай ишлаш лозимлиги ҳақида “Норма” экспертлари - адвокат Элеонора МАЗУРОВА ва юрист Альберт САФИНнинг тавсияларида ўқинг.

 

 

 

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг
Помощь