2021 йил учун сув солиғи бўйича “бўнаклар” тўғрисида маълумотнома қандай тўлдирилади

preview

Жорий йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бўнак тўловлари тўғрисида маълумотномани тўлдирган ҳолда нималарни инобатга олиш лозимлигини buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти  Олег ЦОЙ сўзлаб берди: 


- Солиқ даври-календарь йил давомида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бўнак тўловларини унинг барча  тўловчилари тўлайдилар, бундан қишлоқ хўжалиги корхоналари, фаолиятини доимий муассасалар орқали амалга ошираётган норезидентлар бўлган юридик шахслар ва деҳқон хўжаликлари мустасно .

Эътибор беринг!
Бўнак тўловлари Ҳисоб-китоб бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10%дан ортиқ миқдорга камайтирилган тақдирда, солиқ органи бўнакларни солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайтадан ҳисоб-китоб қилади.

Сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойи бўйича солиқ органига жорий календарь йил учун солиқ суммаси тўғрисида маълумотномани қуйидаги муддатларда тақдим этинг:

  • янги ташкил этилган корхоналар - давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;
  • солиқ бўйича мажбуриятлари солиқ даври ичида юзага келган солиқ тўловчилар - солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;
  • қолганлар - жорий йилнинг 20 январига қадар.
Эътибор беринг!
2021 йил 19 январь - жорий йил учун маълумотнома топширишнинг сўнгги куни.
Эслатиб ўтамиз
Йил давомида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарганда, сиз солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақлисиз. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларга солиқнинг ўзгарган суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.

Қуйидагилар бўнак тўловларини тўлайди:

  • солиқ даврида солиқ суммаси БҲМнинг 200 бараваридан кўпроқни ташкил этадиган юридик шахслар (бундан айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар мустасно) - ҳар ойнинг 20 санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида;
  • солиқ даврида солиқ суммаси БҲМнинг 200 бараваридан камроқни ташкил этадиган, айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар бўлмаган юридик шахслар, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар - ҳар чорак учинчи ойининг 20 санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида.

Календарь йил якуни бўйича Ҳисоб-китобни солиқ тўловчилар қуйидаги муддатларда тақдим этадилар:

  • Ўзбекистон юридик шахслари (бундан қишлоқ хўжалиги корхоналари мустасно) - йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатида;
  • қишлоқ хўжалиги корхоналари - жорий йилнинг 15 декабрига қадар;
  • фаолиятини ДМлар орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезидентлари бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар - солиқ даври (йили)дан кейинги йилнинг 20 январига қадар.

Солиқни (тўловчилар учун бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда) худди шу маддатларда тўланг.

Деҳқон хўжаликлари учун солиқ суммасини солиқ органлари ҳисоблаб чиқаради.


Маълумотнома учун ахборот қандай тайёрланади?

My.soliq.uz да бўнак тўловлари тўғрисида маълумотноманинг 4 та шакли жойлаштирилган, улардан сизга тўғри келадиган зарурини танлаш лозим.

Бўнак тўловларини  мўлжалланаётган солиқ базаси (сувдан фойдаланиш ҳажми) ва тегишли солиқ ставкаларидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқаринг .

Маълумотномани тўлдириш учун қуйидаги кўрсаткичларни ҳисоблаб чиқаринг:

1. Солиқ солиниши лозим бўлган мўлжалланаётган сувдан фойдаланиш ҳажми (куб.м да). 

Ушбу кўрсаткични ҳисоблаб чиқаришда сизга ташкилотингизнинг техник мутахассислари қуйидагилардан келиб чиқиб ёрдам беришади:

  • 2021 йил учун маҳсулот ишлаб чиқаришнинг режалаштирилган ҳажми ва сув ресурслари харажатлари нормалари;
  • жорий истеъмолларни ҳисобга олган ҳолда олдинги йилларда сувдан фойдаланиш ҳажмлари .
Эътибор беринг!
СКнинг 442-моддаси 2-қисмида солиқ солиш объекти бўлмайдиган сув ресурслари тоифалари келтириб ўтилган.

Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сув ҳажмини сув ўлчагич асбоблар кўрсаткичлари асосида аниқланг . Агар сизнинг сув ўлчагич асбобларингиз ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сувнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш имконини берса, мўлжалланаётган фойдаланиш ҳажмини иккита манба бўйича алоҳида аниқланг.

Сув ўлчагич асбоблари мавжуд бўлмаган тақдирда мўлжалланаётган сувдан фойдаланиш ҳажмини қуйидагилардан келиб чиқиб аниқланг:

  • сув объектларидан сув олиш лимитларидан;
  • сувни истеъмол қилишнинг технологик ва санитария нормаларидан;
  • экинлар ҳамда яшил дарахтзорларни суғориш нормаларидан;
  • қўлланиладиган бошқа нормалардан.

Агар сиз ер усти ва ер ости манбаларидан сув келадиган водопровод тармоғидаги сувдан фойдалансангиз, солиқ базасини сув ҳажмларининг нисбатидан келиб чиқиб аниқланг. Ушбу нисбатни ҳар бир йил учун солиқ органларига жорий солиқ даврининг 15 январига қадар сув етказиб беришни амалга оширувчи юридик шахслар тақдим этиши керак. Солиқ органлари эса 3 кун ичида ушбу маълумотларни солиқ тўловчилар эътиборига етказади.

Эслатиб ўтамиз

Биноларнинг бир қисми, алоҳида иншоотлар ижарага берилганда солиқ базаси сув етказиб беришни амалга оширувчи юридик шахс билан шартнома тузган ижарага берувчи томонидан аниқланади.

Биноларнинг бир қисмини, алоҳида иншоотларни ижарага олган бўлсангиз ва сиз сув етказиб беришни амалга оширувчи билан шартнома тузган бўлсангиз,  солиқ базасини мустақил равишда аниқланг.

Таъмирлаш-қурилиш ишлари ва бошқа ишларда фойдаланилаётган сув ҳажми учун солиқни ушбу ишларни бажарувчи  юридик шахслар тўлайди. Қурилиш ишлари янги қурилиш майдончасида бажарилган тақдирда, фойдаланиладиган сув ҳажми учун қурилиш ташкилоти солиқ тўлайди.

Алкоголли маҳсулот ва алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланилган сувнинг ҳажми ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун солиқ базаси ҳисобланади. Алкоголли маҳсулот ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми деганда истеъмол идишидаги тайёр маҳсулотга тўғри келадиган сувнинг ҳажми тушунилади.

Эътибор беринг!

2021 йилдан бошлаб солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ ставкаси турли хил бўлган бир неча турдаги фаолият билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ва тегишли солиқ ставкалари бўйича солиқ тўлашлари шарт.

Мисол учун, савдо корхонасида (асосий фаолият тури) автомобилларни ювиш шохобчаси мавжуд. Корхона ушбу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритади ва қуйидагилар учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқни ҳисоблаб чиқаради:

  • савдо фаолияти учун - 1 куб. м учун 182 сўм  (сув ресурсларининг ер усти манбалари) ва 1 куб. м учун 221 сўм (сув ресурсларининг ер ости манбалари) ставкаси бўйича;
  • автотранспортни ювиш учун - 1 куб. м учун 1 990 сўм ставкаси бўйича.


2. Мўлжалланаётган водопровод сувидан фойдаланиш ҳажми.

Агар сиз ер усти ва ер ости манбаларидан сув келадиган водопровод тармоғидаги сувдан фойдалансангиз, мўлжалланаётган фойдаланиш ҳажмини фоиз нисбатидан келиб чиқиб аниқланг, уни сув етказиб беришни амалга оширувчидан билиб олишингиз мумкин.

«Toshkent shahar suv ta’minoti» МЧЖ 2021 йил учун Тошкент шаҳри бўйича ер усти ва ер ости сувларининг фоиз нисбатини маълум қилди:

  • ер усти сувлари – 90,5%; 
  • ер ости сувлари – 9,5%.  
Мисол
Мўлжалланаётган водопровод сувидан фойдаланиш ҳажмини ер усти ва ер ости манбаларнинг нисбатидан келиб чиқиб аниқлаш

Корхона Тошкент шаҳрида жойлашган. 2021 йилда мўлжалланаётган водопровод сувидан фойдаланиш ҳажми - 1 500 куб. м.

Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбалари нисбатидан келиб чиқиб, мўлжалланаётган солиқ базаси:

  • ер усти сувлари – 1 357,5 куб. м (1 500 х 90,5%);
  • ер ости сувлари – 142,5 куб. м (1 500 х 9,5%) ни ташкил қилади


3. Сизнинг ташкилотингиз фаоли
яти соҳасидан келиб чиққан ҳолда солиқ ставкалари.

Белгиланган лимитлар доирасида ер усти ва ер ости манбаларидан олинадиган сув ресурслари учун солиқ ставкалари 1 куб метр учун мутлақ ўлчамда белгиланган .

Эътибор беринг!

Қуйидаги ҳолларда солиқ солиқ ставкаларининг 5 баравари миқдорида тўланади:

  • сувдан фойдаланиш учун белгиланган лимитлардан ортиқча сув олинганда бундай ортиқча қисм бўйича;
  • сув ресурсларидан рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилганда;
  • автотранспортни ювиш учун ер усти манбаларидан олинган сувдан фойдаланилганда.
Мисол
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бўнак тўловлари тўғрисида маълумотномани тўлдириш

 

Айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган ишлаб чиқариш корхонаси Тошкент шаҳрида жойлашган. 2021 йил учун мўлжалланаётган сувдан фойдаланиш ҳажми:

  • 16 000 куб. м водопровод суви;
  • 20 000 куб. м қудуқдан ер ости суви.

Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбалари нисбатидан келиб чиқиб, водопровод суви бўйича мўлжалланаётган солиқ базаси:

  • ер усти сувлари – 14 480 куб. м (16 000 х 90,5%);
  • ер ости сувлари – 1 520 куб. м (16 000 х 9,5%).

Саноат корхоналари учун 2021 йил учун қуйидаги солиқ ставкалари белгиланган:

  • ер усти сувлари - 1 куб. м учун 472 сўм; 
  • ер ости сувлари - 1 куб. м учун 564 сўм.

2021йил учун мўлжалланаётган солиқ суммаси 18 971 840 сўмни ташкил этади, шу жумладан:

  • ер усти сувлари учун – 6 834 560 сўм (14 480 х 472); 
  • ер ости сувлари учун – 12 137 280 сум. ((1 520 + 20 000) х 564). 

Солиқ суммаси (18 971 840 сўм)  - 200 БҲМдан камроқ, шу боис корхона бўнак тўловларини ҳар чорак учинчи ойининг 20 санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида (18 971 840 : 4 = 4 742 960 сўм) тўлайди.

Тўлдирилган маълумотномани бу ерда кўринг.