Рўйхатга олишнинг янги тартиби жорий этилиши билан рўйхатга олинган ҚҚС тўловчиларни нима кутади?

preview

Рўйхатга олишнинг янги тартиби ҚҚС тўловчиларда техник ва ташкилий тусдаги бир қатор саволларни туғдирмоқда. Янги тизим қандай ишлаши ҳақида Давлат солиқ қўмитасининг Камерал назорат бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ сўзлаб берди.

ҚҲТБТ порталида ҚҚС тўловчиларни рўйхатга олиш тўғрисидаги низомнинг янги таҳририни муҳокама қилиш давом этмоқда. Таклиф қилинаётган тартиб амалдагисидан фарқ қилиши ҳақида биз илгари ёзгандик:

  • рўйхатга олишдан олдин ариза берувчиларни эҳтимолий ҳуқуқбузарликлар нуқтаи назаридан ўрганадилар ва хавф-хатар гуруҳларига ажратадилар;
  • ўртача хавф-хатарга эга номзодларга солиқ органлари томонидан юқори даражада эътибор қаратилади;
  • юқори хавф-хатарга эга номзодлар рўйхатга олинмайди ва солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдалана олишмайди.

Азиз ҲОШИМОВнинг сўзларига кўра, рўйхатга олишнинг янги тартиби фақат янги ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади:

-Мазкур Низом тасдиқланиб, кучга киргандан кейин илгари ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларини қайта рўйхатга олиш ва уларга ҚҚС тўловчиларни рўйхатга олиш тўғрисида янги гувоҳномалар бериш назарда тутилмайди.

-Низомнинг лойиҳасида янги норма учрайди, унга кўра ҚҚС бўйича ҳуқуқбузарликларнинг юқори хавф-хатарига эга тўловчилар солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдалана олишмайди. Бироқ Солиқ кодексига асосан бу норма барча ҚҚС тўловчиларга татбиқ этилади ва идоравий норматив ҳужжатлар кодексга зид бўлиши мумкин эмас. 

-Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг “Қўшилган қиймат солиғи” бўлимига солиқ тўловчиларни ҚҚС бўйича рўйхатга олишнинг асосий қоидаларини белгиловчи нормаларни киритиш кўзланмоқда. Шунинг учун Низомни амалга киритишни ҳам 2020 йилнинг январь ойига мўлжаллашмоқда. Янги Солиқ кодексини шу вақтда қабул қилиш режалаштирилмоқда.

-ҚҚС тўлаш бўйича ҳуқуқбузарликларнинг паст хавф-хатарига эга тадбиркорларни нима кутади? Уларга умуман солиқ текширувлари дахл қиладими?

-Хавф-хатар асосида ҚҚС тўловчиларни рўйхатга олиш ҳамда камерал ва солиқ назоратининг бошқа шакллари учун номзодларни танлаш бўйича хавфни таҳлил қилиш тизими – турли мақсад ва вазифаларга эга иккита ҳар хил тизим.

Рўйхатга олиш доирасида биз солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавф-хатари юқори бўлган компанияларни аниқлаймиз. Бу – қасддан ҚҚС билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этиш ёки уни суиистеъмол қилишнинг олдини олишга қаратилган огоҳлантириш чоралари.

Хавфни таҳлил қилиш тизими умуман солиқ назоратини оптималлаштиришга ёрдам беради.

Камерал ва солиқ назоратининг бошқа шакллари қоидалари барча ҚҚС тўловчиларга умумий асосларда татбиқ этилади.

-Ҳозирги вақтда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали мажбурий тартибда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олиш мумкин. Лойиҳа эса ихтиёрий равишда рўйхатга олишни ҳам назарда тутади. Шахсий кабинетда янги функционал пайдо бўладими?

-Ҳа, унинг техник қисми йил охиригача тайёр бўлади. Янги функционал эса Низом тасдиқланиб, кучга киргандан кейин, яъни 2020 йил 1 январдан кейин ишга туширилади.

-Раҳбарлар, бухгалтерлар ва уларнинг мажбуриятларини бажарадиган шахсларнинг тайёргарлик даражаси тадбиркорлик субъектларини хавф-хатар гуруҳларига киритишнинг мезонларидан бири ҳисобланади. Солиқ органлари буни қандай баҳолашади?

-Биз бу шахсларнинг бошқа тадбиркорлик субъектларидаги раҳбар ёки бухгалтер сифатидаги фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўрганамиз. Ушбу ахборот асосида муайян хулоса чиқариш мумкин бўлади. Зарурат бўлганда суҳбат ёки жойига бориб корхонани ўрганиш аҳволни тўлдириши мумкин.

-Марҳамат қилиб баҳолаш мезонларини аниқроқ кўрсата оласизми? Бу тайёргарлиги баҳоланадиган мутахассислар учун муҳимдир. Бундан ташқари, юзма-юз тусдаги суҳбат баҳолаш жараёнига коррупциявий таркибни киритади. Унинг интерактив шакли, масалан, солиқ тўловчининг кабинети орқали интерактив шакли назарда тутиладими?

-Низомнинг лойиҳаси ДСХО мансабдор шахсининг ҳар бир ҳаракатини маслаҳат иши натижалари бўйича тузиладиган баённомада қайд этилишини назарда тутади. Бундан ташқари, унда солиқ тўловчини ўрганишда солиқ органи мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган барча чора-тадбирлар акс эттирилади. Улар жумласида – ҳаракатлар мазмуни ва уларнинг кетма-кетлиги. Баённомага ҳужжатлар нусхалари, фотосуратлар, видеоёзувлар ва ҳаракатларни амалга оширишда бажарилган бошқа материаллар илова қилинади.

Ишлаб чиқувчилар ҳали жавоб беришлари лозим бўлган саволлар

NORMA дастурий маҳсулотлари фойдаланувчилари ва  buxgalter.uz  ўқувчилари Низомни ишлаб чиқувчилар жавоб бериши лозим бўлган саволларни беришда давом этмоқдалар. Хусусан, бухгалтерларни қуйидагилар қизиқтиради:

  • Рўйхатга олинган ҚҚС тўловчиларни ҳар ҳолда нима кутади? Уларни хавф-хатари юқори бўлган гуруҳга киритишса, солиқ тўловчининг рўйхатга олинганлиги, гувоҳномаси ва ҚҚС-рақами нима бўлади?
  • Рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектларига иккинчи имконият бериладими? Агар – “ҳа” бўлса, такроран рўйхатга олиш тартиби қандай бўлади?
  • Компанияда вазият ёмон ёки яхши томонга ўзгарган тақдирда ҚҚС тўловчиларни битта хавф-хатар гуруҳидан бошқасига ўтказиш механизми назарда тутилганми? Бу қандай амалга оширилади?

Рўйхатга олиш доирасида тадбиркорлик субъекти бош бухгалтери ва раҳбарини баҳолаш мезонини ҳам қайта ишлаб чиқиш талаб этилади.  Шунингдек унинг интерактив шаклларини жорий этишни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

buxgalter.uz  портали яқин кунларда эълон қилинадиган материалларида бу масалага яна қайтади. Барча тегишли қоидалар ва регламентлар янги низом тасдиқлангунга ва у кучга киргунга қадар қайта ишлаб чиқилиши даркор.

 

Олег Гаевой