2019 йилда айланмаси чегаравий миқдордан ошганлар учун солиқ солиш ва ЯТТ учун мактабда умумий овқатланиш

28.01.2020

Айланмаси 1 млрд сўмдан ошган юридик шахс ва тушуми 100 млн сўмдан ошган ЯТТ 2019 йил якунлари бўйича қандай солиқларни тўлайди? ЯТТ мактаб ўқувчилари учун овқатлар тайёрлаши мумкинми? Солиқ қонунчилиги нормаларини амалда қўллаш тўғрисидаги саволларга Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бошқармаси бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб беради.

1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас. Янги Солиқ кодекси 2019 йилнинг охирида қабул қилинган. Нима учун товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммасини 365 га бўлган ҳолда ҳисоблаш бўйича норма 2019 йилга татбиқ этилмоқда? Ахир бу норма 2020 йил 1 январдан жорий этилганку?

- Президентнинг 29.06.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сон Фармонида ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 млрд сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш назарда тутилган.

Худди шундай норма илгариги СКда назарда тутилган эди. Бунда 2020 йил 1 январдан бошлаб кучга кирган Солиқ кодекси йил давомида ташкил этилган юридик шахслар учун йиллик айланмани аниқлаш тартибини белгилади.

Айтайлик, масалан, 2019 йил 2 октябрда рўйхатдан ўтказилган ва бир ойда 300 млн сўм миқдорда айланмага эга компания, тегишинча, 1 млрд сўмдан ортиқ йиллик айланмага эга бўлади. Ва шу боис у умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши лозим.

2. Якка тартибдаги тадбиркор (чакана савдо учун гувоҳномага эга) 2019 йилнинг апрель ойида 100 млн сўм суммадаги чегаравий миқдордан ошган ва ЯСТ тўлашга ўтган. ЯТТ 2020 йил 1 январдан бошлаб тасдиқланган ставкалар бўйича қатъий белгиланган миқдорда ЖШДСни тўлашга ўтиши мумкинми?

- Йўқ, мумкин эмас, сабаби ЯТТ 2019 йилда 100 млн сўм суммадаги чегаравий миқдордан ошган. 01.01.2020 йилдан бошлаб қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДСни  товарлар (хизматлар) реализациясидан даромади календарь йилида 100 млн сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайди.

3. Жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) мактаблар ва коллежларда ошхона ёки буфет хизматларини кўрсатиши мумкинми?

- Йўқ, мумкин эмас. Қонун ҳужжатларида умумий овқатланиш соҳасида кулинария, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш билан фақат  юридик шахслар шуғулланиши мумкинлиги назарда тутилган. Жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) умумий овқатланиш соҳасида уй шароитларида ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарори билан махсус ажратиладиган жойларда овқатланиш жойлари ташкил этмасдан донали таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва сотиш бўйича хизматлар кўрсатишга ҳақли.

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг