Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар – 13

preview

Хайрия ишлари билан шуғулланадиган тадбиркорларга қандай имтиёзлар тақдим этилади? Йирик солиқ тўловчи мақоми қандай аниқланади? Карантин даврида ишлар тўхтаб турганлиги сабабли солиқларни қандай тўламаслик мумкин? Квартирани ижарага олиш шартномасини вақтинчалик бекор қилиш ҳақида солиқ органларини қандай хабардор қилиш мумкин? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг навбатдаги тўплам материалида.

Севара ЗОКИРОВА, Давлат хизматлари агентлиги матбуот котиби:

– Солиқларни тўламаслик учун бизнесни вақтинчалик тўхтатиб турмоқчиман. Буни қандай амалга ошириш мумкин?

– Бунинг учун фаолиятни тўхтатиб туришингиз шарт эмас. Карантин даврида бизнесингизга солиқ солинмаслиги учун бу ҳақда фаолиятни тўхтатмаган ҳолда soliq.uz сайти орқали давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилиш лозим (таҳр. изоҳи: солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан фойдаланишингиз мумкин. Буни қандай амалга ошириш ҳақида бу ерда ўқинг).

– 1 майда лицензиямнинг амал қилиш муддати тугайди, нима қилишим керак?

– Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ карантин даврида амал қилиш муддати тугайдиган барча лицензиялар ва рухсатномалар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек транспорт воситасини бошқариш ҳужжатларининг амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Тадбиркорлар карантин даврида лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли жавобгарликка тортилмайдилар.


Шохрух ҒИЁСОВ, Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

– Етказиб бериш хизматларини кўрсатмоқчиман, такси лицензияси бўлиши зарурми? Уни қаердан олиш керак?

– Етказиб бериш хизматларини кўрсатиш учун тегишли лицензияга эга бўлишингиз лозим, у сизга йўналиш белгиланмаган ҳолда йўловчиларни ташиш ҳуқуқини беради. Бироқ, афсуски, республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлигининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йўловчилар ташишга оид лицензиялар берилиши жорий йилнинг 10 майига қадар тўхтатилган. Вазиятни тушунишга ҳаракат қилинг.

 
Дурдона ОЧИЛОВА, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари:

– Карантин даврида экспортга рухсатномани қандай олишим мумкин?

– Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан жорий йилнинг январь ойидан бошлаб рухсатномалар бериш электрон тизимини  йўлга қўйилган. singlewindow.uz сайтига кириб, ариза қандай берилишини билиб олишингиз мумкин. 

 – Германиядан келтириладиган мева дарахтлар кўчатларини олиб кириш шартлари ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Олиб келинган мева дарахтлари Марказий карантин лабораториясида текширувдан ўтказилади. Кўчатларда касалланишлар аломатлари бўлмаса, мамлакатга олиб киришга рухсат берилади. Улар касалланган бўлса, экспорт қилувчи давлатга қайтарилади ёки ёқиб юборилади ёхуд кимёвий воситалар билан йўқ қилинади.

– Хитойдан лимон кўчатларини импорт қилишим мумкинми?

 – Ҳа, нафақат лимон, балки бошқа ўсимликларни ҳам импорт қилишингиз мумкин. Айни пайтда май, июнь ва август ойларида олиб кириш учун рухсатномани олишингиз мумкин. Олиб кирилаётган барча кўчатлар учун экспорт қилувчи давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган ўсимликлар карантини объектлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги фитосанитар сертификат бўлиши лозим.

 
Музаффар Юсуф НАЗАРОВ, Давлат солиқ қўмитаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

– Маҳаллада ўз томорқамда етиштирган маҳсулотларни сотадиган бўлсам, солиқ имтиёзлари тақдим этиладими?

– СК 378-моддасида шундай имтиёз назарда тутилган, унга мувофиқ жисмоний шахсларнинг уй хўжалигида етиштирилган натурал кўринишдаги ёки қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олинган даромадларига солиқ солинмайди.

– Тадбиркорлар хайрия ишлари билан шуғуллансалар, уларга имтиёз тақдим этиладими?

– СК 75-моддасига мувофиқ айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари Президентнинг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50%га камайтириш тарзида ва кўпи билан 3 йил муддатга берилади.

Кейинги брифингларда хайрия кўмаклари кўрсатилганда бериладиган солиқ имтиёзлари (солиқ турлари ва имтиёзларни олиш шартлари) ҳақида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

 

– Йирик солиқ тўловчилар тоифаси улар жойлашган жойига қараб аниқланадими? Бироқ жойлашган жой бўйича иқтисодий ва бошқа кўрсаткичлар бир-биридан фарқ қиладику?

– ДСҚнинг қарори билан Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонларини белгилаш тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Соф тушуми календарь йил якуни бўйича -  солиқ органларига тақдим этиладиган солиқ ва молиявий ҳисоботлар асосида – 100 млрд сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар йирик солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.

Ушбу Низом талаблари қўлланиладиган асосий солиқ тўловчилар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ инспекцияси томонидан ҳар йили навбатдаги солиқ даври бошланишидан бир ой олдин тасдиқланади.

Бугунги кунда республикада йирик солиқ тўловчилар сони 779 тани (филиалларни ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этади.

– Квартирамни ижарага олган фуқаролар карантин туфайли вақтинча ўз уйларига кетганлар. Қачон қайтишлари номаълум. Бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилишим лозимми, бунда тартиб қандай бўлади?

– Жисмоний шахслар ўртасида тузилган кўчмас мулк ижараси шартномалари тузилган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай солиқ органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, ихтиёрий асосда кўчмас мулк ижараси шартномасини вақтинчалик бекор қилиш тўғрисидаги битим тузилади.

Ижарага берувчи томонидан ижара шартномасини вақтинчалик бекор қилиш тўғрисидаги битимни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш учун белгиланган шаклдаги аризани тўлдириши ва уни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юбориши ёки my.soliq.uz порталидаги «Ижара шартномаларини ҳисобга олиш» давлат интерактив хизмати ёрдамида электрон шаклда жўнатилиши лозим. Сўровга ижара шартномасини вақтинчалик бекор қилиш тўғрисидаги битим нусхаси илова қилинади.

Эътибор беринг
Битим шартноманинг иккала тарафлари томонидан тасдиқланиши лозим. Акс ҳолда суд томонидан ҳал этиладиган низоли вазиятлар юзага келиши мумкин.

АОКА материаллари асосида.