Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар - 8

preview

Карантин даврида корхонанинг ҳисобрақамида пул маблағлари тугаган бўлса, Пенсия жамғармасига тўловлар қандай тўланади? Озиқ-овқат дўконлари иш тартибида чекловлар мавжудми? Хусусий иссиқхонадан ҳосилни қандай ташиш мумкин? Карантин қоидаларини бузганлик учун автомобилнинг жарима майдончасига жойлаштирилиши қонунийми? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ, ДСҚ бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

 – Карантин даврида Пенсия жамғармасига тўловлар қандай тўланади?

– Тадбиркорлар барча солиқлар ва мажбурий тўловларни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тўлашлари мумкин. Бунинг учун шахсий кабинетда керакли солиқ ёки тўлов турини танлаш ҳамда тўланадиган суммани кўрсатиш ва «Тўлов» тугмасини босишнинг ўзи кифоя. Тўланган сумма солиқ тўловчининг шахсий картасига ўтказилади.

Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобрақамида маблағ етарли бўлмаса, унинг тўлов топшриқномаси автоматик тарзда банкнинг 2-сон картотекасига жойлаштирилади ва Давлат солиқ инспекциясига электрон шаклдаги хабарнома юборилади.

– Озиқ-овқат дўконлари соат 19.00 дан кейин ёпилиши лозимми?

– Йўқ. Республика махсус комиссияси қарорларида озиқ-овқат дўконлари фаолиятини чеклаш назарда тутилмаган. Озиқ-овқат дўконининг иш тартиби унинг раҳбари томонидан белгиланади.

Шохрух ҒИЁСОВ, ИИВ ахборот хизмати раҳбари:

– Тошкентда яқин кунларда (20 апрелдан кейин) барча тадбиркорлар автомобилларида стикерсиз юришларига рухсат берилади, деган гаплар қулоққа чалинмоқда. Шу тўғрими?

– Бугунги кунда бу борада махсус ҳужжат мавжуд эмас.

– Нима учун карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилади?

– МЖТКнинг 54-моддасида санаб ўтилмаган транспорт воситаларини тўхтатиш, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузган транспорт воситаларини вақтинчалик ушлаб туриш учун асослар МЖТКнинг 291-моддасида белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан махсус комиссия ваколати доирасида қабул қилган қарори идоравий мансублигидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.

Махсус комиссиясининг 4 апрелдаги 16-сон баённомасида қуйидагилар қайд этилган: «Карантин чора-тадбирларини сўзсиз бажарилиши ҳамда транспорт воситаларини махсус рухсатномасиз бошқарган ҳолда  қоидаларни бузишда давом этишга йўл қўймаслик мақсадларида ички ишлар органлари ЙПХ ходимлари томонидан тартибни бузганлиги учун тўхтатилган транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилади».

АОКА штабида ахборот хизмати раҳбари иштирокида ўтказилган брифинг:

– Иссиқхонамдаги сабзавотларни шахсий машинамда бозорга олиб борсам бўладими?

– Махсус комиссиянинг 2020 йил 11 апрелдаги 18-сон маълумотига мувофиқ етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини М1 ёки М2 тоифадаги шахсий автомобилда бозорга ёки озиқ-овқат дўконларига етказиб беришингиз мумкин.


 АОКА телеграм–канали материаллари асосида.