ДСҚ иш ҳақини яшириш ҳолатларини қандай аниқлайди

preview

ДСҚ хавфни таҳлил этиш тизими иш ҳақини камайтириш ҳолатларини аниқлашда қандай ёрдам бераётганлиги ҳақида сўзлаб берди.

Баъзи компаниялар “солиқни оптималлаштириш”  мақсадида ҳисоботда меҳнатга ҳақ тўлашга доир харажатларни камайтиришади. Бунда ЖШДС ва ЯИТ бўйича солиқ базасини камайтирувчи норасмий тўловлар амалиёти мавжуд. Хавфни таҳлил этиш тизими бундай ҳолатларни аниқлашда ёрдам беради.

ДСҚ маълумотларига кўра, солиқ солиш базасини камайтириш йўли билан солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг юқори даражасига эга гуруҳга аудиторлик ташкилотлари киради. Улар атайин ўзларининг иш ҳақи тўлашга доир харажатларини камайтиришади.  Уларнинг тасарруфида қоладиган соф фойдани кейинчалик дивидендлар тарзида тақсимлайдилар.

Айтайлик, 56 та аудиторлик компанияси 2019 йил январдан  июнга қадар 224 нафар ходимга 1 млн сўм миқдорида иш ҳақи ҳисоблаган, бу вақтда шунга ўхшаш бошқа ташкилотларда иш ҳақи 3 млн сўмдан ортиқни ташкил этган. Иш ҳақи миқдори билан бошқа кўрсаткич – умумий товар айланмасида битта аудиторга тўғри келадиган улуш боғланган. Уларнинг айримларида товар айланмаси 136 млн сўм бўлганда иш ҳақи 600 минг сўмни, бошқаларида 139 млн сўм товар айланмасида – 1900 минг сўмни ташкил этган.

Бундай таққослаш шубҳа остига тушган ташкилотларни кейинчалик текшириш учун асос бўлди.

ДСҚнинг эслатиб ўтишича, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари аниқланганда раҳбарлар, бош бухгалтерлар ва бирламчи ҳужжатларни расмийлаштирган бошқа ходимлар шериклар деб тан олинади. Уларга нисбатан вазиятга боғлиқ ҳолда маъмурий ва жиноий жавобгарлик қўлланилиши мумкин.

Ходим ҳам норасмий тўловларни олган ҳолатларда жавобгарликдан озод этилмайди. У келгуси йилнинг 1 апрелига қадар иш берувчи солиқни ушлаб қолмаган даромадни мустақил равишда яшаш жойи бўйича декларация қилиши ва 15 кун давомида қарзни сўндириши шарт. 

Шунингдек, хавфни таҳлил этиш тизими аудиторлик компаниялари томонидан 13.03.2019 йилдаги 218-сон ВМҚ талаблари бузилганлигини аниқлашга ёрдам берди. 34 та аудиторлик компанияси 4 ой давомида минимал штат – асосий иш жойи ҳисобланган аудиторларнинг сони 4 нафарни ташкил этишига доир белгиланган талабларга риоя қилишмаган.