Электрон меҳнат шартномалари жорий этилиши билан иш берувчиларни нималар кутади

preview

Ўзбекистонда Ягона меҳнат миллий тизими ишга туширилишга тайёрланмоқда. У иш берувчиларга кадрлар ишини юритишнинг янги имкониятларини, ходимларга ва давлат органларига – фуқароларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги ахборотдан қулай фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

“Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро аппарат-дастурий комплексини  (кейинги ўринларда - ЯММТ) жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги НҲҲ яқин кунларда тизимни ишга тушириш учун ҳуқуқий асос бўлади. Яқинда ҚҲТБТ порталида лойиҳани муҳокама қилиш ниҳоясига етди. Шундан сўнг зарур регламентлар ва йўриқномалар қабул қилинади.

Лойиҳа ЯММТни 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ишга туширишни назарда тутган эди, бироқ, модомики ҳужжат ҳали йўқ экан, сана ўзгаради.

Тизимнинг дастурий таъминоти учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жавоб беради. Жорий йилнинг июль ойида кадрлар бўйича мутахассислар иштирокида уни синов тарзида ишга тушириш амалга оширилди. Кадрлар бўйича мутахассислар ва иш берувчилар ўзининг шахсий компьютерлари ва ноутбуклари браузерлари орқали тизимдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.

Тизим тўлиқ қувватда ишга тушгандан сўнг қоғоз шаклидаги меҳнат шартномаларининг электрон версиялари пайдо бўлади, меҳнат дафтарчалари эса фақат электрон шаклда юритилади.

Елена КОВТУН, Наманган шаҳрида фаолият кўрсатувчи бухгалтер: 

- Таклиф олгандан кейин ЯММТда иш бошлаганимга бир ойдан ошди. Мен ишлайдиган  барча учта ташкилотнинг ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларини тизимда рўйхатга олдим. Қулай! Ташкилотдаги кадрлар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги барча жорий ахборот автоматлаштирилган тизимда кўринади. Тизимда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини рўйхатга олишда барча зарур ёзувлар унинг меҳнат дафтарчасига ҳам автоматик тарзда киритилади.

Стандарт маълумотларни ҳар бир шартномани тўлдиришда кўп марта киритиш лозим бўлмаганлиги боис шахсан мен учун тизим қулай кўринди. Бинобарин, ҳужжатларда хатолар хавфи минимал даражага туширилади.

ЯММТнинг афзалликлари:

  • ташкилотнинг иш жойлари ва ходимлари тўғрисидаги ахборотга қулай ва тез кириш;
  • меҳнат шартномалари ва меҳнат дафтарчаларини расмийлаштиришда ёрдам;
  • ташкилотдаги ходимлар ва бўш иш ўринлари, ходимларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги хато, ноаниқ  ва ишончсиз маълумотларни минималлаштириш;
  • иш берувчиларнинг қоғоз шаклида меҳнат дафтарчаларини сотиб олиш, юритиш ва сақлашга доир харажатларини камайтириш;
  • пенсия тайинлашда ходимнинг меҳнат стажини аниқлаш учун зарур бўлган ахборотни автоматлаштирилган тарзда тўплаш ва ишлов бериш;
  • ахборотни ишончли сақлаш ва кадрлар ишини юритиш бўйича аниқ ҳисобга олиш;
  • иш берувчилар ва давлат органлари учун меҳнат бозорига доир маълумотларга таҳлилий ишлов беришнинг янги имкониятлари.

Ишлаб чиқувчилар тизимни синовдан ўтказган экспертлар ва ташкилотларнинг кадрлар иши ходимларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда тизимни такомиллаштиришни давом эттирмоқдалар. Ахборот хавфсизлигига алоҳида эътибор берилмоқда.

Олди олиниши лозим бўлган потенциал хатарлар:

  • маълумотларнинг йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган тизимдаги техник ишдан чиқишлар;
  • шахсга доир маълумотларнинг учинчи шахслар томонидан бузиб кўрсатилиши эҳтимоли;
  • тизимга қасддан ишончсиз маълумотларни киритиш.

Иш берувчилардан нималар талаб этилади

ЯММТ ишга туширилгандан кейин иш берувчилар:

  • унга ўзининг штат тузилмаси (жадвали), мавжуд ва ташкил этиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги ахборотни киритадилар ва янгилаб борадилар;
  • ЯММТга ахборот киритилгунга қадар қабул қилинган ходимлар билан тузилган барча меҳнат шартномалари тўғрисидаги ахборотни киритадилар;  
  • ЯММТ ишга туширилгандан кейин тузилган меҳнат шартномаларини тизимда рўйхатга оладилар;
  • ходимлар билан тузилган қўшимча келишувларни, ходимларнинг академик ва декрет таътилларига чиқишларини, бекор қилинган меҳнат шартномаларини рўйхатга оладилар;
  • ходимларни тизимнинг ишлаш принципи ва улар қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини нима қилишлари лозимлиги ҳақида хабардор қиладилар.

Шунингдек, корхоналар зарурат бўлганда ўзининг локал норматив ҳужжатлари ва жамоа шартномаларига тегишли ўзгартиришлар киритишга тайёр бўлишлари керак.

Тизим билан ишлаш қандай бошланади

Кадрлар бўйича мутахассис тизимга иш берувчининг ЭРИ ёрдамида кириши мумкин. Алоҳида рўйхатдан ўтиш ва иш берувчи тўғрисида ахборот киритиш лозим эмас. Иш бошлашдан олдин фақат ЭРИ тизимидан автоматик тарзда киритиладиган иш берувчининг маълумотларини текшириш ва зарурат бўлганда тузатишлар киритиш лозим бўлади.

Ишлаб чиқувчиларнинг ваъда беришларича, ЯММТ билан ишлаш жуда қулай бўлади. Мисол учун, айнан битта маълумотни бир неча марта киритиш зарур бўлмайди. Меҳнат шартномаси шаклидаги ахборот автоматик тарзда ходимнинг электрон меҳнат дафтарчасига ўтказилади.

Бундан ташқари, тизим иш берувчига бўш иш ўринларига ходимларни излаб топишда ёрдам беради. Бунинг учун иш жойи беш кун давомида вакансия режимида туриши керак. Шундан сўнг у тўғрисидаги ахборот меҳнат биржасининг маълумотлар базасига тушади. Бу жараённи махсус тугма ёрдамида тезлаштириш мумкин.

Ходим нима қилиши мумкин

Ходим исталган вақтда ўз меҳнат шартномалари ва электрон меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар билан танишиши мумкин. Ўзлари ҳақидаги маълумотлар тизимга киритилган ходимлар тизимни синашда буни ЖШШИР (шахсий идентификация рақами) ёки СТИР ёрдамида бажаришга муваффақ бўлишди. Якуний версияда, ишлаб чиқувчиларнинг сўзларига кўра, ходимлар тизимга қуйидаги усуллардан бири орқали киришлари мумкин бўлади:

  • СМС кодини киритиш;
  • шахсий ЭРИ калити ёрдамида;
  • one id (https://id.gov.uz/) тизими орқали.

Электрон меҳнат дафтарчасида қуйидаги маълумотлардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлади:

  • ходимнинг меҳнат стажи тўғрисида;
  • ҳисобланган иш ҳақи тўғрисида;
  • тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқлари ҳақида;
  • Халқ банкидаги шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига бадаллар тўғрисида.

Ходим ноаниқликларни топган тақдирда тузатиш учун хато маълумотларни киритган иш берувчига мурожаат қилиш лозим бўлади.

Яна ким ЯММТ ахборотига кириш имкониятига эга бўлади

ЯММТ идоралараро тизимлаштирилган маълумотлар алмашиш режимида ишлайди.

Тизимга киритиладиган ахборот автоматик тарзда умумлаштирилади ва таҳлил қилинади. Чиқишда бу ходимлар таркибининг миқдори ва сифати, бўш иш ўринлари, иш берувчининг малакавий ва бошқа талаблари тўғрисида холис ва долзарб маълумотларни беради.

ЯММТдаги ахборот манфаатдор ташкилотларга ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун тақдим этилади. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси учун у пенсияларни тайинлаш учун, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги учун – аҳолини иш билан таъминлаш ва ҳ.к. учун зарур бўлади.

Ходимнинг стажи қандай аниқланади

НҲҲнинг лойиҳасида ходимнинг меҳнат стажи қуйидаги тарзда аниқланиши назарда тутилган:

  • ЯММТ жорий этилгандан кейин – тизимда мавжуд маълумотлар асосида;
  • ЯММТ жорий этилгунча қадар – 08.09.2011 йилдаги 252-сон ВМҚда белгиланган тартибга мувофиқ.

Олег Гаевой.