Фермерларнинг қайси харажатлари Давлат бюджетидан қоплаб берилади

preview

Қишлоқ хўжалиги кластерлари учун эскича молиялаштириш тизими ўзгартирилади. Бундай қарор Президент Шавкат МИРЗИЁЕВ раислигида 27 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинди. Тафсилотлар - norma.uz портали шарҳида.

 

Энди пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади. Улар хом ашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтарилади. Шу мақсадда бюджетдан 10 трлн сўм ажратилади.

Кластерларда ип-калавани қайта ишлаш даражасини келгуси 2 йилда 70%га етказиш мўлжалланган. Матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун, корхона қувватига қараб, давлат ҳисобидан молиявий грантлар берилади. Бундай лойиҳаларни кредитлаш учун яна $150 млн маблағ ажратилади.

2022 йилдан кластерлар пахта хом ашёси ва толасини гаровга қўйиб кредит олишлари мумкин.

Шунингдек, 2022 йилдан мева-сабзавот ҳосилини иқлим хавфидан суғурталаш бўйича суғурта компаниялари ўртасида танлов ўтказилади. Экспорт шартномаси бўлган кластер ва фермерларга суғурта мукофотининг 50%и давлат томонидан қоплаб берилади.

Техника сотиб олиш бўйича кредитларнинг 10%дан юқори қисми ҳам Давлат бюджети томонидан қоплаб берилади. Импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади.

Лазерли текислаш, ҳосилдор ва касалликларга чидамли янги навларни экиш, уруғчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш учун ҳам қўшимча имтиёзлар назарда тутилган.

Norma.uz материаллари асосида