Фойдаланилмаётган объектлар бўйича солиқ ставкалари икки баравар тез ҳисобланади

preview

Давлат солиқ қўмитасида 13 ноябрдан бошлаб кучга кирадиган фойдаланилмаётган объектларга солиқ солишнинг янги тартибининг фарқини тушунтиришди. Эслатиб ўтамиз, янги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 13.08.2019 йилдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 666-сон қарорига мувофиқ жорий этилмоқда.

Фойдаланилмаётган объектлар ҳисобини юритиш” автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти ишга туширилди. У солиқ тўловчиларга огоҳлантириш хатларини юбориш, тўланиши лозим бўлган солиқ тўловларини ҳисоблаш, шунингдек ишга туширилган объектлар бўйича илгари тўланган солиқларни қайтариш имконини беради.

Илгариги тартиб фойдаланилмаётган объект бўйича юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, шунингдек ер солиғини  6 ойгача муддатга қатъий белгиланган ставка бўйича – икки баравар миқдорда, 6 ой ўтгач – беш баравар, 12 ой ўтгач – ўн баравар миқдорда ҳисоблаб чиқаришни назарда тутган.

Янги тартибда солиқлар ставкалари 3 ойгача муддатда икки баравар ошади, 3 ойдан ортиқ муддатда – беш баравар, 6 ой ўтгач – ўн баравар миқдорда ошади. Шунингдек, кейинги ҳар 12 ойда охирги қўлланилган миқдор икки баравар ошади.

Агар объектнинг фойдаланилмаётган майдони 500 м2 дан ортиқ бўлса, ҳисобланган солиқ суммасига 1,5 баравар миқдордаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланилади.

Янги тартиб фойдаланилмаётган объектлар эгаларига солиқ солишнинг соддалаштирилган режимини  сақлаб қолиш имконини беради. Бироқ бундай объектлар бўйича илгари тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар бекор қилинади.

Энди солиқчилар фойдаланилмаётган объектларни мустақил равишда аниқлашади.

Агар сиз фойдаланилмаётган объектни ишга туширсангиз, кўп карра оширилган ставка бўйича тўланган солиқни қайтаришадими?

Агар бундай объект хўжалик фаолиятига жалб қилинса, у бўйича охирги 12 ой давомида тўланган солиқлар объект мулкдорига қайтарилади.

Эски тартиб “нолга” тенг қийматдан солиқ ҳисоблаш имконини бермасди. Энди солиқчилар бундай имкониятга эга бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 13.08.2019 йилдаги 666-сон қарорининг батафсил шарҳини бу ерда ўқиш мумкин.