Кимлар ҚҚС тўловчилар реестрига кирмайди ва бунинг оқибати қандай бўлади

preview

ДСҚ ҚҚС тўловчиларни рўйхатга олиш қоидаларига ўзгартириш киритишни режалаштирмоқда. Бунда махсус реестрга барча хоҳловчилар ҳам кира олишмайди. Бу Давлат солиқ қўмитасининг ҚҲТБТ порталида эълон қилинган Қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Учта хавф-хатар гуруҳи

2020 йилга келиб солиқ органлари ҚҚС тўловчиларни рўйхатга олишнинг ягона тизимини шакллантирадилар.

Рўйхатга олинган тадбиркорларга гувоҳнома ва шахсий рўйхат рақами (кейинги ўринларда – ҚҚС-рақами) берилади. Уни қуйидагилар билан боғлиқ ҳужжатларга қўйиш лозим бўлади:

  • товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш ва реализация қилишда ҳисоб-китоблар, жумладан ҳисобварақ-фактуралар ва транспорт ҳужжатлари;
  • ҚҚС тўлаш ва (ёки) уни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш;
  • ҚҚС бўйича ҳисоб ва ҳисобот.

Аммо энг асосийси – ҳамма ҳам рўйхатга олинмайди.

Ариза бермаган ёки уни кўриб чиқиш натижасида чиқариб ташланганларни нима кутади?

Ихтиёрий ва мажбурий тартибда рўйхатга олинади.

Қуйидагилар буни қилишлари шарт:

  • умумбелгиланган солиқларни тўловчилар;
  • юридик шахслар – қурилиши марказлаштирилган молиялаштириш манбаларини жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган объектлар бўйича ЯСТ ва ҚҚС тўловчилар;
  • оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган (ишончли шахс) юридик шахслар улар томонидан солиқ солинадиган оборотлар амалга оширилганда;
  • календарь йилда 1 млрд сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушум)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ёхуд пахта хом ашёси ишлаб чиқарадиган ЯЕС тўловчилар.

Ариза бериш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетида махсус шаклни тўлдириш лозим бўлади. Шундан сўнг ариза берувчи ўрганиб чиқилади ва қуйидаги учта гуруҳдан бирига киритилади: ҚҚС бўйича ҳуқуқбузарлик содир этишнинг юқори, ўртача ва паст хавф-хатар.

Фақат ўртача ва паст хавф-хатарга эга ариза берувчилар рўйхатга олинади. Бунда “ўртача”ларни камерал назорат, хронометраж кўздан кечириш, ходимларнинг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторинг, мавзули экспресс-ўрганиш ва назоратнинг бошқа шакллари кутади. Паст хавф-хатар гуруҳини солиқчилар безовта қилмайди. Юқори хавф-хатарга эга ариза берувчилар рўйхатга олинмайди. Бу ҳолда уларни нима кутади?

Рўйхатга олиниши шарт бўлган, бироқ ариза бермаган ёки ҳуқуқбузарликларнинг юқори хавф-хатар гуруҳига тушган шахс ҳар қандай ҳолатда ҳам ҚҚС тўловчи бўлади. Ва у солиқни белгиланган тартибда, бироқ ҳисобга олиш ҳуқуқисиз тўлайди. Бундай ҳолат рўйхатга олингунча сақланиб қолади. Яъни, у: а) ариза беришига;

 б) юқори хавф-хатар гуруҳидан чиқишига тўғри келади.

Солиқчилар ҳар бир ариза берувчи бўйича солиқ органлари, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ахбороти асосида қарор қабул қилади. Зарурат бўлганда ариза берувчини суҳбатга чақиришлари ёки жойига бориб унинг фаолиятини ўрганишлари мумкин.

Сиз қандай ҚҚС тўловчисиз?

Солиқчилар сиз тўғрингизда қандай фикрда эканлигини ҳозирнинг ўзида тушуниш мумкин. Лойиҳада ҚҚС тўловчилар хавф-хатар гуруҳлари бўйича тақсимланадиган мезонлар келтирилади.

Юқори хавф-хатар гуруҳига:

  • рўйхатга олинадиган тадбиркорлик субъектининг раҳбари ёки раҳбарлик ёхуд молиявий бошқарув функциясини амалга оширадиган шахснинг шахси ўрнатилмаган;
  • ҳақиқатда жойлашган жойи тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилган манзилга мос келмайди;
  • ўзининг кўчмас мулки бўлмаган ҳолда ижара шартномасининг мавжуд эмаслиги;
  • ёлланган ходимлари бўлмаган ҚҚС тўловчиларни киритиш таклиф қилинмоқда.

Ўртача хавф-хатар гуруҳига:

  • рўйхатга олинадиган тадбиркорлик субъектининг раҳбари ёки раҳбарлик ёхуд молиявий бошқарув функциясини амалга оширадиган шахси идентификация қилинган, бироқ мазкур молия-хўжалик фаолияти учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмаган;
  • тегишли билим ва кўникмаларга эга бухгалтерия ҳисоби функцияларини амалга оширадиган ходим ёки -бухгалтерия ҳисоби хизматлари кўрсатадиган профессионал ташкилот билан шартнома мавжуд;
  • ҳақиқатда жойлашган жойи тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилган манзилга мос келади;
  • ўзининг кўчмас мулки бўлмаган ҳолда ижара шартномаси мавжуд;
  • ёлланган ходимлари бўлмаган ёки уларнинг сони 1-2 нафарни ташкил этган тадбиркорлик субъектлари киради.

Учинчи- энг фахрли паст хавф-хатар гуруҳига:

  • рўйхатга олинадиган тадбиркорлик субъектининг раҳбари ёки раҳбарлик ёхуд молиявий бошқарув функциясини амалга оширадиган шахси идентификация қилинган ва мазкур молия-хўжалик фаолияти учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлган;
  • тегишли билим ва кўникмаларга эга бухгалтерия ҳисоби функцияларини амалга оширадиган ходим ёки -бухгалтерия ҳисоби хизматлари кўрсатадиган профессионал ташкилот билан шартнома ёхуд – бухгалтерия ҳисобининг электрон дастури мавжуд;
  • ҳақиқатда жойлашган жойи тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилган манзилга мос келади;
  • ўзининг кўчмас мулки бўлмаган ҳолда ижара шартномаси мавжуд;
  • ходимлари сони 3 нафардан ошадиган тадбиркорлар киритилади.