МҲХСга ўтганлар учун Счётлар режаси ва молиявий ҳисобот шакллари эълон қилинди

preview

Молия вазирлиги тадбиркорлик субъектларини МҲХСни қўллаш жараёнида қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ахборот хатини эълон қилди. У Бухгалтерия ҳисобининг намунавий счётлар режаси ва МҲХС асосидаги молиявий ҳисобот шаклларини ўз ичига олади. Бироқ регулятор ҳамма саволларга ҳам жавоб бермаган ва бу аввалгидек тадбиркорларни безовта қилмоқда.

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ (ACCA DipIFR, CAP) шарҳлаб берди:

 

– Ахборот хатидан Бухгалтерия ҳисобининг намунавий счётлар режаси тавсиявий хусусиятга эга эканлиги келиб чиқади. Тадбиркорлик субъектлари унинг асосида фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзларининг ишчи счётлар режаларини тузишлари мумкин. МҲХС асосидаги молиявий ҳисобот шакллари ваколатли органлар, жумладан - солиқ органларига тақдим этиш учун тўлдирилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари зарур ахборотни очиб бериш учун уларни алоҳида сатрлар билан тўлдиришга ҳақли.

 

Ҳисобот қандай топширилади ва аудиторлик хулосаси қандай муддатларда тақдим этилади?

2022 йил 21 июлда Молия вазирлигида МҲХСга ўтган тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. Унда 2021 йил якунлари бўйича молиявий ҳисобот ва аудиторлик хулосаларини топшириш масалалари муҳокама қилинди. Ва у ерда Молия вазирлигининг ахборот хатида ўз аксини топмаган ва очиқ қолаётган, хануз солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларининг бажарилишини қийинлаштираётган иккита муҳим масала кўтарилди:

1. Ҳисобот қайси шаклда - электрон ёки қоғоз шаклида тайёрланиши ва у кимга топширилиши кўрсатилмаган. Солиқ тўловчилар буни my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетларида амалга оширишга кўникишган. Бироқ бу шакллар ҳали у ерда мавжуд эмас. Молия вазирлигидаги учрашувда ҳисоботларни тақдим этиш учун махсус платформани яратиш тўғрисида сўз борганди, у ҳақда ҳам ҳали ҳеч нарса маълум эмас.

Ҳозирча солиқ тўловчилар кўрсатилган шаклларни фақат электрон шаклда (ёки ўз ихтиёрига кўра қоғоз шаклида) тўлдириши ва талаб қилингунга қадар уларни ўзида сақлаши мумкинлиги келиб чиқадими?

2. Тайёрланган ҳисоботлар билан мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиш учун аудиторларга мурожаат қилиш, хулосани эса - солиқ органларига тақдим этиш мумкин. Бироқ солиқ органларига бундай хулосани тақдим этиш учун “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунда белгиланган барча муддатлар ўтиб кетган.

Молия вазирлигида ўтказилган учрашувда МҲХСга ўтганлар учун бундай муддатлар 2022 йил учун кўчирилиши ва аудиторлик хулосаси гўёки 1 октябрга қадар тақдим этилиши мумкинлиги ҳақида гапирилди. Бироқ бу ҳақда ҳам ахборот хабарида ҳеч гап йўқ.

Барча саволларга регуляторнинг яқин вақтдаги расмий хабарларида жавоб топамиз, деб умид қиламиз.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади