Онлайн-НКМни рўйхатдан ўтказиш учун географик координаталар зарур. Уларни қаердан олса бўлади

preview

Ниҳоят онлайн-НКМ ва виртуал кассага нисбатан аниқ қоидалар пайдо бўлди! Вазирлар Маҳкамасининг 23 ноябрдаги 943-сон қарори билан узоқ кутилган талаблар ва тартиб-таомил масалалари тасдиқланди. Янги аппаратлар сотиб олмасдан, эскиларини модернизация қилса бўладими? Янги технологияларга қачон ва қандай ўтиш мумкин. Барча тартиб-таомил босқичлари аниқ тартибга солинганми? Қабул қилинган ҳужжатда ушбу саволларга жавоб излаймиз.

Онлайн-НКМни сотиб олмаса бўлади, агар...

Хушхабар: ҳа, баъзи тадбиркорлар фойдаланилаётган фискал хотирали НКМни модернизация қилсалар ва қайта созласалар етарли бўлади. Айрим моделларни ишлаб чиқарувчилар бундай имкониятни назарда тутишган. Бироқ, фақат техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХМ) билан келишувга кўра ушбу масала бўйича якуний қарорни қабул қилиш мумкин.  

Агар ТХМ сизнинг НКМ бўйича салбий хулоса берса, янги қурилма сотиб олишга тўғри келади. Ижобий қарор бўлган тақдирда ТХМнинг ўзи қайта созлашни амалга оширади.

НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишдан олдин ДСИда рўйхатдан ўтказиш даркор ва бу – ТХМ ходимларининг мажбурияти. Сиздан фақат марказга зарур ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилади. Рўйхатдан ўтказиш учун қуйидагилар зарур (қоғоз ёки электрон шаклда):

1. Турғун савдо шохобчаси мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари (бино-иншоотнинг ёки унинг қисмининг ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжатлари);

2.Онлайн-НКМ ёки  виртуал кассага техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашга тузилган шартноманинг нусхаси;

3.Турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси манзилининг харитадаги координатаси.

Биринчисини – сиз тақдим этасиз, иккинчисини – ТХМ ходимларининг ўзлари тайёрлашади. Учинчи банд бўйича савол бор...

Координаталарнинг белгиланиши учун ким жавоб беради?

Бухгалтерга ўзининг муаммолари камлик қилгандек, энди яна география билан ҳам озгина шуғулланишига тўғри келади... Биз жараён тарафлари билан мулоқот қилдик ва қуйидагиларни аниқладик:

  • Солиқчилар бундай дейишади: “агар сизда координаталарни белгилаш борасида муаммолар юзага келса, ТХМ ходимлари сизга ёрдам беришади”.
  • ТХМда айтишларича: “агар бизни бунга мажбур қилишса, биз, албатта, ёрдам берамиз”.

Биз қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган ҳар қандай талаб ҳеч қандай “агар...”сиз тартибга солинган бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжатлар шунчаки қабул қилинмайди.  Координата масаласи ҳал қилингунча, ҳар эҳтимолга қарши маълум қиламиз: гап сизнинг савдо ёки сервис шохобчангиз жойлашган бинонинг географик координаталари (кенглик, узунлик) хусусида бормоқда. Координаталарни Гугл ва Яндекс хариталари ёрдамида белгилаш мумкин. Шунингдек, бу маълумотларни  савдо шохобчаси жойлашган ер участкасининг кадастр ҳужжатларида ҳам топиш мумкин. Бундай ҳужжатлар бино мулкдорида бўлади.

Олег ГАЕВОЙ