Солиқларни минимал чиқимлар билан тўлашга нима халақит беради: ТОП-10 муаммолар

preview

29 июль куни “Норма” ПРМда бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари ва аудиторлар молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ билан учрашувда солиқ тўловчиларга солиқларни энг кам чиқимлар билан тўлашга нима халақит бериши ҳақида гапириб беришди.

 

Солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ 10 та мураккабликни келтириб ўтамиз. Улар сиз учун долзарбми?

 

1. ҚҚСни қайтариш билан боғлиқ мураккабликлар

Бу масала экспорт қилувчиларда айниқса кескин туради. Учрашувда мўйнадан тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилувчи, мана икки йилдирки 200 млн сўм миқдорида тўланган ҚҚСни ололмаётган кичик корхона мисол тариқасида келтирилди.  Бунда экспорт қилувчи бозорда 20 йилдан кўпроқ вақт фаолият кўрсатмоқда, солиқларни мунтазам тўлаб келмоқда..

Аудиторлар ва солиқ маслаҳатчилари ҚҚСни қайтармаслик учун кўп далиллар ишга солинганлигини тасдиқлашди: солиқ узилиши “ўзгача”, “камерал текширувни ўтказадиган ҳеч ким йўқ, ҳамма банд”, “юқорида рухсат беришмайди”...

 

2. Муқобил вариантсиз бир томонлама ЭҲФнинг бекор қилиниши

2022 йил 12 июлга қадар солиқ тўловчилар  муайян вазиятларда улар асосида солиқ ҳисоботларида тушум ҳисобга олинган бир томонлама ҳисобварақ-фактуралар тақдим эта олишган. ДСҚ реализацияни солиқ ҳисоботларида (онлайн-НКТ, маркетплейслар) автоматик тарзда акс эттиришнинг техник имкониятини яратган ҳолда, жисмоний шахслар билан ҳисоб-китобларда бир томонлама ЭҲФни бекор қилди. Бироқ айрим ҳолларда бир томонлама ЭҲФсиз уддалашнинг имкони йўқ (савдо автоматлари орқали сотиш, ҚҚС солинадиган йирик корхоналардаги ошхоналарда ходимларни овқатлантиришни ташкил қилиш, ўз ходимларига совғалар ёки моддий тарзда ёрдам бериш, жамоат транспорти хизматлари).  Бундай вазиятларда қандай йўл тутиш тушунарсиздир.

 

3. Ўзгараётган ҳисобот шакллари

СКнинг 81-моддаси 2-қисмида назарда тутилган солиқ ҳисоботи шаклларини қабул қилиш ва ўзгартиришнинг амалдаги тартибига риоя қилинмаяпти. Натижада ҳисобот даври мобайнида улар бир неча марта солиқ тўловчиларни хабардор қилмаган ҳолда ўзгартирилмоқда, ўзгартиришлар эълон қилинмаяпти ва тушунтириш берилмаяпти. Бу виждонли солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларининг бажарилишида катта қийинчиликлар туғдирмоқда.

 

4. ДСҚ, Давстатқўм ва ЯММТ ахборот тизимлари интеграция қилинмаган

Солиқ ҳисоботи, статистика ва кадрларни ҳисобга олиш шакллари бир неча марта қўлда киритилиши керак бўлган айни бир кўрсаткичларни ўз ичига олади. Бухгалтерлар бунга сарфлайдиган вақтни муҳимроқ ишларга - солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўрганишга, уларнинг малакасини оширишга ва ҳоказоларга бағишлаш мумкин бўларди.

 

5. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳар ойлик ҳисобот

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ойлик ҳисоботларнинг жорий этилиши кичик ва микро корхоналарнинг солиқ мажбуриятларини бажаришга сарфлаган чиқимларининг ошишига олиб келди. Ҳозирги вақтда бухгалтерлар ҳисоботларни тайёрлашга аввалгига қараганда уч баробар кўп вақт сарфламоқдалар. Бунда бюджет учун фойдасини тушуниш қийин, чунки бу тушумнинг арзимаган улушини ташкил қилади.

 

6. ЖШДС бўйича имтиёзларни ҳисобга олиш билан боғлиқ мураккабликлар

Давлат ижтимоий сиёсатни амалга ошириш чоғида ЖШДС бўйича солиқ чегирмалари инструментидан кўпроқ фойдаланмоқда. Бу – яхши! Бироқ имтиёзлар сони мунтазам ошиб бораётганлиги туфайли бухгалтерлар чалкашиш ва хато қилишни бошлашмоқда. Чегирмалар нафақат ходимга, балки унинг оила аъзоларига ҳам бериладиган айрим ҳолларда хатони суиистеъмолчиликдан фарқлаш мушкул.

 

7. Резидентлик сертификати туфайли имтиёзни қўллашни кечиктириш

Агар хорижий ҳамкор Ўзбекистоннинг резидентига хизматлар кўрсатса, иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида битим мавжуд бўлган тақдирда у фойда солиғи тўлашдан озод қилиш ёки ставкани пасайтириш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. У мазкур имкониятдан фойдаланиши учун даромадни тўлаш санасига резидентлик сертификати зарур. Ушбу ҳужжатни олиш учун баъзан 1-2 ой талаб қилинади. Сертификат олингунга қадар корхона - солиқ агенти халқаро шартноманинг шартларини қўллашга ҳақли эмас. Ёки шартномани бажаришни сертификат олинадиган муддатгача кечиктириш ёхуд  солиқни кейинчалик уни хорижий ҳамкорга қайтаришнинг ноаниқ истиқболи билан СК ставкалари бўйича тўлаш зарур.

 

8. Солиққа доир низолар бўйича суд амалиёти таҳлилининг мавжуд эмаслиги

Кўп тадбиркорлик субъектлари низоли масалаларни судгача тартибда ҳал қилинишига эришмаган тақдирда уларни суд орқали ҳал қилади. Бироқ бундай ишлар бўйича қарорлар умумлаштирилмайди ва солиқ тўловчилар ва солиқ органлари эътиборига етказилмайди. Натижада айни бир низоли хўжалик вазиятлари олдини олиш мумкин бўлган янги ва янги суд муҳокамаларини келтириб чиқаради.

 

9. Низоларни судгача ҳал қилишнинг заифлиги

Хориждаги солиқ органининг қарори устидан судгача шикоят бериш тартиб-таомили ўз самарадорлигини кўрсатди. У - содда, юқори турувчи солиқ органи шикоятларни тез кўриб чиқади, суд муҳокамаларидаги каби давлат божи тўлаш ва бошқа чиқимларни амалга ошириш керак эмас. 

Ўзбекистонда шикоят беришда тартиб-таомиллар ва фойдаланиладиган ​​ҳужжатларга қўйиладиган талаблар етарли даражада тартибга солинмаган, шикоятларни кўриб чиқиш амалиётига оид материаллар мавжуд эмас, кўпинча масъул шахслар уларни расмий ва нохолис кўриб чиқадилар. Натижада низоларнинг асосий қисми суд орқали ҳал қилинади ва бу нафақат солиқ тўловчилар, балки давлат органининг ҳам маблағларини бошқа томонга жалб қилади.

 

10. Солиқ органларининг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш тўғрисида маълумот мавжуд эмас

Қонун ҳужжатларида ДСХО мансабдор шахсларининг жавобгарлиги назарда тутилган. Шу жумладан - қуйидагиларга сабаб бўлган ғайриқонуний ҳаракатлари учун :

  • фуқароларга, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга моддий ва маънавий зарар етказганлиги учун;
  • хўжалик юритувчи субъектларда ишлаб чиқариш ҳажмларини пасайтириб юборганлиги ва солиқ солиш базасини камайтириб юборганлиги учун.

Бироқ, хизмат текширувлари ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар солиқ тўловчиларга етказилмайди. Солиқ тўловчининг ҳақлиги судгача ёки суд босқичида эътироф этилган ҳолларда, кўпинча солиқ органининг мансабдор шахслари қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилмайди, натижада солиқ тўловчиларнинг қонуний манфаатлари лозим даражада ҳимояланмайди. Амалдорлар билан ўзаро муносабатлар натижасида ҳуқуқлари бузилган корхоналарга етказилган зарарнинг ўрни қопланмайди. Буларнинг барчаси СКда “Солиқ органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги тўғрисида”ги бўлимнинг мавжуд эмаслиги оқибатидир.

 

Дилшод СУЛТОНОВ учрашув иштирокчиларига очиқ суҳбат учун миннатдорлик билдириб, Молия вазирлиги учрашувда билдирилган муаммоларни синчиклаб ўрганиб, бошқа давлат органлари билан биргаликда уларни ҳал этиш чораларини кўришига ишонтирди.