Янги божхона божлари нархларда қандай акс этади?

preview

ҚҚС ставкаларининг пасайтирилиши билан бирга импорт божхона божларининг ўзгариши нархлар ва импорт қилувчи корхоналар учун жами юкламанинг ошишига олиб келмайди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатасида ўтказилган брифингда Давлат божхона қўмитаси, Адлия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон ССП вакиллари сўзлаб беришди.

ДБҚ раиси ўринбосари Мутолибжон Солиев ҚҚС ставкасининг 20%дан 15%гача пасайтирилиши туфайли октябрь ойининг ўзида корхоналар-ТИФ иштирокчилари импорт қилишда 307,6 млрд сўм иқтисод қилишганини таъкидлади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур товарларнинг аксарият қисми (2/3) импорт божхона божи ундирилмасдан МДҲ мамлакатларидан импорт қилинмоқда (Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома доирасида, таҳр.). 2019 йил  бошидан буён божхона тўловлари солинадиган импорт ҳажми $4,3 млрд ни ташкил этиб, улардан МДҲ мамлакатлари улушига $2 млрд ёки 46,3% тўғри келади.

Ресурслар ва хом ашёга асосан ноль даражадаги ставка белгиланган (товарларнинг 39,4%и). Мамлакат ичида юқори қўшилган қийматли товарлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида тайёр импорт маҳсулотлар учун ставкалар 10%дан 20%гача оширилади.

! 2020 йил 1 январдан бошлаб ТИФ ТНнинг 11 293 та товар позицияси доирасида: 7 261 та товар позицияси бўйича – импорт божхона божи ставкаси ўзгармайди, 2 730 таси бўйича – ставка жорий этилади (яъни бу товарлар бўйича бож жорий йилда тўланмайди, бироқ 2020 йилда ундирилади, таҳр.), 1 096 таси бўйича – оширилади ва 208 таси бўйича пасайтирилади.

Мутолибжон Солиев айрим юқори талабга эга импорт қилинадиган товарлар бўйича аниқ мисоллар келтирди.

Товар

Ставканинг ўзгариши (%)

Импортнинг умумий ҳажми

МДҲ мамлакатларининг импортдаги улуши (%)

ҚҚС ставкаси ва божхона преференцияларининг пасайишини инобатга олган ҳолда кутилаётган ўзгариш

Бошқа мамлакатлардан (МДҲдан ташқари) импорт қилишга божхона ставкаларининг ўсиши ҳисобига нархларнинг эҳтимолий ўзгариши

Кунгабоқар ёғи

0 дан 5 гача

$114,9 млн га 139,9 минг тонна

99,9

қийматининг 5%га пасайиши

 

Металлпрокат

0 дан 5 гача

$76,1  млн га 116,4 минг тонна

21,3

қийматининг 5%га пасайиши

қиймати 0,75%га ошиши мумкин

Мотор мойи

0 дан 5 гача

25,9  млн АҚШ долларига 22,9 минг тонна

49

қийматининг 5%га пасайиши

қиймати 0,25%га ошиши мумкин

Автомобиль шиналари

10 дан (бироқ донаси учун камида $3) 20 гача (донаси учун $5)

$29,2  млн га 18,8 минг тонна

0,7

товар қийматининг 5%га пасайиши

қиймати 6%га ошиши мумкин

– Божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш давлатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашади, шунингдек миллий иқтисодиётнинг ривожланиши учун шароитлар яратади, – деб ҳисоблайди инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов. – Божхона божининг ўртача арифметик ставкаси 2019 йилдаги 5,6%дан 2020 йил 1 январдан бошлаб 8%гача ошади. Халқаро стандартларга кўра Ўзбекистон божхона божлари билан иқтисодиёт тармоқларини ҳимоя қилиш даражаси “паст” ва “мўътадил” сифатида баҳоланади.

Асосий савдо ҳамкорларимизнинг юқори божхона божлари кўп ҳолларда бизни манфаатсиз ҳолатга туширади. Масалан, Хитойда ўртача арифметик ставка 10%ни, Афғонистонда – 13,6%ни, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти мамлакатларида – 8,1%ни, Туркияда – 10,9%ни, Ҳиндистонда -  50,8%ни, Исроилда – 23,1%ни ташкил этади. Агар товарлар гуруҳлари бўйича қарайдиган бўлсак, Кореяга мева ва сабзавотларни импорт қилишда ставка 45%ни, унни Туркияга импорт қилишда 80%гачани ташкил этади ва ҳоказо.

Шуни таъкидлаш жоизки, илгари ставкаларнинг оширилиши нархларнинг ошишига таъсир кўрсатмади. Келгусида тариф-божхона чоралари нотариф чоралари билан бирга қўлланилиши лозим. Хусусан, лабораторияларни модернизация қилиш ишлари бошланди, янги ускуналар келтирилмоқда ва ҳоказо. Белгиланган ставкалар зарурат бўлганда қайта кўриб чиқилади.

Яна битта муҳим жиҳат – божхона ставкаларининг ўзгартирилиши Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши шартларидан бири ҳисобланади.

Лола Абдуазимова