Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро ДСИ ўз ишини бошлади

preview

ДСҚда Президентнинг 26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон қарори билан ташкил этилган Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг расмий очилиш маросими ўтказилди.

Бундай турдаги инспекция мамлакатимизда биринчи бор ташкил этилди. Унинг фаолиятини Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан ҳамкорликда ташкил этишда  жаҳоннинг кўплаб мамлакатларининг тажрибаси инобатга олинди.

Тадбирда таъкидланганидек, замонавий солиқ маъмуриятчилиги солиқ тўловчиларни сегментларга ажратиб, уларга хизмат кўрсатиш, мажбуриятини ихтиёрий бажаришига кўмаклашиш ва келгусида солиқ қонунчилигининг бузилишини олдини олишга қаратилган.

Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб инспекцияни малакали кадрлар билан тўлдириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Йирик солиқ тўловчилар фаолияти мураккаблигини инобатга олган ҳолда, уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун 116 нафар профессионал мутахассислар жамланди.

Шу билан бир қаторда, давлат бюджетига солиқ тушумларининг қарийб тенг ярмини ташкил этадиган 1416 та йирик солиқ тўловчи корхона, ташкилот ва муассасалар танлаб олинди. Уларнинг 523 таси ишлаб чиқариш корхоналари бўлса, 893 таси тижорат банклари ва уларнинг филиаллари ҳисобланади.

Эндиликда йирик солиқ тўловчилар туман солиқ инспекцияга, кейин эса солиқ бошқармасига мурожаат қилиш ўрнига тўғридан-тўғри ДСҚ мутахассисларидан маслаҳатлар ва амалий ёрдам олиш имкониятига эга бўладилар. 

Мисол учун, нефть-газ соҳасидаги корхонанинг конлари 13 та турли туманларда жойлашган. Илгари корхона 13 та солиқ инспекциясига ҳисобот топшириши керак бўлган бўлса, энди фақатгина Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига электрон ҳисобот тақдим этади холос.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Йирик солиқ тўловчилар қайси мезонлар асосида танлаб олинади?  Йирик солиқ тўловчиларни танлаш бўйича аниқ мезонлар ишлаб чиқилди. Хусусан:

- ўтган календарь йил якуни бўйича маҳсулот (товар, иш ва хизматлар)ни сотишдан олинган соф тушуми 100 млрд сўмдан юқори бўлган корхона ва ташкилотлар;

- акцизости товарлар ишлаб чиқарувчи, молия бозоридаги банклар ва уларнинг филиаллари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари, тоғ-кон металлургия соҳаси ҳамда маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган корхоналар танлаб олинди.

Йирик солиқ тўловчилар фаолияти устидан тўлақонли солиқ маъмуриятчилигининг амалга оширилиши пировардида маҳаллий бюджетларга солиқ тушумининг  кўпайишига хизмат қилади.

ДСҚ Матбуот хизмати.