Юридик шахснинг ҳисоб маълумотларини қандай қилиб тезкор равишда ўзгартириш мумкин

preview

ДСҚ «ЮШ ҳисоб маълумотларини ўзгартириш» интерактив хизматини тест режимида ишга туширди. Унинг ёрдамида солиқ тўловчининг кабинетида қуйидагиларга ўзгартириш киритишингиз мумкин:

  • раҳбар ҳақидаги маълумотлар (СТИРи, Ф.И.О., хизмат ва уяли алоқа телефонлари);
  • бухгалтер ҳақидаги маълумотлар (СТИРи, Ф.И.О., хизмат ва уяли алоқа телефонлари);
  • фаолият тури («Соҳаси» қатори), юқори турувчи ташкилот номи (муассислар ҳақида ахборот, «Вазирлик» қатори), юридик шахснинг манзили, телефон, факс рақами, электрон почтаси.

Бош давлат солиқ инспектори Зулфия ХУДОЙБЕРГАНОВА у қандай ишлаши ҳақида гапириб берди:

– Ҳисоб маълумотларини ўзгартиришингиз учун раҳбар номига берилган юридик шахснинг ЭРИси керак бўлади.

my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ёки «Тест режимидаги хизматлар» иловасида «Ҳисоб маълумотларини ўзгартириш» тугмачасини топинг. «ЮШ ҳисоб маълумотлари» интерактив хизматидаги махсус тугмачадан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Кўрсатилган тугмачага босиб, керакли қаторларга ўзгартиришларни киритинг.

  • Тегишли қаторга уларнинг СТИРи киритилса, янги раҳбар ёки бош бухгалтернинг Ф.И.О. автоматик равишда янгиланади.
  • «Соҳаси» ва «Вазирлик» қаторларини тўлдираётганда очиладиган эслатмада кўрсатилган рўйхатдан мос вариантни танлаш лозим.
  • Юридик манзил, телефон, факс рақами ёки электрон почтани ўзгартириш учун ёзув қайд этилган аввалги жойга янгисини киритинг.
  • Ўзгартиришларни сақлаб қолиш учун «Жўнатиш» тугмачасини босинг.

Ўзгартиришларни ким назорат қилади

Юридик шахснинг раҳбари ёки бошқа масъул шахси ҳисоб маълумотларига ўзгартиришлар киритиш тарихини доим кўриши мумкин. Бунинг учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетида («ЮШ ҳисоб маълумотлари» интерактив хизматида) киритилган ўзгартиришлар реестри мавжуд – унда барча тузатишлар санаси ва вақти, шунингдек уларни киритган шахс ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.

Ҳисоб-китоб счёти ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш мумкинми

Бошқа ҳисоб маълумотлари (ҳисоб-китоб счёти, банк, МФО, ХХТУТ, ИФУТ, МШТ, ТХШТ, МҲОБТ) ваколатли органлар (банклар, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказувчи органлар, статистика органлари) томонидан ўзгартирилганда, улар ўзгартирилгани ҳақидаги ахборот автоматик равишда акс этади.

Буларнинг бари ҳақиқатан ишлаяптими?

Маслаҳатчи-бухгалтер Виктория БЕЗГИНА:

– Ишлаётганини тасдиқлайман!

Илгари, айтайлик, бош бухгалтер ишдан бўшаса ёки оддийгина телефон рақамини алмаштирса, 8-сон шаклни (икки саҳифадан иборат маълумотларни!) тўлиқ тўлдиришга тўғри келарди. Иккинчи саҳифанинг охирида биронта рақам нотўғри киритилса, ҳаммасини янгитдан кўчириш талаб қилинарди. Сўнг тўлдирилган ушбу шаклни ДХОга электрон почта орқали жўнатиш ёхуд ўз қўли билан топшириш керак бўларди. Бунга эса кўп вақт кетарди.

Солиқ органлари ходимлари ҳам ишга кўмилиб, ахборот тизимига ўзгартиришларни доим ҳам тезкор равишда кирита олмасдилар. Натижада қуйидагича вазият кўп кузатиларди: ташкилот бухгалтери анча аввал ўзгарган бўлса-да, электрон ҳужжатлар ва ахборот тизимларида бу ташкилотда ишламаётган кишининг исми қайд этилган бўларди.

Энди ҳаммаси анча осонлашди: керакли сатрга ўзгартиришлар киритишнинг ўзи кифоя. Тизим реал вақт режимида барча ўзгартиришларни эслаб қолади. Бу жуда қулай, албатта!

Ишлаб чиқувчиларга илтимосим ҳам бор. Қаторларнинг номланишига эътибор қаратинг! Аксарияти ноаниқ бўлгани учун ишни қийинлаштирмоқда.

 

Олег ГАЕВОЙ.