Корхонани тугатиш ўрнига яна фаолият кўрсатаётган мақоми берилган бўлса, нима қилиш керак

preview

“7 ой олдин биз Давлат хизматлари марказига ташкилотимизни (йилига 1 млрд сўмдан ортиқ айланмага эга) тугатиш илтимоси баён этилган ариза бердик. Бироқ корхона хануз тугатилмаган, сабаби солиқ органлари ҳали тугатишга доир текширув ўтказишмаган. Бунинг ўрнига биз солиқ органидан фаолият кўрсатаётган корхона ҳисобланишимиз боис, солиқ ҳисоботларини топшириш ва солиқларни тўлаш талаби билан хат олдик. Раҳбариятнинг позицияси ўзгаришсиз қолди – тугатилади. Энди биз компанияни тугатиш тўғрисида аризани такроран топширишимиз ва тугатиш тартиб-таомили чўзилиб кетганлигида айбимиз йўқлигига қарамай, ўтган ойлар учун ҳисоботларни топширишимиз керакми?”. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

– Солиқ хизматининг солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосасисиз сизга банк ҳисобрақамларингизни ёпиб беришмайди. Бинобарин – Давлат хизматлари маркази тугатишни рўйхатдан ўтказмайди. Бу Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тартиби тўғрисида низомдан келиб чиқади.

Мен айнан солиқ хизматининг хулосаси мавжуд эмаслиги тугатилаётган корхона тугатиш учун ажратилган 6 ой муддатда улгурмаганлигига сабаб бўлган вазиятларга кўп марта дуч келишимга тўғри келган. Пировардида Низомнинг 38-бандига мувофиқ тугатишни тўхтатиш ва ташкилот фаолиятини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Солиқларни кўриб чиқамиз. Корхонанинг тугатувчиси йил бошидан бошлаб Давлат хизматлари маркази хабардор қилинган санагача бўлган даврда ташкилот томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва йиғимлар бўйича ҳисоб-китобларни тузиши ва тошириши шарт. Улар солиқлар бўйича “оралиқ” ҳисоб-китоблар сифатида топширилади. Молия-хўжалик фаолиятини тўхтатиб туриш даврида ҳисоб-китобларни топшириш керак эмас, сабаби ҳеч қандай хўжалик операциялари мавжуд эмас. Ваҳоланки амалиётда ўзини ҳимоя қилиш учун ноль кўрсаткичли ҳисоботларни топширганларга кўп дуч келганман.

Давлат хизматлари маркази хабардор қилинган санадан бошлаб ер солиғи, ягона ер солиғи, мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек, барча турдаги солиқлар ва йиғимлар бўйича пеняларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатилади . Агар  ихтиёрий тугатиш тўхтатилса ва корхона фаолиятини тикласа, ушбу норманинг амал қилиши тўхтайди. Боз устига ؘ– тадбиркорлик субъекти ушбу солиқлар бўйича ҳисоботларни топшириши ва тўхтатиб турилган давр учун тўлиқ ҳажмда солиқларни тўлаши шарт.

Агар корхона тайёр маҳсулот қолдиқларини ва бошқа активларни реализация қилса, у тугатилиши ёки тугатилмаслигидан қатъи назар, солиқлар ва йиғимларни амалдаги сотиш нархларидан келиб чиққан ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқади ва тўлайди .

Агар сиз тугатиш тўғрисида хабарномани 7 ой олдин берган бўлсангиз, шундан 6 ой мобайнида ўзини ўзи тугаётган корхона мақомида бўлгансиз ва бир ой давомида фаолият кўрсатаётган корхона мақомидасиз – ушбу охирги ой ва кейинги ойлар учун солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш, солиқ ҳисоботини топшириш лозим. Шу жумладан – ўзини ўзи тугатиш амалга оширилмаган 6 ой учун ер солиғи, ягона ер солиғи, мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек, барча турдаги солиқлар ва йиғимлар бўйича пеняларни.

Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди, агар сиз белгиланган муддатларни ўтказиб юборсангиз, пеняларни тўлашга ҳам тўғри келади.

 

Агар бизнесга эгалик қилувчи барибир тугатишни хоҳласа-чи?

Яна Давлат хизматлари марказига янги ариза билан мурожаат қилинг. Бунда сиз Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тартиби тўғрисида низомда назарда тутилган худди шу тартиб-таомилдан ўтишингиз лозим бўлади.

Солиқ текшируви билан боғлиқ ҳолат қайтарилмаслиги учун қатъиятликни намоён қилишни тавсия қиламан.

 

Buxgalter.uzдан:

Сўров натижалари ҳақиқатан тугатиш текширувлари билан боғлиқ муаммо мавжудлигидан далолат беради. Биз томонимиздан фирмаларни ёпишда иштирок этган бухгалтерлар орасида ўтказилган сўровда респондентларнинг 49%и солиқ текшируви белгиланган муддатларда ўтказилмаганлигини кўрсатишди.

Муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

Давлат органлари ходимларининг ниҳоятда бандлиги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва мулкий манфаатларининг чекланишига олиб келмаслиги лозим. Шу боис “Норма” экспертлари қуйидаги қоидани қонунчиликда белгилаб қўйишни таклиф қиладилар: агар тугатиш солиқ текшируви белгиланган муддатларда ўтказилмаган бўлса, юридик шахс тугатиш жараёнини текширувсиз якунлашга ҳақли.

Шунингдек, бизнинг юристларимиз тугатиш учун ажратилган 6 ой тугашини кутмасдан, ҳаракат қилишни маслаҳат беришади.

 

Элеонора МАЗУРОВА, Норма” эксперти, адвокат:

– Амалдаги қонунчиликка асосан ҳудудий солиқ органи рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан тизим орқали хабардор қилинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида тугатилаётган тижорат ташкилотининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга киришиши керак .

Мазкур текширувнинг муддати 30 календарь кундан, ўзини ўзи тугатиш учун ажратилган умумий муддат эса – 6 ойдан ошмаслиги керак .

Тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган солиқ тўловчида, агар у белгиланган муддатда тугатилишга улгурмаса, солиқ оқибатлари содир бўлади  .

Шу сабабли хабардор қилинганидан кейин 3 кун ўтгач текширув бошланмаган бўлса, ҳудудий солиқ органи раҳбарига ва юқори турувчи солиқ органига хат-эслатма юборинг. Хатда ўз корхонангизнинг барча маълумотларини, тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санани ва рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинган санани кўрсатинг. Шунингдек, солиқ органига у томондан тугатиш текширувини ўтказиш муддатлари бузилган тақдирда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик мавжудлиги ва мансабдор шахсларга БҲМнинг 40-80 баравари миқдорида жарима солиниши ҳақида эслатиб ўтинг .

Захирада 5 ой мавжуд бўлган ҳолда, ҳатто сиз прокуратура органларига мурожаат қилишингизга тўғри келса-да, турли мурожаатлар билан ўз корхонангизни текшириш ташаббуси билан чиқишингиз мумкин. Қонунларга риоя қилинишини кузатиб бориш айнан уларнинг мажбуриятига киради. 

Ҳеч бўлмаганда, агар сизнинг уринишларингиз ҳеч қандай натижа бермаган бўлса, 6 ойлик муддат тугашидан 3 кун олдин рўйхатдан ўтказувчи органни қайтадан ўзингизни тугатишингиз тўғрисида хабардор қилинг. Бу билан сиз солиқлар бўйича янги имтиёзли муддатни тиклайсиз. Ва – ўз ҳуқуқларингиз бузилганлиги тўғрисида ва солиқ органларини ҳаракатсизликлари учун жазолаш талаби билан барча инстанцияларга шикоят ёзишни бошланг.

Эътибор беринг

Қуйидаги ҳолларда ўзини ўзи тугатишда солиқ текшируви ўтказилмайди :

1) йиллик айланмаси охирги 3 йил ичида 1 млрд сўмгача бўлган, солиқ маслаҳатчиси томонидан солиқларга доир хулоса берилган тижорат ташкилотида. Бунда ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар текширилиши лозим;

2) давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган ва солиқ қарзига эга бўлмаган тижорат ташкилотларида.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади