Қурилиш ишлари бўйича ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади

29.01.2021
author avatar

Дильшод Султанов

молия вазирининг ўринбосари
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– пудрат шартномаси бўйича қурилиш ишларини бажаришда ҚҚС:
        ўз материалларидан;
        буюртмачи материалларидан;
– маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш;
– сотиш учун объектни қуриш;
– узоқ муддатли контракт бўйича ҚҚС;
– ўз эҳтиёжлари учун ишларни бажаришда ҚҚС;
        айнан ўхшаш ишлар (хизматлар);
        бир турдаги ишлар (хизматлар);
        ишлар (хизматлар)нинг ўртача тортилган нархи ҳисоб-китоби.

 

Қурилиш ишларига ҚҚС солиш тартиби ва уларни ҳисобга олиш қуйидагиларга боғлиқ:

  • қурилиш варианти;
  • қурилишни моддий ресурслар билан таъминлаш усули.

Қурилишнинг қуйидаги вариантлари эҳтимолари мавжуд:

  • қурилиш пудрати шартномаси бўйича ишларни бажариш . Буюртмачи топшириғи бўйича сиз, пудратчи сифатида, объектни қурасиз ёки қурилаётган ёки амалдаги объектда алоҳида ишларни бажарасиз. Масалан, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш, пардозлаш, сантехника ишлари ва бошқалар. Бу ҳолда қурилиш объектини ўз балансингизга кирим қилманг. Бажарилган ишларни 9030-счёт «Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»да акс эттиринг;
  • сотиш учун объектни қуриш – ишлаб чиқариш ёки маъмурий бино, турар жой (бутунлигича ва квартиралар бўйича сотилиши мумкин бўлган) ва ҳ.к. Бу ҳолда қурилиш объектини ўз балансингизга кирим қилинг ва ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатида 2810-счёт «Омбордаги тайёр маҳсулотлар»да акс эттиринг;
  • ўз эҳтиёжлари учун ишларни бажариш – ҳам ўз кучи (хўжалик усулида), ҳам пудратчиларни жалб қилган ҳолда (пудрат усулида). Бунда ишларни бажаришга сарфларни ёки харажатлар ҳисобига (объектнинг мақсадига боғлиқ ҳолда) ҳисобдан чиқаринг, агар объектни таъмирласангиз, ёхуд объектнинг қийматига киритинг, агар уни қуриб битказсангиз ёки қайта қурсангиз;
  • ўз эҳтиёжлари учун объектни қуриш. Объектни қуришни ҳам иккита усулда амалга ошириш мумкин – ўз кучи билан ёки пудратчиларни жалб қилиш. Қурилиш бўйича сарфларни 0810-счёт «Тугалланмаган қурилиш»да тўпланг, кейин эса объектни фойдаланишга киритишда уни 0120-счёт «Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар»нинг дебети бўйича кирим қилинг.

Охирги ҳолда ҚҚС ҳисоблаш бўйича мажбурият юзага келмайди, сабаби объект қурилиши бўича сарфлар унинг бошланғич қийматига киритилади ва амортизация ажратмалари орқали харажатларга киритилади .

Умумий қоидага биноан қурилишда ҚҚС бўйича солиқ базаси бажарилган қурилиш ишлари қиймати ёки битим тарафлари томонидан аниқланган қурилган объектни реализация қилиш қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

Эътибор беринг!
2022 йилдан бошлаб битим нархини аниқлашда трансферт нархни белгилаш тўғрисидаги қоидалар ҳам ҳисобга олинади  .

Пудрат шартномаси бўйича қурилиш ишларини бажаришда ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади

Бундай қурилиш вариантида сиз қуйидагилардан фойдаланишингиз мумкин:

  • фақат ўз материалларингиздан;
  • фақат буюртмачининг материалларидан;
  • қисман ўз материалларингиздан ва
  • қисман буюртмачи материалларидан.

Қурилишни материаллар билан таъминлаш тартибини мажбурий тартибда пудрат шартомасида белгиланг.

Ўз материалларингиздан пудрат ишларини бажаришда ҚҚС ҳисоб-китоби

Агар сиз фақат ўз қурилиш материалларингиздан фойдалансангиз, ҚҚСни шартнома ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ сарфланган материалларни ҳисобга олган ҳолда ишларнинг умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқаринг .

Ишларнинг қиймати уларнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда физик кўрсатичларда ва шартнома (смета) нархларида ҳисоблаб чиқарилади.

Ишларнинг умумий қийматида қуйидагиларни ҳисобга олинг:

  • ташиш ва тайёрлаш-омбор харажатлари – материаллар, буюмлар, конструкциялар ва ускуналар сотиб олишга сарфлар суммасидан фоиз сифатида;
  • қурилишни ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлаб чиқариш тусидаги бошқа сарфлар. Улар пудратчининг ҳақиқий сарфлари асосида ўртача муайян базис даври (қоидага кўра, йил) учун аниқланади;
  • пудратчининг бошқа сарфлари – ҚҚСсиз ишларнинг умумий қийматидан фоиз сифатида.

Қоида тариқасида, ишлар қийматини корхонанинг ишлаб чиқариш-техник ходимлари ҳисоблаб чиқаради. Унга ҚҚС суммасини қўшинг, маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг ва электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) билан тасдиқлаш учун буюртмачига тақдим этинг.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади

Бажарилган ишлар (кўрилган зарарлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура (ВМнинг 21.05.2004 йилдаги 02-5-56-сон баённома қарори билан тасдиқланган) – бу фақат қурилишда қўлланиладиган бошланғич ҳужжат. У бажарилиш ҳолати ва қурилиш ишлари қийматини тасдиқлайди.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ўсиб борувчи якун билан тўлдирилади ва йил боши ва қурилиш бошидан ҳисобот ойи учун физик ва қиймат кўрсаткичларида бажарилган ишлар ҳажмини акс эттиради.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда Объектлар қурилишида бирламчи ҳисоб шакли «Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура»ни тўлдириш бўйича Кўрсатмаларга амал қилинг.

Вазият
ҚҚС тўловчи бўлган пудратчи ўз материалларидан қурилиш ишларини бажаради

Пудрат шартномаси бўйича пудратчи буюртмачининг офисида ўз материалларидан фойдаланган ҳолда таъмирлаш-қурилиш ишларини бажаради. Ишлар ойнинг охирига қадар бажарилган бўлиши керак. Ишлар қиймати ҚҚСсиз шартнома ва лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан – 60 000 минг сўм.

Буюртмачи пудратчига 24 000 минг сўм миқдорида бўнак ўтказди.

Пудратчи ишларни 60 000 минг сўмга тўлиқ ҳажмда бажарди ва 9 000 минг сўм (60 000 х 15 %) миқдорида ҚҚС ҳисоблади.

Ишларнинг ишлаб чиқариш таннархи – 40 000 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисобида ўз материалларидан ишларни бажаришни бундай акс эттиринг:

 

Хўжалик муомаласининг
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Счётларнинг боғланиши

дебет

кредит

Буюртмачидан бўнак келиб тушди

24 000

5110

6310

Бажарилган ишларнинг таннархи акс эттирилди

40 000

2010

0200,

1000,

6710,

6520 ва бошқалар

Бажарилган ишларни реализация қилишдан олинган даромад акс эттирилди

60 000

4010

9030

Бажарилган ишлар қийматидан ҚҚС ҳисобланди

9 000

6410

Бажарилган ишларнинг таннархи ҳисобдан чиқарилди

40 000

9130

2010

Олинган бўнак ҳисобга олинди

24 000

6310

4010

Бажарилган ишлар учун пул маблағлари келиб тушди
(60 000 + 9 000 – 24 000)

45 000

5110

4010

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришни бу ерда қаранг.

ЭҲФ тизимида ҳисобварақ-фактурани тўлдиришни бу ерда қаранг.

ҚҚС бўйича ҳисоботда :

  • буюртмачи томонидан тасдиқланган ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда Сотишлар реестрида акс эттирилади;
  • ишларни реализация қилиш қийматини ҚҚСсиз (60 000 минг сўм) ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0102-сатри 3-устунида акс эттиринг.

Буюртмачи материалларидан фойдаланган ҳолда пудрат ишларини бажаришда ҚҚС ҳисоб-китоби

Қурилиш ишларини бажаришда буюртмачи материалларидан фойдаланган ҳолда ҚҚСни ишлар қийматидан келиб чиққан ҳолда буюртмачининг материалларини айириб ташлаб , қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаринг:

СҚҚС = (Си – Мб) х СтҚҚС,

бунда:
СҚҚС – ҚҚС суммаси;
Си – ишлар, жумладан буюртмачи материаллари қиймати;
Мб – буюртмачи материалларининг қиймати;
СтҚҚС – ҚҚС ставкаси фоизларда.

 

Буюртмачи қурилишни тўлиқ ёки қисман материаллар билан таъминлаши тўғрисидаги шартни албатта пудрат шартномасида назарда тутинг. Шунингдек, материалларни – юкхати ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида топшириш тартибини ҳам шартлашиб олинг.

Эътибор беринг!
Шартномада буюртмачида у томондан бериладиган материалларга мулк ҳуқуқи сақланиб қолишини белгиланг. Фақат бу ҳолда сиз уларнинг қийматини ҚҚС ҳисоб-китобида чиқариб ташлашингиз мумкин.

Буюртмачидан олинган материалларни қайта ишлашга қабул қилинган давал хом ашёси каби, балансдан ташқари 003-счёт «Қайта ишловга қабул қилинган материаллар»да ҳисобга олинг.

Улардан фойдаланишни махсус ҳисоботда акс эттиринг.

Вазият
Буюртмачи пудратчига қурилиш учун материалларни далолатнома бўйича эмас, балки ҳисобварақ-фактура бўйича топширади

Пудрат шартномасида буюртмачи қурилишни қисман давал асосда материаллар билан таъминлаши назарда тутилган. Бироқ уларни топширишда буюртмачи қабул қилиш-топшириш далолатномасини эмас, балки ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирди.

Ҳисобварақ-фактура товарга (хизматга) бўлган мулк ҳуқуқи ўтишида расмийлаштирилиши боис, мазкур операция тегишли оқибатлар, шу жумладан ҚҚС ҳисоблаш билан материалларни реализация қилиш сифатида ҳисобланади.

Бундай вазиятда пудратчи буюртмачи томонидан топширилган материалларни балансга кирим қилиши, ҳисобда буюртмачи томонидан ҳисобланган ҚҚСни (агар буюртмачи – солиқ тўловчиси бўлса) акс эттириши, уларни бажарилган ишлар қийматида ҳисобга олиши ва тегишинча, ишларнинг умумий қийматига ҚҚС ҳисоблаши керак.

Пудратчи бу вазиятда ҚҚС ҳисоб-китобида буюртмачининг материалларини чегириб ташлашга ҳақли эмас.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурада бажарилган ишлар қиймати ва буюртмачининг материалларини бундай акс эттиринг :

  • «Жами» сатрида – ишларнинг буюртмачи материалларини ҳисобга олган ҳолда бутун суммага пудратчининг бошқа харажатлари фоизи ҳисоблангандаги ва ҚҚСсиз қийматини;
  •  «Буюртмачининг материаллари» сатрида – ишларни бажаришда сарфланган буюртмачи материалларининг қийматини, пудратчининг бошқа сарфлари фоизини ҳисобламасдан ва ҚҚСсиз;
  • «Жами буюртмачининг материалларини ҳисобга олмасдан» сатрида – «Жами» ва «Буюртмачининг материаллари» сатрлари ўртасидаги фарқни;
  • «ҚҚС» сатрида – «Жами буюртмачининг материалларини ҳисобга олмасдан» сатрида кўрсатилган ишлар қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган солиқ ставкаси ва суммасини;
  • «Жами ҚҚС билан» сатрида - «Жами буюртмачининг материалларини ҳисобга олмасдан» ва «ҚҚС» сатрлари суммасини.
Вазият
ҚҚС тўловчиси бўлган пудратчи буюртмачининг материалларидан фойдаланган ҳолда қурилиш ишларини бажаради

Пудрат шартномасига асосан буюртмачи қурилишни қисман материаллар билан таъминлайди. У томондан тақдим этилган материалларнинг қиймати 10 000 минг сўмни ташкил этди.

Пудратчи пудратчининг бошқа сарфларининг ҳисобланган фоизини ҳисобга олган ҳолда ва ҚҚСсиз 75 000 минг сўмга ишларни бажарди. Шу жумладан буюртмачи материалларининг қиймати 8 000 минг сўмни ташкил этди.

Фойдаланилмаган материалларни пудратчи буюртмачига қайтарди.

Бухгалтерия ҳисобида буюртмачининг материалларидан фойдаланган ҳолда ишларни бажаришни бундай акс эттиринг:

 

Хўжалик муомаласининг
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Счётларнинг боғланиши

дебет

кредит

Буюртмачидан қабул қилинган давал материаллари кирим қилинди

10 000

003

 

Бажарилган ишлар давал материалларининг қиймати ҳисобга олинмаган ҳолда буюртмачига тўлаш учун тақдим этилди 
(75 000 – 8 000)

67 000

4010

9030

Давал материалларининг қиймати ҳисобга олинмаган ҳолда бажарилган ишлар қийматидан ҚҚС ҳисобланди
(67 000 х 15 %)

10 050

6410

Ишларни бажаришда фойдаланилган давал материаллари ҳисобдан чиқарилди

8 000

 

003

Буюртмачига фойдаланилмаган материаллар қайтарилди
(10 000 – 8 000)

2 000

 

003

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришни бу ерда қаранг.

ЭҲФ тизимида ҳисобварақ-фактурани тўлдиришга бу ерда қаранг.

ҚҚС бўйича ҳисоботда:

  • буюртмачи томонидан тасдиқланган ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда Сотишлар реестрида акс эттирилади;
  • ишларни реализация қилиш қийматини ҚҚСсиз (67 000 минг сўм) ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0102-сатри 3-устунида акс эттиринг.

Сотиш учун объектни қуришда ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади

Объект бўйича сарфларни 2010-счёт «Асосий ишлаб чиқариш»да тўпланг, шундан кейин уларни 2810-счёт «Омбордаги тайёр маҳсулотлар»га ўтказинг. Агар кўп квартирали уй-жой қурсангиз, тайёр маҳсулот сифатида алоҳида квартираларни ҳисобга олинг.

Сотиб олувчига шартномада белгиланган объектни реализация қилиш қийматидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС ҳисобланг .

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани сотиш учун объектни қуришда расмийлаштирманг, сабаби сиз мазкур ҳолда ҳам буюртмачи, ҳам пудратчи ҳисобланасиз. Ҳисобварақ-фактурани объектни (квартирани) реализация қилиш пайтида расмийлаштиринг.

Эътибор беринг!
Кўчмас мол-мулк реализация қилинган тақдирда, қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси бўйича харидорга кўчмас мол-мулк берилган сана айланма амалга оширилган сана деб ҳисобланади .

Бухгалтерия ҳисобида қурилган объектни бутунлигича ёки қисмлар бўйича реализация қилишни бундай акс эттиринг:

Хўжалик муомаласининг
мазмуни

Счётларнинг боғланиши

дебет

кредит

Олди-сотди шартномаси бўйича харидордан бўнак олиш

5110,

5530

6310

Объект қурилишига сарфларни акс эттириш

2010

0200,

1000,

6010,

6520,

6710,

6990 ва бошқалар

Тайёр маҳсулот – қурилган объектни ҳисобга олиш (сотиш шартларига боғлиқ ҳолда бутунлигича ёки қисмлар бўйича)

2810

2010

Тайёр маҳсулотнинг таннархини ҳисобдан чиқариш

9110

2810

Тайёр маҳсулотни реализация қилишдан олинган тушумни акс эттириш

4010

9010

Реализация қилиш қийматидан ҚҚС ҳисоблаш

6410

Харидордан олинган бўнакни ҳисобга олиш

6310

4010

ҚҚС бўйича ҳисоботда :

  • буюртмачи томонидан тасдиқланган ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда Сотишлар реестрида акс эттирилади;
  • объектни (квартирани) реализация қилиш қийматини ҚҚСсиз ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0102-сатри 3-устунида акс эттиринг.

Узоқ муддатли контракт бўйича ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади

Агар сиз объектлар қурсангиз, шу жумладан объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қурсангиз ёки узоқ (бир ойдан кўп) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича ишларни бажарсангиз, ҚҚСни ҳар ойда ишлар ҳажмининг ҳар бир календарь ойнинг охирида ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмининг қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқаринг .

Агар тузилган контрактлар шартларида ишларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган бўлса, уларнинг ҳақиқатда бажарилишини ҳисобот ойи охирига аниқланг. Бунинг учун контрактни бажариш бошлангандан буён қилинган харажатлар салмоғини контрактни бажаришга харажатларнинг умумий суммасида ҳисоблаб чиқаринг .

Ҳисобот даври охирига ҚҚС солинадиган ишлар ҳажмини ҳисоблаб чиқарилган қилинган харажатларнинг салмоғини контракт бўйича ишларнинг умумий ҳажмига кўпайтирган ҳолда аниқланг (контракт нархи). Мазкур контракт бўйича илгари ҳисобга олинган ҳажмларни жорий ой учун ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланг.

Мисол
Узоқ муддатли контракт бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби

2020 йил октябрда ҚҚС тўловчиси бўлган пудратчи буюртмачи билан 15 % ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда умумий суммаси 230 000 минг сўмлик қурилиш ишларини бажариш учун контракт тузди. Контрактга асосан ишларни топшириш муддати – 2020 йил декабрь. Октябрь учун ҚҚС ҳисоб-китоби учун контракт бўйича октябрда қилинган харажатлар салмоғини лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан контакт бўйича харажатларнинг умумий суммасида ҳисоблаб чиқариш зарур. Контракт бўйича харажатларнинг умумий суммаси 150 000 минг сўмга тенг.

Октябрда контракт бўйича харажатлар 40 000 минг сўмни ташкил қилди. Салмоғи 27 %га (40 000 : 150 000 х 100) тенг. Октябрь учун ҚҚС солинадиган ишлар ҳажми 54 000 минг сўмни (230 000 : 1,15 х 27 %) ташкил қилади. Октябрь учун солиқ солинадиган ишлар ҳажмига ҳисобланган ҚҚС 8 100 минг сўмни (54 000 х 15 %) ташкил қилади.

Октябрда ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми суммасига (54 000 + 8 100 = 62 100) пудратчи буюртмачига ҳисобварақ-фактура тақдим этади, шунингдек оралиқ маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Бинобарин, худди шу суммани октябрь учун ҚҚС бўйича ҳисоботда ҳам акс эттириш лозим.

Ноябрда ҚҚС солинадиган ишлар ҳажми шунга ўхшаш тарзда ҳисоблаб чиқарилади.

Декабрда ишларнинг бутун ҳажми якунлангандан кейин пудратчи якуний ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар қиймати тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради, уларда октябр ва ноябрда ҳисобга олинган ҳажмларни айирган ҳолда ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми акс эттирилади.

Ўз эҳтиёжлари учун қурилиш ишларини бажаришда ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади

Ўз эҳтиёжлари учун қурилиш ишларини ўз кучи билан бажарган ҳолда, ҚҚСни фақат ушбу эҳтиёжлар учун харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмаган тақдирда ҳисобланг  .

Эътибор беринг!
Ушбу қоидадан истисно – амортизация ажратмалари орқали харажатларга киритиладиган сарфлар. Бу амортизацияланадиган активлар қийматига киритиладиган сотиб олиш, ишлаб чиқариш, қурилиш, монтаж қилиш, ўрнатиш ва бошқалар бўйича сарфлар, шу жумладан қуриб битказиш, асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, замонавийлаштириш ва техник қайта қуроллантириш ишлари бўйича харажатлар . Агар сиз ишларни ушбу мақсадлар учун бажарсангиз, ҚҚС ҳисобламанг.

Уларга харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмайдиган ўз эҳтиёжлари учун қурилиш ишларини бажаришда, ҚҚСни айнан ўхшаш (улар мавжуд бўлмаганда эса – бир турдаги) ишларни (хизматларни) реализация қилишнинг ўртача тортилган нархидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқаринг. Ўртача тортилган нархни олдинги 90 кун ҳисоб-китобидан аниқланг. Агарда бу даврда бундай реализация қилиш мавжуд бўлмаган бўлса, бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда .

Қандай ишлар (хизматлар) айнан ўхшаш ҳисобланади

Бир хил хусусиятли асосий белгиларга эга бўлган товарлар (хизматлар) солиқ солиш мақсадида айнан ўхшаш товарлар (хизматлар) деб эътироф этилади . Бунда қуйидагилар ҳисобга олинади:

  • бажарувчининг (пудратчининг) хусусиятлари ва унинг бозордаги ишбилармонлик обрўси;
  • фойдаланиладиган товар белгиси.

Қандай ишлар (хизматлар) бир турдаги ҳисобланади

Айнан ўхшаш бўлмаган ҳолда, тижорат жиҳатидан ва (ёки) бажарадиган вазифаси жиҳатидан бир-бирининг ўрнини босиш имкониятини берадиган бир хил хусусиятларга эга ишлар (хизматлар).

Хизматларнинг бир турдалигини аниқлашда :

  • уларнинг сифати;
  • товар белгиси;
  • бозордаги мавқеи;
  • хизматлар турлари ва уларнинг ҳажмлари;
  • ноёблиги;
  • тижорат жиҳатидан бир-бирининг ўрнини боса олиши ҳисобга олинади.

Ишлар (хизматлар)нинг ўртача тортилган нархи қандай ҳисоблаб чиқарилади

Ўртача тортилган нарх, ўртача нархдан фарқли ўлароқ, нархнинг ўзидан ташқари бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) сони (ҳажми)ни ҳисобга олади.

Ўртача тортилган нархни қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаринг:

Нўрт = (Н1 х С1 + … + Нn х Сn) : ∑Сn,

бунда:
Н1, …, n – айнан ўхшаш ишларни (хизматларни) реализация қилиш нархлари;
С1, …, n – реализация қилинган айнан ўхшаш ишларнинг (хизматларнинг) сони;
∑Сn – реализация қилинган айнан ўхшаш ишларнинг (хизматларнинг) сони суммаси.

 

Мисол
Реализация қилинган айнан ўхшаш ишларнинг (хизматларнинг) ўртача тортилган нархи ҳисоб-китоби

Корхона бўйича ҳисоб-китоб даври (90 кун) учун айнан ўхшаш ишларнинг (хизматларнинг) бажарилиши (кўрсатилиши) тўғрисида маълумотлар қуйидагича:


т/р

Сони

Нархи,
минг сўм

1

1 000

48

2

200

58

3

100

62

4

120

70

5

50

65

6

110

56

7

60

75

Жами

1 640

434

Реализация қилишнинг ўртача тортилган нархи қуйидагига тенг:

(48 х 1 000 + 58 х 200 + 62 х 100 + 70 х 120 + 65 х 50 + 56 х 110 + 75 х 60) : 1 640 = 53,7 минг сўм.

Солиштириш учун: реализация қилишнинг ўртача нархи барча нархларнинг ишлар турлари (буюртмалар) сонига бўлинган суммаси сифатида ҳисоблаб чиқарилади. Жадвал маълумотлари бўйича у 62 минг сўмга (434 : 7) тенг.

Вазият
ҚҚС тўловчиси бўлган корхона ўз эҳтиёжлари учун қурилиш ишларини ўз кучи билан бажаради

Жорий ойда қурилиш корхонаси ўз эҳтиёжлари учун таъмирлаш пардозлаш ишларини бажарди: таннархи 20 000 минг сўм бўлган ишларнинг бир қисми маъмурий бинода бажарилди, таннархи 25 000 минг сўм бўлган бир қисми эса – корхона балансида бўлган дам олиш зонасида.

Маъмурий мақсаддаги асосий воситаларни таъмирлашга харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилади . Шу боис бундай таъмирлаш ишларини бажариш реализация қилиш бўйича айланма сифатида ҳисобланмайди, демакки, ҚҚС солиш объекти юзага келишига олиб келмайди.

Дам олиш зонасини таъмирлашга харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди . Тегишинча, ишларни бажариш бу ҳолда ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма сифатида ҳисобланади.

Олдинги 90 кун учун айнан ўхшаш ишларни реализация қилишнинг ўртача тортилган нархидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган дам олиш зонасида таъмирлаш ишларининг қиймати ҚҚСсиз 48 000 минг сўмга тенг.

Бухгалтерия ҳисобида таъмирлаш ишларини бажаришни бундай акс эттиринг:

 

Хўжалик муомаласининг
мазмуни

Сумма, 
минг сўм

Счётларнинг боғланиши

дебет

кредит

Қуйидагиларни таъмирлаш бўйича бажарилган ишларнинг таннархи акс эттирилди:

 

 

 

маъмурий бино 20 000 2310

1050

6520

6710

дам олиш зонаси 25 000

Қуйидагиларни таъмирлаш бўйича бажарилган ишларнинг таннархи ҳисобдан чиқарилди:

 

 


маъмурий бино

20 000

9420

9430

2310
дам олиш зонаси

25 000

Дам олиш зонасини таъмирлаш бўйича ишларни ўз кучи билан бажаришда реализация қилишнинг ўртача тортилган нархидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС ҳисобланди
(48 000 х 15 %)

7 200

9430

6410

Уларга харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган таъмирлаш ишлари бўйича ҚҚС ҳисоботда акс эттирилиши учун, бир томонлама ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг.

ҚҚС бўйича ҳисоботда:

  • реализация қилиш бўйича айланма (48 000 минг сўм) ва бир томонлама ЭҲФга асосан ҳисобланган ҚҚС суммалари автоматик тарзда Сотиш реестрида акс эттирилади;
  • реализация қилиш бўйича айланма (48 000 минг сўм) суммасини ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 01081-сатри 3-устунида акс эттиринг.
Мисол

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал