Дастурий маҳсулот билан боғлиқ бўлган битимларни қандай қилиб расмийлаштириш, ҳисобга олиш, солиқ солиш керак

05.03.2024
author avatar

Дильшод СУЛТАНОВ

солиқ солиш ва молиявий ҳисоб бўйича эксперт
author avatar

Наталья МЕМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– меъёрий база;
– дастурий маҳсулот билан боғлиқ битим турлари:
        дастурий маҳсулотни буюртмага асосан ишлаб чиқиш;
        дастурий маҳсулотга бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг олди-сотдиси;
        дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш;
        таркибида дастурий маҳсулоти бўлган мол-мулк олди-сотдиси;
– дастурий маҳсулот билан боғлиқ битимларни ҳужжат билан расмийлаштириш;
– дастурий маҳсулотлар экспорти ва импорти;
– рақамли дистрибуция воситасида лицензиялар экспорти қандай расмийлаштирилади.

 

Меъёрий база

Дастурий маҳсулот билан боғлиқ битимларни тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлар:

  • Фуқаролик кодекси;
  • «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун;
  • 7-сон БҲМС «Номоддий активлар», 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»;
  • Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари;
  • «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори;
  • Дастурий маҳсулотлар ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда расмийлаштиришнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом.

Дастурий маҳсулот билан боғлиқ битим турлари

Дастурий маҳсулот (ДМ) билан боғлиқ битимларга қуйидагилар киради:

  • ДМни буюртмага асосан ишлаб чиқиш;
  • ДМга бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг олди-сотдиси;
  • ДМдан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш;
  • таркибида ДМ бўлган мол-мулк олди-сотдиси.

Дастурий маҳсулотни буюртмага асосан ишлаб чиқиш

Дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчиси дастурий маҳсулотни яратиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги шартномага асосан уни яратиш ва буюртмачига ундан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади .

Мисол
НМАга киритилган дастурий маҳсулот буюртмачи ва ишлаб чиқувчида қандай ҳисобга олинади 
«А» корхона «В» корхона билан ишлаб чиқаришни автоматлаштирилган бошқариш тизимини ишлаб чиқишга 48 млн сўмлик шартнома тузди.

«А» корхонанинг ҳисоб сиёсатида сотиб олиш пайтида қиймати 50 БҲМдан юқори бўлган активлар номоддий активлар жумласига киритилиши мумкинлиги белгиланган.

2023 йил 1 декабрдан бошлаб БҲМ 340 000 сўмни ташкил этади. Тизимни ишлаб чиқиш қиймати 50 БҲМдан (340 000 х 50 = 17 млн сўм) ошиши боис,  
«А» корхона учун бу номоддий активни барпо қилиш харажатлари ҳисобланади.
Ушбу активнинг фойдали хизмат муддати 10 йил, амортизацияси эса тўғри чизиқли усул билан ҳисобланиши белгилаб олинди.
Бир ой учун амортизация – 0,4 млн сўм – дастурий маҳсулот ишга туширилганидан кейинги ойдан бошлаб ҳисобланади.
Ишлаб чиқаришни автоматлаштирилган ҳолда бошқариш тизими – бу ишлаб чиқариш мақсадидаги номоддий актив. Шу сабабдан уни амортизациялашга доир корхона харажатлари ишлаб чиқариш таннархига киритилади .
«В» корхона учун бу дастурий маҳсулотни ишлаб чиқиш бўйича ишларни реализация қилишдан тушум ҳисобланади.
Дастурий маҳсулотни буюртмага асосан яратиш бўйича корхона харажатлари бажарилган ишлар таннархига киритилади. Дейлик, дастурчиларнинг иш ҳақи, МҲТФдан ижтимоий солиқ, компьютер ускунасининг эскириши, электр энергияси бўйича харажатлар 30 млн сўмни ташкил қилди.

Бухгалтерия ҳисоби:

    

Хўжалик операциясининг
 мазмуни

Сумма,
млн сўм 

Дебет

Кредит

«А» корхона

ДМни сотиб олиш учун капитал қўйилмалар ҳисобга олинди

48

0830

6010

ДМ номоддий актив сифатида кирим қилинди

48

0430

0830

Амортизация ҳисобланди

0,4

2010

0530

«В» корхона

Бажарилган ишларни реализация қилишдан даромад ҳисобга олинди

48

4010

9030

ДМни ишлаб чиқиш харажатлари ҳисобга олинди

30

2010

0250,
6010,
6710,
6520

Мисол
Дастурий маҳсулот НМА бўлмаганда буюртмачида қандай ҳисобга олинади
«А» корхона «В» корхона билан хизмат мақсадларида ишлатиладиган флеш-ташувчиларни ҳимояловчи дастурларни ишлаб чиқишга 5 млн сўмлик шартнома тузди.
«А» корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланишича, номоддий активларга харид пайтида 50 БҲМдан юқори бўлган қийматдаги активлар киритилиши мумкин.
2023 йил 1 декабрдан бошлаб БҲМ 340 000 сўмни ташкил этади. Флеш-ташувчиларни ҳимоя қилиш дастурининг қиймати 50 БҲМдан (340 000 х 50 = 17 млн сўм) камлиги боис, «А» корхона унинг қийматини харажатларга бирданига ҳисобдан чиқариши мумкин.

Бухгалтерия ҳисоби:

            

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

ДМни сотиб олиш харажатлари ҳисобга олинди

5

Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар

6010

Дастурий маҳсулотга бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг олди-сотдиси

Дастурий маҳсулотга бўлган ҳуқуқ эгаси ДМга бўлган мутлақ мулкий ҳуқуқни олди-сотди шартномаси бўйича бошқа шахсга сотмоқда. Шу тариқа, ҳуқуқ эгаси ДМ харидори бўлмоқда . 

Мисол
Харидор ва сотувчида НМАнинг олди-сотдиси қандай ҳисобга олинади
«А» корхона ахборотни жойлаштиришдан даромад олиш мақсадида 24 млн сўмга ҳуқуқ эгаси бўлган «В» корхонадан сайтга бўлган мутлақ ҳуқуқларни сотиб олди.

«В» корхона айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси ҳисобланади.

«А» корхонанинг ҳисоб сиёсатида сотиб олиш пайтида қиймати 50 БҲМдан юқори бўлган активлар номоддий активлар жумласига киритилиши мумкинлиги белгиланган.

2023 йил 1 декабрдан бошлаб БҲМ 340 000 сўмни ташкил этади. Тизимни ишлаб чиқиш қиймати 50 БҲМдан (340 000 х 50 = 17 млн сўм) ошиши боис, «А» корхона учун бу номоддий активни сотиб олиш харажатлари ҳисобланади.

Мазкур активнинг фойдали хизмат муддати 10 йил, амортизация эса тўғри чизиқли усул бўйича ҳисобланиши белгиланди.

Бир ой учун амортизация – 0,2 млн сўм – сайтни ишга туширгандан кейинги ойдан бошлаб ҳисобланади.

Мазкур ҳолатда сайт – бу ишлаб чиқариш мақсадидаги номоддий актив. Шу сабабли унинг амортизацияси бўйича «А» корхонанинг харажатларини ахборотни жойлаштириш хизматлари таннархига киритамиз .
«В» корхона учун бу номоддий активни реализация қилишдир.
Сайтнинг бошланғич қиймати – 20 млн сўм, жамғарилган амортизация – 3 млн сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

      

Хўжалик операциясининг
мазмуни
 

Сумма, 
млн сўм 

Дебет

Кредит

«А» корхона

Сайтни харид қилишга капитал қўйилмалар ҳисобга олинди

24

0830

6010

Сайт номоддий актив сифатида кирим қилинди

24

0430

0830

Амортизация ҳисобланди

0,2

2010

0530

«В» корхона

Харидорнинг қарзи акс эттирилди

24

4010

9220

Сайтнинг бошланғич қиймати ҳисобдан чиқарилди

20

9220

0430

Жамғарилган амортизация ҳисобдан чиқарилди

3

0530

9220

НМА сайтнинг чиқиб кетишидан фойда аниқланди

7

9220

9320

«В» корхона учун НМАнинг чиқиб кетишидан олинган фойда айланмадан олинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилишда ялпи тушумга киритиладиган бошқа даромад ҳисобланади.

Мисол
Дастурий маҳсулот НМА бўлмаганда харидорда унинг олди-сотдиси қандай ҳисобга олинади
«А» корхона кадрларни ҳисобга олишнинг электрон тизимига бўлган ҳуқуқ эгаси – «В» корхона билан кадрлар бўлимида фойдаланиш учун ушбу электрон тизимга мутлақ ҳуқуқларни сотиб олишга 7 млн сўмга шартнома тузди.

«А» корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланишича, харид пайтида 50 БҲМдан ортиқ қийматга эга бўлган активлар номоддий активларга киритилади.

2023 йил 1 декабрдан бошлаб БҲМ 340 000 сўмни ташкил этади. Тизимни ишлаб чиқиш қиймати 50 БҲМдан (340 000 х 50 = 17 млн сўм) ошиши боис, «А» корхона уни бирданига маъмурий харажатларга ҳисобдан чиқариши мумкин.

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

ДМни харид қилиш харажатлари ҳисобга олинди

7

9420

6010

«В» корхонанинг  ҳисоб сиёсатида номоддий активларга харид пайтида 30 БҲМдан ортиқ қийматга эга активлар киритилиши белгиланган. Харид пайтида БҲМ 300 000 сўм бўлган. 30 БҲМ = 9 млн сўм (30 х 300 000).

Тизим қиймати «В» корхона томонидан сотиб олинганда 10 млн сўм бўлган (30 БҲМдан кўп), шунинг учун тизим НМА сифатида кирим қилинган.

«В» корхона учун бу номоддий активни реализация қилиш ҳисобланади (олдинги мисолдаги ўтказмаларга қаранг).

Дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш

Дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқи лицензия шартномасига асосан топширилади. Шундай шартнома бўйича ДМга бўлган ҳуқуқ эгаси (лицензиар) бошқа тараф (лицензиат)га ДМдан фойдаланишга бўлган рухсатнома (лицензия)ни топширади .

Лицензия шартномасида тақдим этиладиган ҳуқуқлар, фойдаланиш меъёрлари ва муддатлари белгиланган бўлиши керак. Унга кўра лицензиарнинг ДМдан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги шартларда сақлаб қолиниши мумкин:

  • лицензияни бошқа шахсларга бериш ҳуқуқи билан (оддий номутлақ лицензия);
  • лицензияни бошқа шахсларга бериш ҳуқуқисиз (мутлақ лицензия).

Шартномада қонунчилик билан рухсат этиладиган бошқа лицензия турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Мисол
Лицензиат ва лицензиарда дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқи қандай ҳисобга олинади
«А» корхона ўз маҳсулотлари ҳақидаги ахборотни жойлаштириш учун электрон савдо майдони эгаси – «В» корхонадан 100 фоиз олдиндан тўлаш шарти билан 6 млн сўмлик фойдаланиш ҳуқуқи (номутлақ лицензия)ни 1 йил муддатга сотиб олмоқда.
Майдондан фойдаланиш ҳуқуқи 1 йилга мўлжаллангани сабабли «А» корхона учун бу келгуси давр харажатларидир.
Корхонанинг ҳисоб сиёсатида келгуси давр харажатлари жорий харажатларга бир текис ҳисобдан чиқарилиши белгиланган. Яъни жорий харажатларга корхона ҳар ойда 0,5 млн сўмдан (6 : 12) ҳисобдан чиқаради.
«В» корхона асосан савдо билан шуғулланиб, савдо майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишдан қўшимча даромад олади. Шу сабабдан унинг учун 6 млн сўм – бу роялти кўринишидаги бошқа даромад.

Бухгалтерия ҳисоби:

    

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

Электрон майдондан фойдаланиш ҳуқуқи (лицензия) учун тўлов амалга оширилди

6

3190

5110

Келгуси давр харажатлари сарфларга ҳисобдан чиқарилди
(ҳар ой 1/12 дан)

0,5

9410

3190

«В» корхона

Электрон майдондан фойдаланиш ҳуқуқи учун олдиндан тўлов олинди

6

5110

4850

Роялти кўринишидаги даромад акс эттирилди
(ҳар ой 1/12 дан)

0,5

4850

9510

Мисол
Фойдаланувчи ва ишлаб чиқувчида антивирус дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи қандай ҳисобга олинади
«А» корхона ҳар ой 0,5 млн сўм тўлаб, «В» корхона сайтидан антивируснинг янги версияларини юклаб олмоқда. Антивирус ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилаётган компьютерларни ҳимоялаш учун ишлатилади. Унга харажатлар ишлаб чиқариш таннархига ҳисобдан чиқарилади. «В» корхона антивирусларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.

Шунинг учун антивирусга лицензияларни сотиш – унинг учун асосий фаолият тури, сотиладиган лицензиялар қиймати эса солиқ солиш мақсадида хизматларни реализация қилишдан олинган даромад ҳисобланади .

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

Антивирусдан фойдаланиш ҳуқуқи (лицензия) учун ҳақ тўланди ва сотиб олиш харажатлари ҳисобга олинди

0,5

2010

5110

«В» корхона

Хизматларни реализация қилишдан даромад акс эттирилди

0,5

4010,
5110

9030

Таркибида дастурий маҳсулот бўлган мол-мулкнинг олди-сотдиси

Дастурий маҳсулоти бўлган мол-мулкнинг олди-сотдисида олди-сотди ёки мол-мулкни етказиб бериш шартномаси расмийлаштирилади .

Бундай шартномада мол-мулк ҳуқуқи ёки ДМдан фойдаланиш ҳуқуқи қиймати алоҳида кўрсатилиши ёхуд шартноманинг умумий қийматига киритилиши мумкин.

Агар дастурий маҳсулотга бўлган мулкий ҳуқуқ ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқи қиймати алоҳида кўрсатилмаган бўлса, ДМ берилаётган мол-мулкнинг таркибий қисми ҳисобланади ва унинг таркибида ҳисобга олинади

Дастурий маҳсулот билан боғлиқ битимларни ҳужжат билан расмийлаштириш

ДМ билан боғлиқ битимларнинг ҳужжат билан расмийлаштирилиши битим турига ҳам, ДМни ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш усулига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.

ДМни моддий ташувчида берганда битимни худди бошқа товарлар (ишлар, хизматлар) билан бўлгани каби расмийлаштиринг: шартномани қоғоз кўринишида ёхуд электрон тижорат қоидаларига мувофиқ тузиб, қабул қилиш-топшириш (ёки бажарилган ишлар) далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг. 

Моддий ташувчи – рақамли маҳсулотларни яратиш, қайд этиш, узатиш, қабул қилиш, сақлаш ёки бошқача тарзда ишлатиш учун қўлланиладиган магнит, оптик, лазерли ёки бошқа электрон ахборот ташувчиси .

ДМни рақамли дистрибуция усулида топшириш анча осонроқ кечади.

Рақамли дистрибуция – рақамли маҳсулотларни моддий ташувчидан фойдаланмаган ҳолда, шу жумладан бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали шахсий компьютерга ёки мобиль қурилмага юклаш (юклаб олиш) орқали тарқатиш усули, онлайн хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш ёки обуна бўлиш ва бошқалар .

Рақамли дистрибуцияда битимлар:

  • электрон чеклар, ДМга бўлган ҳуқуқни сотиб олиш квитанциялари, ахборот тизимлари орқали шакллантирилган ва битим томонларини идентификация қилиш имконини берувчи хабарлар;
  • корхонанинг ички ҳужжатлари. Масалан, ДМни харид қилиш учун масъул шахснинг ҳисоботи, тўлов ўтказилганлиги ҳақида банк кўчирмаси, бухгалтерия маълумотномаси ва бошқалар билан тасдиқланиши мумкин .

Ички ҳужжатда бирламчи ҳужжатлар учун «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган реквизитлар бўлиши керак.

Ички ҳужжатларни расмийлаштиришда уларга битим амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Бундай ҳужжатларга қуйидагилар киради :

  • шартноманинг электрон нусхаси;
  • инвойс, ҳисобварақ-фактура ёки контрагентдан электрон хабар шаклида олинган бошқа ҳужжат нусхалари;
  • электрон тўлов тизимларидаги транзакциялар, рақамли товарни сотиб олиш тўғрисидаги веб-сайтдан лог-ҳисоботлар ҳамда пул маблағлари тушганини ва тўланганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар скриншоти (экран сурати).

Ҳужжатлар бўйича бир томонлама расмийлаштиришнинг соддалаштирилган варианти осонлиги билан қулай бўлиб, оммавий истеъмолчи учун мўлжалланган ДМни сотиб олиш ёки сотишда лицензия шартномасини тузиш учун жуда мос. Бунда битим рақамли дистрибуция орқали амалга оширилади.

Агар, дейлик, маълум бир ишлаб чиқариш учун махсус ДМ ишлаб чиқишга буюртма бераётган ёки буюртма олаётган бўлсангиз, унда ДМни ишлаб чиқиш тартиби ва барча зарур шартлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари баён қилинган тўлақонли шартномани расмийлаштирган маъқул. Шартномага техник топшириқ, қўйилган вазифа мазмуни, тўловлар ва иш жадвалини илова қилишингиз мумкин.

Ҳужжатлар тарафларнинг имзо ва муҳрлари бўлган қоғоз кўринишида ёхуд ЭРИ билан тасдиқланган электрон кўринишда расмийлаштирилиши мумкин. Бунда дастурий маҳсулот ҳам моддий ташувчида, ҳам рақамли дистрибуция воситасида топширилиши мумкин.

ҚҚС тўловчилар учун ДМ билан боғлиқ битимларни тасдиқловчи ҳужжатларда ҚҚС кўрсатилиши муҳим ҳисобланади.

Дастурий маҳсулотлар экспорти ва импорти

Қуйидаги шахслар ДМни шартнома расмийлаштирмасдан экспорт қилишлари мумкин:

  • дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни Интернет тармоғининг онлайн дўконлари орқали хорижий валютага экспорт қилувчи, Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчи корхоналар ;
  • иш ва хизматларни Интернет тармоғининг онлайн дўконлари орқали хорижий валютага экспорт қилувчи Технопарк резидентлари ;
  • халқаро тўлов тизимлари орқали тўлаган ҳолда Интернет тармоғи орқали – ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар – агар битим суммаси 5 минг АҚШ долларигача бўлса. Шунингдек бундай битимни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ)да ҳам рўйхатдан ўтказиш шарт эмас .

Божхона чегарасини кесиб ўтишда моддий ташувчилардаги дастурий маҳсулотлар божхона қонунчилиги меъёрларига мувофиқ расмийлаштирилади. Бунда қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган экспорт БЮДни расмийлаштирмасдан, почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Агар шартномада дастурий маҳсулотнинг қиймати:

  • алоҳида кўрсатилган бўлса, божхона қийматига моддий ташувчининг қийматигина киритилади. Бунда ДМ қиймати ёхуд ундан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни тақдим этиш қиймати ишлар (хизматлар)ни экспорт (импорт) қилиш ҳисобланади;
  • алоҳида кўрсатилмаган бўлса, божхона қийматига шартноманинг бутун қиймати киритилади.

Агар экспорт ёки импорт қилинаётган ускунанинг ишлаши унинг ичига ўрнатилган дастурий таъминот ёрдамида таъминланса, бу дастурий таъминот қиймати ускуна қийматидан ажратиб чиқарилмайди .

Рақамли дистрибуция йўли билан тақдим этиладиган дастурий маҳсулотлар божхонада расмийлаштирилмайди.

Вазият
Корхона компьютерларни операцион тизим ўрнатилган ҳолда импорт қилмоқда. Операцион тизим қиймати алоҳида кўрсатилмаган
Корхона ичига ўрнатилган операцион тизим ёрдамида ишлайдиган 100 та компьютерни 40 000 АҚШ долларига импорт қилмоқда.
Шартномада ва спецификацияда умумий нарх ва операцион тизим ҳисобга олинган ҳолда компьютерларнинг қиймати кўрсатилган. Операцион тизим қиймати алоҳида кўрсатилмаган.
Божхона расмийлаштируви пайтида божхона қийматига шартноманинг бутун қиймати – 40 000 АҚШ доллари киритилади.
Компьютерларни балансга кирим қилишда ҳам операцион тизим қиймати ажратиб кўрсатилмайди.
Вазият
Корхона флеш-ташувчига ёзилган дастурий маҳсулотга бўлган ҳуқуқни импорт қилмоқда. Флеш-ташувчининг қиймати алоҳида кўрсатилган
Корхона маълум муддатга ДМга бўлган мутлақ ҳуқуқни импорт қилмоқда. ДМ нусхаси флеш-ташувчи орқали божхона чегарасидан олиб ўтилмоқда.
Контрактда ва спецификацияда ДМ қиймати – 10 000 АҚШ доллари, флеш-ташувчи қиймати 5 АҚШ доллари деб кўрсатилган.
Шартноманинг умумий қиймати 10 005 АҚШ долларига тенг.
Мазкур ҳолатда божхона тўловларини аниқлаш мақсадида божхона қийматига фақат ташувчининг қиймати – 5 АҚШ доллари киритилади.
Норезидент хизматларига солиқ солиш
ДМдан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқ қиймати (10 000 АҚШ доллари) – бу тўлов манбаида 20 % ставкада солиқ солиниши керак бўлган роялти кўринишидаги норезидент даромади  .
Юридик шахсларнинг фойдасига солинадиган солиқ суммаси норезидентга даромад тўланган санада ўрнатилган МБ курси бўйича ҳисобланади. Норезидент даромадидан фойда солиғи ушланмайди ёки иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги халқаро шартнома меъёрларига мувофиқ, камайтирилган ставкада ушланади. Бунда норезидент яшаб турган мамлакатнинг ваколатли органидан олинган, шу мамлакатда резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.
Резидентлик сертификати мавжуд бўлмаганда корхона норезидент даромадидан фойда солиғини (2 000 АҚШ доллари) ушлаб қолади ва норезидентга даромад тўланган санадаги курс бўйича бюджетга ўтказади. 8 000 АҚШ доллари норезидентга ўтказилади. Норезидент томонидан кўрсатилган хизматлар, башарти уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, корхонанинг ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланмаси ҳисобланади. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тақдим қилишда реализация қилиш жойи харидорнинг турган ёки фаолиятни амалга ошираётган жойи бўйича аниқланади . Шу сабабли ДМ қийматига ҚҚС солинади.
Агар шартнома шартларига мувофиқ хизматлар норезидент томонидан ҚҚСни ҳисобга олмасдан тақдим этилса, корхона солиқ агенти сифатида солиқ базасини хизматларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, солиқни ҳисобга олмасдан аниқлайди. Бундай ҳолда корхона ҚҚСни мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт .
Корхона бюджетга 1 200 АҚШ доллари (10 000 х 12 %) миқдорида ҚҚС тўлайди.
Вазият
Технопарк резиденти бўлган корхона ДМга лицензияларни электрон савдо майдони орқали экспорт қилади
Технопарк резиденти бўлган корхона ДМга лицензияларни чет эл электрон савдо майдони орқали экспорт қилади. Лицензия нархи – 500 АҚШ доллари. Сотилган ҳар бир лицензиядан корхона савдо майдони хизматлари ҳақини айирган ҳолда 490 доллар олади.
Лицензия сотилган санадаги тахминий доллар курси – 12 300 сўм.

Пул олинган санадаги доллар курси – 12 350 сўм.

Экспорт рақамли дистрибуция воситасида амалга оширилаётгани сабабли ДМ божхонада расмийлаштирилмайди.

Мазкур ҳолатда экспорт шартномасини расмийлаштириш ва битимни ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказиш шарт эмас .

Корхона ҳисобрақамига ҳар бир лицензия учун 490 доллар маблағ тушади, аммо даромад 500 АҚШ долларини ташкил қилади.

10 доллар – корхонанинг савдо майдони хизматлари учун сарфлаган харажатлари.

Бухгалтерия ҳисоби:

   

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Дебет

Кредит

Хизматларни реализация қилишдан даромад акс эттирилди
(500 х 12 300)

6 150

4010

9030

Тушумнинг келиб тушиши акс эттирилди
(490 х 12 350)

6 051,5

5210

4010

Савдо майдони комиссияси акс эттирилди
(10 х 12 350)

1235,5

9410

4010

Курсдаги фарқ акс эттирилди
(500 х (12 350 – 12 300))

25

4010

9540

Рақамли дистрибуция орқали лицензиялар экспорти қандай расмийлаштирилади

Электрон майдон имкониятларини диққат билан ўрганиб чиқинг, майдондан фойдаланишнинг барча босқичларида шакллантириладиган статистика, ҳисоботлар, хабарлар билан танишиб чиқинг.

Вазифангиз – дастурий маҳсулотингизнинг сотилиши бўйича қуйидаги барча маълумотлар скриншотларини сақлаб қолиш:

  • ДМ номи, имкониятлар, нархлар;
  • буюртма рақами ва санаси (агар мавжуд бўлса);
  • тўлов санаси ва суммаси;
  • юклаб олиш санаси ва вақти;
  • савдо майдони комиссияси суммаси;
  • бошқа маълумотлар.

Агар лицензиялар ҳар куни реализация қилинадиган бўлса, – муайян даврдаги сотувлар бўйича тизим томонидан шакллантирилган ҳисобот тайёрлаш мумкин. Айнан у ДМга лицензияларни сотиш бўйича битимларни тасдиқлаш учун асос бўлади.

Тизимдан олинган ва қоғозга чиқарилган ахборотга бу ахборотни асослаб берувчи бухгалтерия маълумотномаси ёки масъул шахснинг хизмат хати (билдиришнома)ни илова қилинг.

Мазкур тавсияни исталган рақамли маҳсулотларга қўллашингиз мумкин. 

Рақамли маҳсулотлар – интеллектуал мулк объектларининг электрон нусхалари (рақамли товарлар), шунингдек электрон ахборот муҳитида моддий натижага эга бўлмаган муайян ҳаракатлар ёки муайян фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан «булутли технологиялар» хизматини харид қилиш ва унга обуна бўлиш хизматлари (рақамли хизматлар) .

Эътибор беринг
2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинди .

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал