Товар-моддий бойликлар инвентаризациясини ўтказиш тартиби

01.04.2021
author avatar

Шарофитдин Ҳайдаров

Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази директори ўринбосари
author avatar

Татьяна БЕЛОУСОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– нима инвентаризация қилинади;
– ТМБни инвентаризациядан ўтказиш бўйича тавсиялар;
– идишларни инвентаризациядан ўтказиш;
– ТМБни инвентарлашнинг якуний босқичи;
– инвентаризацияда аниқланган тафовутларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш.

 

Товар-моддий бойликлар инвентаризациясини:

  • уларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш;
  • ҳақиқатда мавжудлигини бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштириш;
  • мажбуриятларнинг ҳисобда тўлиқ акс эттирилишини текшириш учун ўтказинг.

Ҳисобдаги маълумотлар ва бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлиги ўртасидаги фарқлар қуйидаги  сабабларга кўра вужудга келиши мумкин:

 

Табиий сабаблар

  • Ҳарорат ёки намлик таъсирида вазн ва сифатнинг ўзгариши
  • Кемирувчилар, ҳашаротлар, микроорганизмлар ва бошқалар томонидан шикаст етказиш
  • Сақлаш ва ташишдаги йўқотишлар (ортиқча оғирлик, қуриш, сочилиш, тўкилиши ва ҳ.к.)

Ҳисобдаги хатолар

  • Бирламчи ҳисоб ҳужжатлари ёзувларидаги хатоликлар
  • Саноқлардаги арифметик хатолар
  • Ҳужжатдаги маълумотларни счётларда нотўғри акс эттириш ва ҳ.к.

Суистеъмол қилиш

  • Ўғирлик
  • Қабул қилиш ёки чиқариб юборишда тарозидан уриш ёки ўлчовда алдаш

Қабул қилиш ёки чиқариб юборишда ноаниқликлар

  • Бир навни (сифатни) бошқаси билан алмаштириш - қайта навлаш

Фақат шахсий ТМБни эмас, балки сақлаш, ссуда шартномаси бўйича фойдаланишдагиларни ҳам инвентаризациядан ўтказинг.

Қуйида қайси ҳолатларда ТМБни инвентарлаш зарурлиги, ушбу жараённи қандай ҳужжатлар билан расмийлаштириш ва инвентаризация ўтказишнинг бошқа умумий қоидалари билан танишишингиз мумкин.

Нима инвентаризация қилинади

Қуйидаги счётларда ҳисобга олинган ТМБ инвентарланишини ўтказинг:

  • 1000 «Хом ашё ва материалларни ҳисобга олувчи счётлар»;
  • 2800 «Тайёр маҳсулотларни ҳисобга олувчи счётлар»;
  • 2900 «Товарлар»;
  • 014 «Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари».

Ташкилотга тегишли бўлмаган, лекин бухгалтерия ҳисобида қуйидаги счётларда ҳисобга олинадиган ТМБни ҳам инвентаризациядан ўтказинг: 

  • 002 «Масъул сақлашга қабул қилинган ТМБ»;
  • 003 «Қайта ишловга қабул қилинган материаллар»;
  • 004 «Комиссияга қабул қилинган товарлар»;
  • 011 «Ссуда шартномаси бўйича олинган мулк».

ТМБни инвентаризациядан ўтказиш бўйича тавсиялар

1. Инвентаризацияни натура (танлаб олиб) ва ҳужжатли текшириш йўли билан амалга оширинг. Барча моддий бойликларни қайта сананг, тортинг ва ўлчанг. Истисно тариқасида:

  • етказиб берувчининг очилмаган ўрамида сақланаётган материал ва товарлар миқдорини ҳужжатлар асосида, уларнинг бир қисмини натурада мажбурий текшириш орқали аниқланг;
  • қопланмаган маҳсулотлар оғирлигини (ёки ҳажмини) ўлчаш ва техник ҳисоб-китоблар асосида аниқланг. Ўлчаш далолатномалари ва ҳисоб-китобларни инвентарлаш рўйхатига илова қилинг.

Бу усулдаги текширувлар тўғрисида инвентарлаш рўйхатига белги қўйинг.

Buxgalter.uz тавсия қилади

Қолдиқларни санашда бир хил бойликлар икки маротаба саналмаслиги ёки қайсидир бир қийматлик ҳисобга олинмай қолишини назорат қилинг. Шу билан бирга:

  • бир турдаги маҳсулот бошқасининг ўрнига чиқарилмаганлигини;
  • моддий жавобгар шахснинг баёнотига кўра, ТМБ билан банд бўлган ёки бошқа бойликлар жойлаштирилган, ёпилган идиш (тара) бўш эмаслигини;
  • текширилаётган бойликларнинг ҳақиқий оғирлиги, ўлчамлари ва бошқа маълумотларини текширинг. 

2. Агар сиз инвентарлашни 2 ёки ундан ортиқ кун мобайнида ўтказсангиз, қайта саналган ТМБ учун инвентарлаш ёрлиғини тўлдирасиз ва уни у билан бирга сақлайсиз .

3. Инвентаризацияни фақат ҳужжатли текшириш асосида – санаш, тарозида тортиш, ўлчашларсиз қуйидаги тоифадаги ТМБ учун амалга оширасиз:

  • бошқа ташкилотлар омборларида масъулиятли сақланишда бўлган ТМБ.

Уларни рўйхатларга масъулиятли сақлашга топширилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (қабул қилиш – топшириш бўйича ҳужжатлар, тўлов ҳужжатлари) асосида  шакл бўйича киритинг. Бу  бойликлар масъулиятли сақланишда бўлган ташкилотлардан инвентаризация рўйхатларининг нусхаларини олинг. Уларни олгач, бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлигини рўйхатлар нусхаларининг маълумотлари асосида ҳужжатларга биноан белгиланган миқдор билан таққосланг.

  • Йўлда бўлган ТМБ. 

Инвентаризация  2970 «Йўлдаги товарлар» счётида (етказиб бериш шартномаси, банк бўйича тўлов, счёт-фактура, омбор ҳисоботи)  кўрсатилган суммаларнинг асослилигини синчиклаб, ҳужжатли текширишни ўз ичига олади  шакл бўйича алоҳида рўйхат тузинг.

Ҳар бир алоҳида етказиб бериш бўйича маълумотларни акс эттиринг.

  • Бошқа хўжалик субъектларида қайта ишлашда бўлган ТМБ.

1070 «Четга қайта ишлаш учун берилган материаллар» счётида ҳисобга олинадиган ТМБ рўйхатга эркин шаклда қуйидагиларни кўрсатган ҳолда киритилади:

  • қайта ишловчи корхонанинг номи;
  • бойликларнинг номлари ва миқдорлари;
  • ҳисоб маълумотлари бўйича ҳақиқатда қиймати;
  • бойликларни қайта ишлашга топшириш санаси;
  • ҳужжатларнинг рақам ва саналари.

4. Агар корхонада ТМБлар кўчирилишини тўхтатмаган ҳолатда (омбор, ишлаб чиқариш цехи) инвентаризация ўтказиш мумкин бўлмаса, бойликлар кирим қилиниши ва чиқиб кетишининг назоратини таъминланг. Ёдда тутинг, текшириш даврида фақатгина раҳбар ва бош ҳисобчининг ёзма  рухсатномаси бўйича ва инвентаризация комиссияси аъзоларининг ҳозирлигида ТМБ қабул қилинади ва  чиқарилади.

Уларга алоҳида рўйхатлар юритинг:

  • «Инвентаризация вақтида келиб тушадиган товар-моддий бойликлар».
    Рўйхатда қуйидагиларни кўрсатинг:
  • ТМБнинг келиб тушиш санаси;
  • етказиб берувчининг номи;
  • кирим ҳужжатининг санаси ва рақами;
  • ТМБнинг номи;
  • келиб тушган ТМБнинг миқдори, нархи ва суммаси.

Келиб тушган товар-моддий бойликларнинг кирим ҳужжатига комиссия раиси «Инвентаризациядан сўнг» деб ёзади, ушбу бойликлар ёзилган рўйхатга санани қўяди ва имзо чекади.

  • «Инвентаризация вақтида берилган товар-моддий бойликлар».

Ушбу рўйхатда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ТМБнинг берилган санаси;
  • харидорнинг номи (корхонанинг бўлинмаси);
  • ТМБнинг номи;
  • чиқим ҳужжатининг санаси ва рақами;
  •  берилган товарнинг миқдори, нархи ва суммаси.

Чиқим ҳужжатида комиссия раиси «Инвентаризациядан сўнг» деб ёзади, рўйхатнинг санасини қўяди ва имзо чекади.

Бериб юборилган ТМБни моддий жавобгар шахслар инвентаризациядан сўнг тузиладиган реестр ёки товар ҳисоботида акс эттиришади.

5. Қуйида келтирилган ТМБ тоифаларининг ҳақиқатда мавжудлигини мажбурий санаш, тортиш, ўлчаш билан ҳужжатли текшириш йўли орқали аниқланг:

  • Омборлардаги ТМБ.

Аниқланган ва қайта саналган бойликлар тўғрисидаги маълумотларни инвентаризация рўйхатларига номенклатура рақами, тури, гуруҳи, артикули, нави ва миқдори кўрсатилган ҳолда ҳар бир ном бўйича киритинг. 

  • Бошқа субъектларга тегишли бўлган сизнинг ташкилотингизда масъулиятли сақланишдаги ТМБ.

Бундай ТМБ ҳисобда балансдан ташқари 002 «Масъул сақлашга қабул қилинган товар-моддий қийматликлар» счётида ҳисобга олинади.

Қабул қилиш – топшириш бўйича ҳужжат ва тўлов ҳужжатларини кўрсатган ҳолда рўйхат тузинг .

Инвентарлаш ўтказинг. Бойликларни етказиб берувчи – ташкилотдан инвентаризация рўйхатининг нусхасини олинг ва уни ҳақиқатда мавжуд бойликлар билан солиштиринг.

  • Комиссияга қабул қилинган товарлар.

Балансдан ташқари 004 «Комиссияга қабул қилинган товарлар» счётида ҳисобга олинган ТМБнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқланг, уни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштиринг, рўйхат тузинг.

Агар инвентаризация натижасида камомад ёки бузилиш аниқланса, солиштириш қайдномасини тузинг. Ушбу факт тўғрисида комитентга хабар беринг.

Унутманг, воситачи (бу сиз) зиммасидаги бойликларнинг камомади ва бузилишига комитент олдида жавобгар ҳисобланади.

  • Қайта ишловга қабул қилинган материаллар.

Инвентаризация ўтказинг, балансдан ташқари 003 «Қайта ишловга қабул қилинган материаллар» счётида ҳисобга олинган ТМБнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқланг. Ҳар бир буюртмачи – хом ашё ва материаллар тури, нави ва жойлашган жойи бўйича рўйхатлар тузинг. Натижани ҳисоб маълумотлари билан таққосланг, тафовут аниқланган тақдирда солиштириш қайдномасини тузинг.

  • Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари.

Активларнинг бу тури балансдан ташқари 014-счётда ҳисобга олинади. Ҳар бир активни жойлашган жойи ва сақланишига жавобгар шахслар бўйича текшириш йўли билан инвентарлаш ўтказинг.

Рўйхат тузинг .  Қийматликлар унга бухгалтерия ҳисобида қабул қилинган номенклатурага мувофиқ номлари бўйича киритилади.

Ходимларга шахсий фойдаланишга  берилган инвентарлар учун масъул бўлган ва шахсий варақчалар очилган шахсларнинг имзосини кўрсатган ҳолда гуруҳий инвентаризациярўйхатларини тузинг. Ювиш ва тузатишга юборилган махсус кийим ва сочиқ-дастурхонлар ушбу рўйхатга маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг қайднома-юкхатлари ёки квитанциялари асосида ёзилади.

Яроқсиз ҳолга келган, лекин ҳисобдан ўчирилмаган арзон ва тез эскирувчи буюмлар учун уларнинг фойдаланиш вақти, яроқсиз бўлиш сабабларини кўрсатган ҳолда далолатнома тузинг.

Идишлар инвентаризацияси 

Идишларнинг ҳисоби ва ҳаракатини 2950 «Товарлар билан банд ва бўш идишлар», 1060 «Идиш ва идишбоп материаллар» счётларида акс эттиринг.

Текширишдан олдин бўш идишни (тарани) турлари бўйича танланг:

  • ёғоч (яшиклар, бочкалар);
  • картон;
  • металл (флягалар, барабанлар);
  • тўқимачилик (қоплар);
  • пластмасса (қутилар, бочкалар, флягалар).

Ҳар бир идишни белгиланган мақсади ва сифат ҳолати (янги, илгари фойдаланишда бўлган, таъмирлаш талабида бўлган) бўйича навларга ажратинг.

Идишнинг тури, белгиланган мақсади ва сифат ҳолати бўйича рўйхат тузинг.

Яроқсиз ҳолга келган идишларга яроқсиз ҳолга келиш сабаблари ва масъул шахсларни кўрсатган ҳолда далолатнома тузинг.

ТМБни инвентарлашнинг якуний босқичи

Барча маълумотларни ҳисобда қабул қилинган таснифга биноан солиштириш қайдномасида пул ва натура шаклида қайд этинг .  

Инвентаризациянинг якуний натижасини аниқлаш учун қуйидаги иккита қоидани қўлланг:

1. Бойликлар камомадини қайта навларга ажратишдаги ортиқча сифатида ҳисобга олинг.

Қайта навларга ажратишда ўзаро ҳисобга олишни қуйидаги ҳолатларда амалга оширинг:

а) бир номдаги ва бир хил миқдорлардаги моддий бойликларда ортиқча чиқиш ва камомадлар аниқланганда;

б) текширилаётган давр учун  моддий жавобгар шахсда ортиқча чиқиш ва камомадлар аниқланганда.

Мисол
Қайта навларга ажратиш бўйича бойликларнинг ортиқча чиқиши ва камомадларини ҳисобга олиш
Савдо залидаги сотувчи И. Маҳмудовга тегишли материаллар инвентаризациядан ўтказилганда қуйидагилар аниқланади:
оқ сатин камомади – 10 метр ( бир метр нархи 38 000 сўм);
оқ чит ортиқчалиги - 5 метр ( бир метр нархи 10 000 сўм);
оқ сатин ортиқчалиги – 10 метр ( бир метр нархи 35 000 сўм).
Сотувчи ёзма тушунтиришида хатосини тан олади, натижада сатин бўйича қайта навга ажратиш ва чит бўйича ортиқча чиқиш пайдо бўлади. Инвентаризация комиссияси қуйидагича хулоса беради:
сатинни қайта навга ажратишда ҳисобга олиш бўйича қопланмаган камомад миқдори 30 000 сўм (380 000 - 350 000) сотувчи И.Маҳмудов томонидан қоплаб берилади;
ортиқча чиққан чит бўйича - 5 метр, 50 000 сўм корхонанинг даромади деб тан олинади.
Бухгалтерия қуйидаги ўтказмаларни амалга оширади:

Хўжалик операциялари
мазмуни

Сумма
(минг сўм)

Счётлар корреспонденцияси

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Қайта навга ажратиш (сатин) бўйича ҳисобга олиш билан қопланмаган камомад ҳисобдан чиқарилади

30

5910

2920

Солиштириш қайдномаси

Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимнинг қарздорлиги акс эттирилади

30

4730

5910

Инвентаризация комиссиясининг хулосаси,

Раҳбарнинг фармойиши

Ортиқча чиққан чит - 5 метр кирим қилинади

50

2920

9390

2. Табиий йўқолишнинг ўрнатилган меъёрлари доирасида бойликлар камомадини ҳисобдан чиқаринг.

Табиий йўқолиш меъёрлари  камомад мавжудлигида ва унинг меъёри доирасида инвентаризация ўтказилгандан сўнг қўлланилади.

Раҳбарнинг буйруғи асосида ҳисобдан чиқаришни амалга оширинг. Aгар тасдиқланган меъёрлар мавжуд бўлмаса, барча табиий йўқолишлар камомад деб қаралади. Зарар натижасида ҳисобдан чиқарилган товарларга табиий йўқолиш ҳисобланмайди.

Buxgalter.uz тавсия қилади
ТМБ табиий йўқолишининг тасдиқланган меъёрларини ишлаб чиқариш ва савдо корхоналарида бўлиши муҳимдир. Меъёрлар ишлаб чиқариш жараёнига ва ТМБ турига боғлиқ бўлади. Ушбу маълумотларни ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун Технологик йўриқномада (шартларда) топиш мумкин. Шунингдек, ушбу масалани тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилиш мумкин.

Инвентаризацияда аниқланган тафовутларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак

Инвентаризация натижаларини ҳисобда қуйидагича акс эттирасиз

Хўжалик операциялари
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Камомади аниқланган ТМБнинг баланс қийматини ҳисобдан чиқариш

5910

ТМБни ҳисобга олиш счётлари 1000-2900

Айбдор шахслар аниқланмаган бўлса, чиқиб кетишдан кўрилган зарар суммасини ҳисобдан чиқариш

9430

5910

Айбдор шахслар аниқланган бўлса, ТМБ камомадини бозор қиймати бўйича ҳисобдан чиқариш (бозор қиймати баланс қийматидан паст)

4730 –
бозор қиймати суммасига

9430 –
бозор ва баланс қийматлари ўртасидаги фарқ учун

5910 – 
баланс қиймати суммасига

Айбдор шахслар аниқланган бўлса, ТМБ камомадини бозор қиймати бўйича ҳисобдан чиқариш(бозор қиймати баланс қийматидан юқори)

4730 –
бозор қиймати суммасига

5910 –
бозор қиймати суммасига

9320 –
бозор ва баланс қийматлари ўртасидаги фарқ учун

Ҳисобга олинмаган ТМБни (ортиқча чиққанларини) аниқланиш санасига бозор қиймати бўйича кирим қилиш

ТМБни ҳисобга олиш счётлари 10002900

9390

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг