Лизингда ҚҚС бўйича қандай имтиёзлар бор?

preview

2020 йил 1 январга қадар маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилар уни реализация қилиш чоғида ҚҚС тўлашдан озод этилади. Бу Президентнинг 4.04.2019 йилдаги ПҚ-4268-сон қарорида белгиланган. Шунингдек 2020 йил 1 январга қадар лизинг бўйича ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришнинг алоҳида тартиби белгиланган. buxgalter.uz илтимосига биноан, лизинг операцияларига солиқ солишда мураккаблик туғдираётган, шу жумладан ПҚ-4268-сон қарор юзасидан саволларга молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб беради.

- Президент қарори республика қишлоқ хўжалиги секторини замонавий маҳаллий ва хорижий қишлоқ хўжалиги техникаси билан жиҳозлашга тааллуқли. Бу уларга тақдим этилган ҚҚС бўйича имтиёзлар фақат қишлоқ хўжалиги техникасига қўлланилганлигини билдирадими?

- Ҳақиқатан ҳам, Президент қарори қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини сифатли қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлашни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек ушбу жараёнга тижорат банкларининг молиявий маблағларини жалб этиш мақсадида қабул қилинган. Бунинг учун 2020 йил 1 январга қадар маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчилар уни реализация қилиш чоғида ҚҚС тўлашдан озод этилган.

- Мазкур қарор билан 2020 йилга қадар лизинг операциялари бўйича ҚҚСни Солиқ кодексида назарда тутилганидан фарқли равишда махсус тартибда ҳисоблаш белгиланган. Унинг ўзига хос хусусияти нимада?

- 2020 йил 1 январга қадар лизинг компаниялари ва тижорат банклари мол-мулкни лизингга беришда ҚҚС тўлашдан озод этилган, шу жумладан импорт бўйича харид қилинган лизинг объектининг сотиб олинган нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиққан ҳолда ҚҚСни ҳисоблайдилар. Солиқ кодексига (204-моддаси) мувофиқ лизинг чоғида ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база чиқиб кетаётган активнинг қиймати асосида аниқланади.

- Қишлоқ хўжалигига тегишли бўлмаган бошқа мол-мулк лизингга берилаётганда мазкур тартиб қўлланиладими?

- Ҳа, ҚҚС ҳисоб-китобининг вақтинчалик тартиби қишлоқ хўжалигига тегишли бўлмаган, шу жумладан импорт бўйича олинган бошқа мол-мулк лизингга берилганда ҳам қўлланилади.

- Лизинг компанияларининг бухгалтерлари кўпинча кўчмас мулк объекти лизингга берилганда мол-мулк ва ер солиқларини битим тузганларнинг қайси томони (лизингга берувчи ёки лизингга олувчи) тўлайди, деган саволни берадилар?

- Кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк мол-мулк солиғи солинадиган объектга киритилади (Солиқ кодексининг 266-моддаси 1-банди). Лизингга олувчи кўчмас мулк объектини лизингга олиш чоғида кўчмас мулк объектини 0310-«Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» счётига балансга кирим қилади. Бинобарин, лизингга олувчи мол-мулк солиғини тўлайди. 

Бу ер участкасини кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқдир. Кўпинча лизинг объекти лизингга олувчига расмийлаштирилади, бунда бошқага ўтказиш ҳуқуқисиз ёки кафолатсиз (тақиқ қўйиш билан) лизинг объектига боғлиқ бўлган ер участкаси ҳам ҳисобга олинади.       

Кадастр кимнинг номига расмийлаштирилган бўлса, ўша шахс ер солиғини тўлайди. Кадастр лизингга олувчига қайта расмийлаштирилса, иккала солиқни ҳам лизингга олувчи тўлайди.

- Амалиётдаги вазиятни мисол келтирган ҳолда сўнгги саволга тўхталмоқчиман. 2018 йилда лизинг компанияси ҚҚС тўловчиси бўлмаган, 2019 йилдан эса умумбелгиланган солиқлар, шу жумладан ҚҚС тўлашга ўтди. Лизинг шартномаси 2018 йилда тузилган. 2019 йилда ва ундан кейинги йилларда компания лизинг тўловларини, шу жумладан лизинг объекти қийматини қоплаш суммасини олади. Ушбу тўлов борасида ҚҚС юзага келадими?

- Объект қийматини ижарага берувчи (лизингга берувчи) оладиган ижара (лизинг) тўловининг бир қисми тарзида қоплаш реализация қилиш обороти бўлмайди (Солиқ кодексининг 199-моддаси 2-қисми 12-банди). Бинобарин, лизинг тўловининг бундай қисми ҚҚС солинадиган объект ҳисобланади. Ушбу норма 2018 йилда амал қилган, у 2019 йилда ҳам ўзгартирилмаган.

Лизингга берувчи 2018 йилда ҚҚС тўловчиси бўлса, 2018 йилда объект бевосита лизингга берилганда реализация қилиш обороти, яъни ҚҚС солинадиган объект юзага келади. ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база 2018 йилда қонун ҳужжатлари бўйича, яъни ҚҚС суммасини ўз ичига олган чиқиб кетаётган актив ва унинг баланс (қолдиқ) қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланган бўларди.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳада (261-модда) молиявий ижара бўйича операцияларга солиқ солиш тартиби назарда тутилади.

P.S. таҳририятдан. Барча лизинг компанияларини ушбу мақолага шарҳ беришга таклиф этамиз.