• beta

Ўтган йилги рентабелликдан келиб чиққан ҳолда фойда солиғини ҳисоблаб чиқиш бўйича ДСИнинг хатига қандай жавоб бериш мумкин

28.08.2019

Солиқчилар ўтган даврдаги рентабеллик кўрсаткичларидан келиб чиқиб, фойда солиғини қайта ҳисоблашни сўраб хат жўнатишмоқда.

ДСИ нимани сўраяпти

Камерал назорат натижаларига кўра ДСИ 2018 йил якунлари бўйича корхонада йиллик рентабеллик 20% бўлганда фойда солиғи суммаси 120 млн сўмни ташкил этганлигини аниқлади. 2019 йилнинг I ярим йиллиги учун ҳисоб-китоб бўйича:

  • рентабеллик 7%гача тушиб кетган;
  • фойда камайган;
  • фойда солиғи суммаси камайган.

ДСИ Солиқ кодексининг 70-моддасига таяниб, солиқ тўловчидан қуйидагиларни сўрамоқда:

  1. 20%дан келиб чиққан ҳолда фойдани ва унга солинадиган солиқни қайта ҳисоблашни;
  2. Ҳисоботларни қайтадан топширишни ва солиқни қўшимча тўлашни.

Солиқ тўловчи бундай қилишга рози бўлмаса, солиқчилар ёзма равишда асослаб беришни таклиф қилишяпти ҳамда солиқ тўловчига қулай вақтда суҳбатлашиш учун ДСИга ташриф буюришини айтишяпти.

 

Қандай муносабат билдириш мумкин

Биринчи вариант –  «қонун бўйича». Корхона ушбу хатга эътибор қаратмасликка ҳам ҳақлидир. Бундай хатлар қонун ҳужжатларида на шакл, на мазмун жиҳатидан назарда тутилмаган. Солиқ органларининг бюджетни тўлдиришга интилиши тушунарли, бу уларнинг бевосита мажбуриятларига киради. Бироқ бунинг учун тахмин қилинаётган фойдадан келиб чиқиб солиқларни қўшимча тўлашни ёки рентабелликнинг тушиб кетиш сабаблари тўғрисидаги маълумотларни сўраб ёзилган «дўстона хатлар»дан фойдаланиш нотўғри ишдир.

Солиқчилар хатларида Солиқ кодексининг 70-моддасига ҳавола қилишяпти. Бироқ унда тўғридан-тўғри шундай дейилган: камерал назоратнинг мақсади солиқ тўловчига давлат солиқ хизмати органлари томонидан камерал назорат натижалари бўйича аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини беришдан иборатдир. Солиқчиларнинг солиқ тўловчиларга ягона белгиланган ёзма мурожаат шакли бу талабномадир. У солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган ва ДСИдаги мавжуд маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланганда тақдим этилади (Солиқ кодексининг 70-моддаси).

Ваҳоланки, рентабеллик даражасининг пасайиши хатолик эмас, балки хўжалик фаолиятида юз берган ҳолат далилидир. Мазкур ҳолат нафақат солиқ органларига, балки солиқ тўловчиларнинг ўзларига ҳам хуш ёқмайди. Ушбу масала асослаб берилишини талаб қилиш эса тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фаолиятига аралашиш ҳисобланади. Бу қонун билан тўғридан-тўғри тақиқланган («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддаси). Солиқ тўловчилар ДСИнинг Солиқ кодексига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлари ҳамда талабларини бажармасликка ҳақлидир (Солиқ кодексининг 31-моддаси).

 

Хулоса: ўтган даврлардагига қараганда рентабелликнинг пасайиши –  ҳуқуқбузарлик ҳам, хатолик ҳам эмас. Бу  хўжалик фаолиятида тез-тез учраб турадиган ҳолатдир. Ҳеч бир шаклда – «дўстона» хат ёки «талабнома» кўринишида рентабеллик пасайиши сабабларини сўрашга солиқчилар ҳақли эмас.

 

Иккинчи  вариант – «ҳаётий ёндашув». Амалиётда солиқ тўловчиларнинг кўпчилиги солиқчиларни илтимосига ижобий қараб, уларга ён босадилар. «Норма» ўтказган сўровда иштирок этган кўпгина солиқ маслаҳатчилари ва адвокатлар: «солиқчилар билан иш юзасидан нормал муносабатларни сақлаб қолиш истагида бўлсангиз, ДСИ хатларига жавоб беринг» дея тавсия этишди.

Хатда ва улар билан учрашувда рентабеллик пасайганлигининг сабабларини тушунтириб беринг:

1-сабаб. Реализация қилинаётган товарлар мавсуми тугаётганлиги муносабати билан ҳамда уларни сақлаш ва ташиш харажатларини камайтириш мақсадида, фирма уларни чегирмалар билан сотишга қарор қилди. Натижада сотувдан тушум ортди, бироқ фойда камайди, чунки чегирмани ҳисобга олган ҳолда белгиланган устама минимал эди.

2-сабаб. 2019 йилда корхона ўз брендини фаол илгари суришни бошлади. ТВдаги, ташқи, интернетдаги рекламага кўп пул сарфланди. Натижада реализация қилишга оид харажатлар ошиб кетди, бу эса фойданинг камайишига олиб келди.

3-сабаб. 2019 йилнинг бошида корхонада шартнома нархи бўйича маҳсулотлар (хизматлар)ни реализация қилиш бўйича мажбуриятлар мавжуд эди. Корхона ушбу мажбуриятлар бўйича нархларни ошира олмади. Бироқ хом ашё ва материалларнинг анча қимматлашганлиги реализация қилинган маҳсулот таннархининг ошишига ва тегишинча ҳисобот давридаги фойданинг камайишига олиб келди.

4-сабаб. 2019 йилнинг биринчи чорагида корхона иқтисодий (технологик, техник ёки ташкилий) сабабларга кўра ишлаб чиқариш қувватидан тўлиқ фойдалана олмади. Бунда доимий харажатлар – ижарага, доимий ходимларга, ускунани таъмирлашга ва бошқаларга харажатлар камайгани йўқ. Натижада ҳисобот давридаги фойда камайиб кетди.

5-сабаб. Рентабелликнинг пасайиши кутилмаган зарар кўришлар билан тушунтирилади. Корхонанинг цехларидан бирида ёнғин содир бўлган. Корхона кўрган зарар:

  • авария пайтида ускуналарнинг бекор туриб қолишидан йўқотишлар ва бекор туриб қолишлар учун ходимларга ҳақ тўланиши;
  • авария чоғида олинган яроқсиз маҳсулотдан кўрилган зарар;
  • авария оқибатларини тугатишга оид харажатлар  -  материаллар, бинони таъмирлаш ва бошқаларга сарф-харажатлар.

6-сабаб. Технологик хатолар оқибатида 2019 йилнинг I чорагида кўп маҳсулот яроқсизга айланди. Корхона бу чиқимларни корхона харажатларига киритишга мажбур бўлди, бу эса фойданинг камайишига олиб келди.

7-сабаб. Корхона ҳисобот даврида умумий ишлаб чиқаришга мўлжалланган бинони капитал таъмирлашдан чиқарди. Таъмирлаш харажатлар ҳисобот давридаги фойдани камайтириб юборди.

8-сабаб. Ускуналарнинг бир қисми техник сабабларга кўра ишдан чиқди. Улар таъмирланди, бу эса кўрсатилган даврда корхонадаги бошқа ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига сабаб бўлди.

9-сабаб. Корхонада ҳисобот давридаги фойданинг камайиши ушбу давр учун салбий курс фарқларининг ошиши билан боғлиқдир. Хусусан, корхонада импорт шартномаси бўйича АҚШ долларида мажбуриятлар мавжуд. АҚШ доллари курсининг ошиб кетиши туфайли корхонанинг молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига киритиладиган валюта курси фарқидан зарарлар ошиб кетди.

10-сабаб. Ҳисобот даврида рентабелликнинг пасайиши даъво муддати ўтган дебиторлик қарзи (ва ундирилиши ноаниқ бўлган бошқа қарзлар) ҳисобдан чиқарилиши натижасида юз берди. 5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга мувофиқ, шубҳали қарзларни ҳисобдан чиқаришдан зарарлар бошқа операцион харажатларга киритилди.

11-сабаб. Бозор шароитларининг ўзгариши муносабати билан корхона қайта ташкил этилмоқда. Бу эса ходимлар сони (штати)нинг қисқаришига олиб келди. Қонун ҳужжатларига мувофиқ ишдан бўшатилаётган ходимларга пуллик компенсация тўланди. 

12-сабаб. 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг (рўйхат рақами 1192, 4.12.2002 йил) 5 ва 6-бандларига мувофиқ корхона арзонлаштиришни бевосита усул билан амалга оширди. Объектлар қиймати баҳоланаётганларига ўхшаш янги объектларнинг ҳужжатлар билан тасдиқланган янги бозор нархлари бўйича қайта ҳисобланди. Арзонлаштириш суммасининг аввалги қўшимча баҳолаш суммаларидан ошиб кетиши бошқа операцион харажатларни оширди.

13-сабаб. Корхонада қўшимча харажатларнинг ошиб кетиши фойданинг камайишига олиб келди. Хусусан, корхонада захирада қадоқланган товарлар бўлган. Асосий мижоз ўз ўрамини ўзгартирди ва компенсация тўламаган ҳолда захирадаги маҳсулотларни қайтадан ўраб жойлашни талаб қилди. Корхона асосий мижозни йўқотмасдан учун бунга рози бўлди. Қайтадан ўраб-жойлаш натижасида зарар кўрилди, бу корхонанинг молиявий натижаларида акс этди.

Албатта, булар рентабеллик даражаси тушиб кетишига олиб келувчи сабабларнинг ҳаммаси эмас. Хўжалик фаолиятида вужудга келадиган вазиятларнинг ҳаммасини санаб ўтишнинг иложи йўқ.

Фаолиятингизда юзага келган ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқинг. Асосийси солиқчиларга рентабеллик даражаси пасайиб кетишининг ўзига яраша асосли сабаблари борлигини тушунтириб беринг. Сиз эса қонунга итоаткор солиқ тўловчисиз, солиқларда «иқтисод қилиш» мақсадида фойдани камайтирадиганлардан эмассиз.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал