Янги иштирокчига масъулияти чекланган жамиятдаги улушнинг сотилиши қандай амалга оширилади ва расмийлаштирилади
Тавсияда:
– уставда устав капиталидаги улушларни сотишнинг махсус шартлари мавжудлигини текшириш;
– МЧЖ ва унинг иштирокчиларини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиш;
– улушдан бошқа шахс фойдасига воз кечишни маъқуллаш тўғрисида муассисларнинг умумий йиғилишини ўтказиш;
– улушнинг олди-сотди шартномасини тузиш;
– янги иштирокчининг улушни сотиб олгани ҳақида МЧЖни хабардор қилиш;
– янги иштирокчи ҳақидаги маълумотларни бухгалтерия ҳисобига киритиш;
– улушлар тўғрисидаги янги гувоҳномаларни бериш;
– таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида иштирокчиларнинг умумий йиғилишини ўтказиш;
– янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш;
– жамият улуши учинчи шахсга сотилганда хатти-ҳаракатлар чек-листи.
МЧЖ мулкдори улушининг бир қисмини учинчи шахсга сотишга қарор қилди, у улушни сотиб олгач жамиятни келгусида ривожлантириш учун инвестиция киритади. Бунинг учун нима қилиш кераклигини кўриб чиқамиз.
Уставда устав капиталидаги улушларни сотишнинг махсус шартлари мавжудлигини текшириш
Қонунчиликда улушни учинчи шахсга ўтказишнинг асосий шартларигина белгиланади. Бунда деярли барча шартларда «агар уставда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса», дея изоҳ бериб ўтилади. Шу тариқа, жамият мулкдорлари улушни ёки унинг бир қисмини янги иштирокчига сотиш ёки буни умуман тақиқлаш тартиб-таомилининг махсус шартларини ўзлари белгилай оладилар. Одатда, ноинсоф мулкдорлар ҳийла-найранг қилишига, шу жумладан «бизнесни олиб қўйишга» уринишларига йўл қўймаслик учун муассислари кўпчиликни ташкил этадиган йирик компанияларда махсус шартларни қайд этиш лозим. Масалан, умуман олганда улушларни бошқа шахсга ўтказишни тақиқламай, балки фақат сотишга рухсат бериб, бошқа шахсга ўтказишнинг айрим усулларини (ҳадя қилиш, мерос қолдириш, гаровга бериш) тақиқлаш мумкин.
Жамият устав капиталида олдиндан белгиланган улушни сотиб олиш нархини белгилаш ҳам тақиқланмаган. МЧЖ иштирокчилари улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишлари учун олдиндан белгиланган улушни сотиб олиш нархини белгилаш лозим. Асосий мақсад – сотаётган иштирокчи имтиёзли ҳуқуқни амалга ошириш чоғида атайин бажариб бўлмайдиган шартларни таклиф этишига (масалан, нархни сезиларли даражада оширишига), оқибатда бундай имтиёзли ҳуқуқ қоғознинг ўзида қолиб кетишига йўл қўймаслик.
Бироқ ушбу қоида устав фондидаги улушни сотиб олаётган жамиятнинг ўзига нисбатан татбиқ этилмайди
. Қонунга кўра, жамият қатъий белгиланган ҳоллардагина ўз устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни сотиб олиши мумкин:
- иштирокчилар улушни сотиб олишни рад этганда, уставда эса уни учинчи шахсларга ўтказиш тақиқланганда;
- иштирокчилар улушдан учинчи шахс фойдасига воз кечишни рад этганда;
- иштирокчи ўз ҳиссасини тўлиқ ҳажмда муддатида қўшмаганда ёки мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқининг муддати тугаши билан пул товонини тақдим этмаганда;
- иштирокчи жамият муассислари таркибидан чиқарилганда ёки чиқиб кетганда;
- иштирокчилар улушнинг ворислик ҳуқуқи бўйича ўтишини рад этганда.
Жамият сотиб оладиган улушларнинг харид қиймати қонунчиликда императив тарзда белгиланган – у охирги ҳисобот давридаги жамият бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари асосида белгиланадиган улушнинг ҳақиқий қийматига мувофиқ келиши керак
. Бинобарин, жамият улушни сотиб олиши учун уставда унинг олдиндан белгиланган бошқа муайян сотиб олиш нархини назарда тутиб бўлмайди.
Стандарт уставларда назарда тутилган умумқабул қилинган шартлар доирасида улушни сотиш тартиб-таомилини кўриб чиқамиз:
- улушларни бошқа шахсга ўтказишга рухсат берилган;
- «иштирокчи – жамият – учинчи шахс» принципи бўйича имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи;
- битимни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди;
- имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги хабарнома жамият орқали юборилади;
- барча масалалар юзасидан сўров ўтказиш йўли билан иштирокчиларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши мумкин.
МЧЖ ва унинг иштирокчиларини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиш
Аввало сотаётган мулкдор бошқа иштирокчиларга ва жамиятнинг ўзига имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланишни таклиф этиши керак. Бу оддий ёзма шаклда амалга оширилади. Хабарномада қуйидагиларни кўрсатиш зарур:
- сотаётган мулкдор қарор қабул қилган пайтда қандай ҳажмдаги улушга эгалиги;
- улушнинг бир қисмини учинчи шахсга сотиш ҳақида қарор қабул қилингани;
- сотиш шартлари – сотилаётган улуш ҳажми ва номинал қиймати, сотишдан кейин сотаётган мулкдорда қоладиган улуш ҳажми, улушнинг бир қисмини сотиш нархи, битимнинг асосий шартлари (тўлов усули ва муддати);
- компаниянинг қолган иштирокчиларини хабардор қилиш ва шу жумладан – жамиятнинг ўзи томонидан имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга ошириш илтимоси.
Жамият хабарнома олганидан сўнг сотиш истаги ҳақида қолган мулкдорларни хабардор қилиши шарт
.
Умумий қоидага кўра, иштирокчилар ва жамиятнинг ўзи бир ой муддатда розилиги ёки рад этишини билдириб, жавоб бериши керак
. Иштирокчи ва жамият ҳам имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини рад этиш ҳақидаги жавобни хабарнома орқали йўллайди.
Улушдан бошқа шахс фойдасига воз кечишни маъқуллаш тўғрисида муассисларнинг умумий йиғилишини ўтказиш
Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи рад этилгач, улушнинг бир қисмидан учинчи шахс фойдасига воз кечишни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун муассисларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш зарур. Бундай қарор қабул қилиш муассислар йиғилишининг мутлақ ваколатига киради
.
Йиғилиш ўтказиш тартиб-таомили ҳам бир нечта босқичдан иборат:
1) жамият директори иштирокчиларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Унда кун тартиби, ўтказиш шакли, овоз беришни бошлаш ва якунлаш саналари, иштирокчиларни хабардор қилиш тўғрисидаги қарор кўрсатилади, овоз бериш учун бюллетень шакли тасдиқланади;
2) жамият овоз бериш учун бюллетень, қабул қилинган қарор ва йиғилиш баённомаси лойиҳасини илова қилган ҳолда сўров ўтказиш йўли билан навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказилиши тўғрисида иштирокчиларга хабарнома йўллайди;
3) иштирокчилар бюллетенлар ва баённомани имзолаб, уларнинг асл нусхаларини жамиятга юборадилар.
Улушнинг олди-сотди шартномасини тузиш
Муассисларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши баённомаси имзоланиб, улушни бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим маъқуллангач, сотаётган иштирокчи ва учинчи шахс улушнинг олди-сотди шартномасини имзолашлари мумкин.
Олди-сотди шартномасида сотаётган иштирокчи айнан жамиятнинг қолган мулкдорларига таклиф этган бошқа шахсга ўтказиш шартлари қайд этилиши керак. Акс ҳолда шартнома суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин
.
Улушга бўлган мулк ҳуқуқининг ўтиши бошланғич ҳужжатда қайд этилган бўлиши кераклиги боис сотаётган иштирокчининг ҳисобрақамига пул маблағлари ҳақиқатда келиб тушганидан кейин улуш қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича топширилишини шартномада қайд этинг. Шартномага қабул қилиш-топшириш далолатномаси шаклини илова қилинг.
Янги иштирокчининг улушни сотиб олгани ҳақида МЧЖни хабардор қилиш
Улушнинг олди-сотдиси расмийлаштирилгач, янги иштирокчи битим тузилгани ҳақида жамиятни хабардор қилиши керак. Айнан жамиятдан хабарнома олинган санадан бошлаб янги иштирокчи унинг олдида мулкдор сифатида корпоратив ҳуқуқ ва мажбуриятларни зиммасига олади
.
Янги иштирокчи хабарномага олди-сотди далилларини илова қилиши керак
:
- олди-сотди шартномаси;
- имзоланган улушни қабул қилиш-топшириш далолатномаси;
- тўлов тўланганлиги тасдиғи.
Тўлов тўланганлиги тасдиғини (банк кўчирмасини) олиш лозим, чунки амалда давлат хизматлари марказида ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш чоғида уни талаб қилишлари мумкин.
Янги иштирокчи ҳақидаги маълумотларни бухгалтерия ҳисобига киритиш
Янги иштирокчини қайси пайтдан бошлаб бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олиши кераклиги қонунчиликда белгиланмаган. Янги иштирокчини ҳисобга олишнинг учта варианти мавжуд:
- мулк ҳуқуқи ўтганда. Умумий қоидага кўра, шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади
.
- Одатда – улушни қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб мулк ҳуқуқи жамиятнинг янги мулкдорига ўтади. Бироқ улуш – ашё эмас, балки унинг эгасининг фойдани ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловларни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқида ифодаланган мулкий ҳуқуқ эканлигини ҳисобга олиш лозим. Бу улуш харидори корпоратив ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам риоя этиши кераклигини англатади;
- улуш сотиб олингани ҳақида жамият хабардор қилинганидан сўнг. Янги иштирокчи улушдан бошқа шахс фойдасига воз кечилгани ҳақида жамиятни ёзма равишда хабардор қилган пайтдан бошлаб корпоратив ҳуқуқ ва мажбуриятларни зиммасига олиши қонунчиликда белгиланган
. Яъни янги иштирокчи айнан хабардор қилган санадан бошлаб тўлақонли мулкдорга айланади;
- таъсис ҳужжатлари қайта давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг. Иштирокчилар таркибидаги ўзгартиришлар бундай ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш заруратини юзага келтиради. Таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар шу пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга киради
.
Янги иштирокчи қайси пайтдан ҳисобга олинади, деган саволга аниқ жавоб йўқ, бироқ улуш сотиб олингани ҳақида жамият хабардор қилинган пайтдан уни ҳисобга ола бошлашни тавсия этамиз, сабаби айнан шу пайтдан янги иштирокчи мулкдорнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини зиммасига олади. У, бошқа мулкдорлар билан бир қаторда, муассислар умумий йиғилиши ваколатига кирадиган қарорларни қабул қилиши, шу жумладан дивидендларни олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Давлат рўйхатидан ўтказиш санаси унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, у фақат янги иштирокчи учинчи шахслар томонидан мулкдор деб тан олинадиган санани кўрсатади.
Улушлар тўғрисидаги янги гувоҳномаларни бериш
Жамият иштирокчиси томонидан ҳиссанинг тўлиқ киритилганлиги бериладиган гувоҳнома билан тасдиқланиши боис
жамият янги иштирокчидан хабарнома олгач янгиланган гувоҳномаларни бериши керак. Бунинг учун жамият директори тегишли қарор қабул қилади, унда сотаётган мулкдорнинг олдинги гувоҳномасини ўз кучини йўқотган деб тан олади. Шундан сўнг жамият янги мулкдорга ва улушининг бир қисмини сотган мулкдорга янги гувоҳномалар беради.
Таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида иштирокчиларнинг умумий йиғилишини ўтказиш
Янги иштирокчи юборган хабарноманинг ўзи етарли эмас. Таъсис ҳужжатларини (таъсис шартномаси ва устав) қайта рўйхатдан ўтказиш зарур, уларда янги мулкдор ва унинг улуши ҳажми акс эттирилади. Ушбу ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейингина учинчи шахслар учун кучга киради
. Қайта рўйхатдан ўтказиш янги таҳрирдаги уставни ва таъсис шартномасини қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.
Таъсис шартномаларига ўзгартириш киритиш иштирокчилар умумий йиғилишининг ваколатига киради
. Шу сабабли қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
1) муассисларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилиш;
2) режалаштирилган умумий йиғилиш тўғрисида иштирокчиларни хабардор қилиш;
3) уларга овоз бериш учун бюллетенлар ва умумий йиғилиш баённомаси лойиҳасини йўллаш;
4) имзоланган бюллетенлар ва баённомани олиш.
Иштирокчиларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши баённомасига, таъсис ҳужжатларининг янги таҳририни тасдиқлаш тўғрисидаги қарордан ташқари, жамият ижроия органига давлат рўйхатидан ўтказиш топширилганини киритиш лозим.
Барча ҳужжатлар янги иштирокчига ҳам йўлланади, сабаби у мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ зиммасига олади
.
Янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш
Таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни муассислар умумий йиғилиш баённомасини имзолаган санадан бошлаб 30 кун ичида давлат рўйхатидан ўтказиш зарур
.
Шахсан ташриф буюриб ёки fo.birdarcha.uz сайтида онлайн шаклда қайта рўйхатдан ўтиш мумкин. Онлайн рўйхатдан ўтганда жамиятнинг ЭРИ ёрдамида порталга кириш зарур. Бироқ шуни ҳисобга олингки: биринчи бор қайта рўйхатдан ўтказаётган бўлсангиз, жамият иштирокчилари таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказишни топширган ишончли шахс тўғрисида маълумотлар киритилмагани боис тизим сизга ариза бериш имконини бермаслиги мумкин. Бу ҳолда шахсан ташриф буюриб ариза беришга тўғри келади, келгусида эса қайта рўйхатдан ўтказишга оид барча хатти-ҳаракатларни онлайн амалга ошира оласиз.
Таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат хизматлари марказига қуйидаги ҳужжатлар пакетини тақдим этинг:
- муассисларнинг қайта рўйхатдан ўтказиш учун ишончномалари;
- жамиятнинг таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказишга оид хатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун ишончномаси;
- давлат божи тўланганлигидан далолат берувчи ҳужжат;
- улушнинг бир қисмини сотиш нияти тўғрисида хабарнома;
- имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи рад этилгани тўғрисидаги хабарномалар;
- бюллетенлар ва улушдан учинчи шахс фойдасига воз кечишни маъқуллаш тўғрисидаги муассислар умумий йиғилиши баённомаси;
- улушнинг олди-сотди шартномаси, улушни қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва тўлов амалга оширилгани тўғрисида банк кўчирмаси;
- янги мулкдорнинг улуш сотиб олингани тўғрисидаги хабарномаси;
- бюллетенлар ва янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатлари рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги муассислар умумий йиғилиши баённомаси;
- давлат тилидаги янги таҳрирдаги таъсис шартномаси ва устав.
Улушнинг бошқа шахсга ўтиши муносабати билан таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш жараёни умуман олганда 16 иш соатидан, тезлаштирилган тартибда – 2 иш соатидан кўп бўлмаган вақтни олади
. Тезлаштирилган тартибда кўриб чиққанлик учун давлат божига 1 БҲМ қўшимча тўлаш зарур бўлади
.
Айни пайтда давлат хизматлари марказлари илгаригидек қоғоздаги таъсис ҳужжатларига штамп ва муҳр қўймайдилар. Сизга «Маълумотлар ўзгартирилгани тўғрисида ахборот» QR-коди билан электрон маълумотнома жўнатадилар. Унда таъсис ҳужжатларининг олдинги таҳрири билан солиштирганда ўзгарган маълумотлар кўрсатилади.
Ушбу маълумотнома янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатлари муваффақиятли рўйхатдан ўтказилганини тасдиқлайди.
Жамият улуши учинчи шахсга сотилганда хатти-ҳаракатлар чек-листи
Ишлаш қулай бўлиши учун хатти-ҳаракатларнинг ва улушни ёки унинг бир қисмини учинчи шахсга сотиш учун расмийлаштирилиши зарур бўлган ҳужжатларнинг чек-листидан фойдаланинг.
1. Уставда улушларни сотишнинг махсус шартлари мавжудлигини текшириш.
2. Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги хабарнома:
- иштирокчи жамиятга йўллаган хабарнома;
- жамият қолган иштирокчиларга йўллаган хабарнома;
- имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи рад этилгани тўғрисида иштирокчиларга ва жамиятга йўлланган хабарнома.
3. Улушдан бошқа шахс фойдасига воз кечишни маъқуллаш тўғрисида муассислар умумий йиғилишини ўтказиш:
- иштирокчилар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги жамият директорининг қарори;
- иштирокчиларга йўлланган хабарнома;
- овоз бериш бюллетенлари ва умумий йиғилиш баённомаси.
4. Улушнинг олди-сотди шартномасини тузиш:
- улушнинг олди-сотди шартномаси;
- улушни қабул қилиш-топшириш далолатномаси.
5. Янги иштирокчининг улушни сотиб олгани тўғрисидаги хабарномаси:
- олди-сотди шартномаси, улушни қабул қилиш-топшириш далолатномаси, улуш учун тўлов тўланганини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинган жамият янги иштирокчисининг хабарномаси.
6. Улушлар тўғрисидаги янги гувоҳномаларни бериш:
- жамият директорининг гувоҳномаларни бериш тўғрисидаги қарори;
- улушлар тўғрисидаги гувоҳномалар.
7. Таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида иштирокчилар умумий йиғилишини ўтказиш:
- жамият директорининг иштирокчилар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги қарори;
- иштирокчиларга йўлланган хабарнома;
- овоз бериш бюллетенлари ва умумий йиғилиш баённомаси.
8. Янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш:
- улуш сотилганидан далолат берувчи ҳужжатлар пакети;
- муассислар ва жамиятнинг ишончномалари;
- янги таҳрирдаги устав ва таъсис шартномаси.
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
- Масъулияти чекланган жамиятнинг устав капитали қандай шакллантирилади
- Масъулияти чекланган жамиятда улушлар билан қандай операцияларни амалга ошириш мумкин
- Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилигидан чиқиш қандай расмийлаштирилади
- Масъулияти чекланган жамиятни очиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби
- Масъулияти чекланган жамиятда қандай бошқарув органлари ишлайди

Наша страница
Канал в телеграм