2025 йил 1 майдан қандай ўзгартиришлар кучга киради
2025 йил 1 майдан бошлаб:
Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:
– ҳаво транспортида – 1000 АҚШ доллари;
– темир йўл ва дарё транспортида – 500 АҚШ доллари;
– автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали – 300 АҚШ доллари;
– халқаро курьерлик жўнатмалари орқали – 200 АҚШ доллари;
– халқаро почта жўнатмалари орқали – 100 АҚШ доллари.
Чет элдан республика ҳудудига қуруқ сут олиб киришга қўйилган чеклов бекор қилинади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2025 й. 244-сон «Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори)
Мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади ҳамда уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник тартибга солиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
(18.04.2025 й. ПФ-67-сон «Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони)
Белгиланишича:
-
тадбиркор ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари ўртасида шартнома (оммавий оферта) тузилган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди;
-
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг молиялаштириш манбаларидан қатъи назар молия-хўжалик фаолиятига аралашиш қатъиян тақиқланади.
14.04.2025 й. ПФ-66-сон «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
-
Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади;
-
концерт-томоша тадбирлари рекламаларида тегишлича «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши лозим;
-
Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади.
Вазирлар Маҳкамасининг 08.04.2025 й. 207-сон «Концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори
Белгиланишича, 2027 йил 1 апрелга қадар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек ушбу Реестрга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга:
-
электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача ортиқ фойдаланилган қисми;
-
табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми компенсация қилиб берилади.
02.04.2025 й. ПҚ-134-сон «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори
Креатив парк резидентларига 2031 йил 1 январгача бўлган муддатга қуйидаги солиқ имтиёзларини жорий этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди:
-
ижтимоий солиқни ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 50% камайтирилган ставкада тўлаш;
-
резидентларни товарларни (ишларни, хизматларни) реализaция қилишдан олинган даромади миқдоридан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар тоифасига киритиш. Бунда резидентлар ўз истагига биноан умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтишлари мумкин.
26.03.2025 й. ПФ-61-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони
Белгиланишича, оилавий медиация ишлари бўйича фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка бепул ўқитилади. Бунда:
- 2025 йил давомида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда ҳар бир туманда (шаҳарда) 5 нафардан фуқаролар йиғини раислари ўқитилади;
- келгусида барча фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка босқичма-босқич ўқитиб борилади;
- профессионал медиаторликка ўқитилган фуқаролар йиғини раислари отанинг (онанинг) вояга етмаган фарзандлари учун ота-оналик ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ низолар бўйича медиаторлик фаолиятини бепул амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2025 й. 171-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори
Белгиланишича, «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури натижаларига асосан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувларига текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш талаби татбиқ этилмайди.
27.02.2025 й. ПҚ-78-сон «Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори
«Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш доирасида шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
-
ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация қилишга фақат қўшилган қиймат солиғини тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади;
-
ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга
15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга 3 ойлик муддат белгиланади, шунингдек, унда қурилишни якунлаш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари кўрсатилади.
Бунда:
- ер участкалари кўп квартирали уй-жойларни қуриб битказиш ва фойдаланишга қабул қилиш муддатига реализация қилинади;
- оферта талабларини бажармаган аукцион савдоси ғолибидан ер участкаси белгиланган тартибда қайтариб олинади ва такроран аукцион савдоларига қўйилади;
-
аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ижарага олган пайтдан бошлаб 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади. Бунда кўп квартирали уй-жой белгиланган муддатда қурилиб, фойдаланишга топширилмаса, имтиёздан фойдаланилган давр учун ер солиғи 2 баравар миқдорда ундирилади;
-
«Янги Ўзбекистон» массивларида тижорат биноларини қуришга мўлжалланган ер участкалари умумий майдонининг камида 10% қисми уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкалари билан бирга ягона лот сифатида аукцион савдоларига чиқарилади.
21.02.2025 й. ПФ-26-сон «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони
Сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғалашга рухсат этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 01.02.2025 й. 57-сон «Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори
Электродвигателга эга бўлган транспорт воситаларига (ТИФ ТН коди 8703 80) нисбатан утилизация йиғими миқдорларини:
-
ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган электромобиллар учун БҲМнинг 120 баравари;
-
ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлган электромобиллар учун БҲМнинг 210 баравари этиб белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 31.01.2025 й. 52-сон «Электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари аккумлятор батареяларини утилизация қилиш инфратузилмасини ташкил этиш ишларини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори
Белгиланишича:
-
жисмоний шахслар учун «Fast-track» хизмати қайд этилган чегара ўтказиш пунктларида амалиётга жорий этилади;
-
автотранспорт воситалари учун «Электрон навбат» автоматлаштирилган ахборот тизими қайд этилган чегара ўтказиш пунктларида жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 29.01.2025 й. 44-сон «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали жисмоний шахслар ҳаракатланиши ҳамда улар томонидан товар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш жараёнларини янада соддалаштириш тўғрисида»ги қарори
Қуйидагиларни назарда тутувчи «Тоза қўллар» дастури амалга оширилади ва аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш ишлари ташкил этилади:
- барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида:
қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш;
санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш, янги қурилаётган муассасаларда уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилишни назарда тутиш; - барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш мажбуриятини киритиш.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:
- асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
- тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
- самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
- қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
- хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.
30.01.2025 й. ПФ-16-сон «Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент Фармони
Тадбиркорлик субъекти томонидан тан олинган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан ушбу тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
30.01.2025 й. ПҚ-33-сон «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ табиий ва сунъий сув ҳавзаларида:
- фақат тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган (ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 км/соатдан ошмайдиган моторли қайиқлар бундан мустасно), GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади;
- сув транспорти воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 км/соат, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида – 20 км/соат, шунингдек, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида – 5 км/соат этиб белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 04.09.2024 й. 540-сон «Сув ҳавзаларида моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал

Наша страница
Канал в телеграм