2025 йил октябрдан қандай ўзгартиришлар кучга киради
2025 йил 1 октябрдан бошлаб
Энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари ва кимё саноатида экологик нормативларни индивидуал белгилаш усули ўрнига тармоқ усулини қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.
Президентнинг 30.01.2025 й. "Ўзбекистон–2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-16-сон Фармони
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга нисбатан акциз солиғи бекор қилинади.
Президентнинг 18.04.2025 й. "Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-67-сон Фармони
Қуйидаги хорижий ташкилотлар томонидан рўйхатдан ўтказилган дори воситалари Ўзбекистонда тан олиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилади:
- 2025 йил 23 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатига киритилган тартибга солувчи органлар (WHO Listed Authorities);
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Глобал таққослаш воситаси (Global Benchmarking Tool) бўйича етукликнинг 4-даражасидаги (Maturity Level 4) тартибга солувчи органлар.
Президентнинг 19.08.2025 й. "Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-137-сон Фармони
Қуйидагиларга мувофиқ тартиб белгиланади:
- судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг 6 ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилади;
- бу курсларга қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади;
- курслар тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади;
- курсларга кириш учун Судьялар олий кенгаши томонидан номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқатлилиги бўйича касбига муносиблиги ўрганилади;
- курсларга қабул қилиш психология, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовларини ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилади. Бунда тест синовлари Академия буюртмасига биноан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади;
- курслар қонунчиликни қўллаш кўникмасининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда "назария - амалиёт-имитация" тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилади;
- курслар тингловчиларининг амалий кўникмасини шакллантириш мақсадида амалий машғулотлар деонтологик услубда ўтказилади. Бунда тингловчиларнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, суд-экспертиза ва бошқа давлат органлари ва муассасалари фаолиятида бевосита иштирок этиши таъминланади;
- курсларда суд мажлисларини реал вақт режимида кузатиш ва судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини берувчи "виртуал суд" машғулотлари жорий этилади, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув дарслари ташкил этилади;
- курсларни тамомлаганда Судьялар олий кенгаши раҳбарлигида ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан якуний аттестация имтиҳони ўтказилади ҳамда ундан муваффақиятли ўтган битирувчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади;
- курсларни муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган шахслар аризасига асосан бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этадилар;
- курсларда ўқиш дастурини ўзлаштирмаган ва якуний аттестация имтиҳонидан муваффақиятли ўтмаган тингловчилар, бўш судьялик лавозимига 3 йилгача муддатда ариза топширмаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган битирувчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб берадилар.
Президентнинг 21.08.2025 й. "Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-141-сон Фармони
Товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш бўйича барча сертификат, хулоса ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар фақат "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.
Президентнинг 25.03.2025 й. "Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-122-сон қарори
Электрон кооперация портали ва давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг "Миллий дўкон" саҳифаларида фақатгина маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлган мебель маҳсулотларини жойлаштириш ва савдоларда бундай сертификатга эга тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишига рухсат берилди. Бунда мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Президентнинг 27.05.2025 й. "Мебель ва ёғочсозлик саноатининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-193-сон қарори
Давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ "Халқ банки" томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ кўрсатиладиган хизматларни фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг электрон рақамли имзоси орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади. Бунда:
- тўловни амалга ошириш қайдномасини электрон шаклда планшет орқали имзолашга рухсат берилди;
- Адлия вазирлиги Пенсия жамғармаси ва АТ "Халқ банки"нинг электрон сўровига асосан фуқароларни биометрик идентификация қилиш маълумотларини бепул етказади;
- биометрик идентификация қилиш асосида кўрсатиладиган хизматларни жорий этиш учун фойдаланиладиган қурилмалар хариди билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ҳамда АТ "Халқ банки" ҳисобидан молиялаштирилади.
Президентнинг 27.05.2025 й. "Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида"ги ПҚ-194-сон қарори
Қорақалпоғистон Республикасида норуда фойдали қазилмаларни қайта ишлашни ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар беришга оид аукционда ғолиб бўлиш учун таклиф этилган суммани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилди.
Президентнинг 14.08.2025 й. "Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-248-сон қарори
2026 йил 1 октябрга қадар инвестиция платформаларидан "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимида қуйидаги йўналишларда фойдаланишга рухсат берилди:
- қимматли қоғозларни жойлаштириш ва сотиб олишда;
- венчур ва пай фондларини молиялаштиришда;
- коммандит ширкатларга ҳисса киритишда.
Ушбу махсус ҳуқуқий режим доирасида:
- юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари инвестиция жалб этишни талаб этадиган лойиҳаларини ҳамда улушга эга бўлиш орқали тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишга оид таклифларини инвестиция платформаларида жойлаштиришга ҳақли;
- инвесторлар инвестиция платформаларида эълон қилинган инвестиция лойиҳаларини танлаш ва уларга маблағ киритиш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш ҳамда шу орқали фойда олиш ҳуқуқига эга;
- инвестиция платформалари орқали амалга ошириладиган лойиҳалар инвестиция ва бошқарув компаниялари орқали ҳам бошқарилиши мумкин.
Президентнинг 21.08.2025 й. "Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-255-сон қарори
Маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича "Ҳар бир маҳаллада футбол майдони" дастури жорий этилади.
Дастур доирасида:
- маҳаллалардаги бўш турган давлат мулки объектлари (ер участкалари) уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил мобайнида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;
- электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига харид қилинган бўш турган давлат мулки объекти (ер участкаси)нинг қолган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;
- электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилган давлат мулки объектлари (ер участкалари) 3 ой давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич баҳоси босқичма-босқич 10%дан, лекин кўпи билан 50%гача пасайтирилган ҳолда ва сотиб олиш тўловларини 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан савдоларга чиқарилади.
Президентнинг 21.08.2025 й. "Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-262-сон қарори
Оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари банд бўлиши шарти билан кўрсатиладиган айрим ижтимоий хизмат ва ёрдамлар рўйхати тасдиқланди:
1) ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга турар жой ижараси учун компенсация;
2) хотин-қизларга турар жой ижараси учун компенсация;
3) муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни вақтинча бошпаналар (шелтерлар)га жойлаштириш;
4) "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" жамғармалари ҳисобидан олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг тўлов-контракт суммасининг бир қисмини тўлаб бериш (ижтимоий хизмат ва ёрдамларни тақдим этиш бўйича мурожаатлар қаноатлантирилган, бироқ амалда кўрсатилмаган бўлса, уларни кўрсатиш "маҳалла еттилиги"нинг талабномасига мувофиқ тўхтатилиши мумкин).
1–3-бандларда кўрсатилган ижтимоий хизматларни кўрсатишда оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидан банд бўлиши шарти 4-ойдан бошлаб қўлланилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2025 й. "Оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган кўмак чораларини кўрсатишга доир тартиб-таомилларни такомиллаштириш тўғрисида"ги 125-сон қарори
Қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:
- атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турларининг экологик оқибатлари тўғрисидаги баёнотдан кейинги босқичларда экологик норматив лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун ушбу фаолият турларининг технологик жараёнлари амалдаги "Яшил сертификат"га эга бўлиши;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотга мувофиқлик сертификати берилиши учун ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш технологик жараёнининг амалдаги "Яшил сертификати" мавжуд бўлиши.
Вазирлар Маҳкамасининг 15.04.2025 й. "Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни экологик сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги 230-сон қарори
Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ўзига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ бўлган, давлат органлари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари бундан мустасно) мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тизими жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 31.07.2025 й. "Тадбиркорлик субъектларига туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишни ташкил этишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 478-сон қарори
Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини бериш учун ягона оширилган тўлов миқдори "Uzavtomotobelgi" ДУК томонидан белгиланади.
"Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси" АЖ давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади.
Вазирлар Маҳкамасининг 04.09.2025 й. "Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 562-сон қарори
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал

Наша страница
Канал в телеграм