Дастурий маҳсулот билан боғлиқ битимлар: расмийлаштириш, ҳисобга олиш, солиқ солиш

19.03.2021
author avatar

Дильшод Султанов

молия вазирининг ўринбосари
author avatar

Наталья МЕМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– норматив база;
– дастурий маҳсулот билан боғлиқ битим турлари:
        дастурий маҳсулотни буюртмага асосан ишлаб чиқиш;
        дастурий маҳсулотга бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг олди-сотдиси;
        дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш;
        таркибида дастурий маҳсулоти бўлган мол-мулк олди-сотдиси;
– дастурий маҳсулот билан боғлиқ битимларни ҳужжат билан расмийлаштириш;
– дастурий маҳсулотлар экспорти ва импорти;
– рақамли дистрибуция воситасида лицензиялар экспорти қандай расмийлаштирилади.

 

Норматив база

Дастурий маҳсулот билан боғлиқ битимларни тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлар:

  • Фуқаролик кодекси;
  • «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун;
  • 7-сон БҲМС «Номоддий активлар», 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»;
  • Электрон тижоратни амалга ошириш Қоидалари;
  • «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори;
  • Дастурий маҳсулототлар ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда расмийлаштиришнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом.

Дастурий маҳсулот билан боғлиқ битим турлари

Дастурий маҳсулот (ДМ) билан боғлиқ битимларга қуйидагилар киради:

  • ДМни буюртмага асосан ишлаб чиқиш;
  • ДМга бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг олди-сотдиси,
  • ДМдан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш;
  • таркибида ДМ бўлган мол-мулк олди-сотдиси.

Дастурий маҳсулотни буюртмага асосан ишлаб чиқиш

Дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчиси дастурий маҳсулотни яратиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги шартномага асосан уни яратиш ва буюртмачига ундан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади .

Мисол
НАга киритилган дастурий маҳсулотнинг буюртмачи ва ишлаб чиқувчида ҳисобга олиниши
«А» корхона «В» корхона билан ишлаб чиқаришни автоматлаштирилган бошқариш тизимини ишлаб чиқишга 48 млн сўмлик шартнома тузди.
«А» корхона учун бу номоддий активни барпо қилиш харажатлари ҳисобланади.
Ушбу активнинг фойдали хизмат муддати 10 йил, амортизация эса тўғри чизиқли усул билан ҳисобланиши белгилаб олинди.
Бир ой учун амортизация – 0,4 млн сўм – дастурий маҳсулот ишга туширилганидан кейинги ойдан бошлаб ҳисобланади.
Ишлаб чиқаришни автоматлаштирилган ҳолда бошқариш тизими – бу ишлаб чиқариш мақсадидаги номоддий актив. Шу сабабдан уни амортизациялашга доир корхона харажатлари ишлаб чиқариш таннархига киритилади .
«В» корхона учун бу дастурий маҳсулотни ишлаб чиқиш бўйича ишларни реализация қилишдан тушум ҳисобланади.
Дастурий маҳсулотни буюртмага асосан яратиш бўйича корхона харажатлари бажарилган ишлар таннархига киритилади. Дейлик, дастурчиларнинг иш ҳақи, МҲТФдан ижтимоий солиқ, компьютер ускунасининг эскириши, электр энергияси бўйича харажатлар 30 млн сўмни ташкил қилди.
    

Хўжалик операциясининг
 мазмуни

Сумма,
млн сўм 

Дебет

Кредит

«А» корхона

ДМни сотиб олиш учун капитал қўйилмалар ҳисобга олинди

48

0830

6010

ДМ номоддий актив сифатида кирим қилинди

48

0430

0830

Амортизация ҳисобланди

0,4

2010

0530

«В» корхона

Бажарилган ишларни реализация қилишдан даромад ҳисобга олинди

48

4010

9030

ДМни ишлаб чиқиш харажатлари ҳисобга олинди

30

2010

0250,
6010,
6710,
6520

Мисол
Дастурий маҳсулот НА бўлмаганда буюртмачида ҳисобга олиниши
«А» корхона «В» корхона билан хизмат мақсадларида ишлатиладиган флеш-ташувчиларни ҳимояловчи дастурларни ишлаб чиқишга 5 млн сўмлик шартнома тузди.
«А» корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланишича, номоддий активларга харид пайтида 50 БҲМдан юқори бўлган қийматдаги активлар киритилиши мумкин. Шу сабабли «А» корхона флеш-ташувчиларни ҳимояловчи дастур қийматини харажатларга бирдан ҳисобдан чиқариши мумкин.
            

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

ДМ сотиб олиш харажатлари ҳисобга олинди

5

Харажатларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари

6010

Дастурий маҳсулотга бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг олди-сотдиси

Дастурий маҳсулотга бўлган ҳуқуқ эгаси ДМга бўлган мутлақ мулкий ҳуқуқни олди-сотди шартномаси бўйича бошқа шахсга сотмоқда. Шу тариқа ҳуқуқ эгаси ДМ харидори бўлмоқда . 

Мисол
Харидор ва сотувчида НА олди-сотдисини ҳисобга олиш
«А» корхона ахборотни жойлаштиришдан даромад олиш мақсадида 24 млн сўмга ҳуқуқ эгаси бўлган «В» корхонадан сайтга бўлган мутлақ ҳуқуқларни сотиб олди.
«В» корхона – айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлиб, ҚҚС тўламайди.
«А» корхона учун бу номоддий активни сотиб олиш харажатларига киради.
Мазкур активнинг фойдали хизмат муддати 10 йил, амортизация эса тўғри чизиқли усул бўйича ҳисобланиши белгиланди.
Бир ой учун амортизация – 0,2 млн сўм – сайтни ишга туширгандан кейинги ойдан бошлаб ҳисобланади.
Мазкур ҳолатда сайт – бу ишлаб чиқариш мақсадидаги номоддий актив. Шу сабабли уни амортизациялаш бўйича «А» корхонанинг харажатларини ахборотни жойлаштириш хизматлари таннархига киритамиз .
«В» корхона учун бу номоддий активни реализация қилишдир.
Сайтнинг баланс қиймати – 20 млн сўм, жамғарилган эскириш – 3 млн сўм.
      

Хўжалик операциясининг
мазмуни
 

Сумма, 
млн сўм 

Дебет

Кредит

«А» корхона

Сайтни харид қилишга капитал қўйилмалар ҳисобга олинди

24

0830

6010

Сайт номоддий актив сифатида кирим қилинди

24

0430

0830

Амортизация ҳисобланди

0,2

2010

0530

«В» корхона

Харидор қарзи акс эттирилди

24

4010

9220

Сайтнинг бошланғич қиймати ҳисобдан чиқарилди

20

9220

0430

Жамғарилган эскириш ҳисобдан чиқарилди

3

0530

9220

Сайтнинг чиқиб кетишидан фойда аниқланди

7

9220

9320

«В» корхона учун сайтнинг чиқиб кетишидан олинган фойда айланмадан олинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилишда ялпи тушумга киритиладиган бошқа даромад ҳисобланади.

Мисол
Дастурий маҳсулот НА бўлмаганда харидорда ҳисобга олиниши
«А» корхонаси кадрларни ҳисобга олишнинг электрон тизимига бўлган ҳуқуқ эгаси – «В» корхонаси билан ушбу электрон тизимга мутлақ ҳуқуқларни сотиб олишга шартнома тузди.
«А» корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланишича, харид пайтида 50 БҲМдан ортиқ қийматга эга бўлган активлар номоддий активларга киритилади.
Харид пайтида БҲМ 245 000 сўм бўлган. Яъни номоддий активлар қиймати 12 250 000 сўмдан (50 х 245 000) кам бўлмаслиги керак.
Электрон тизим қиймати – 7 млн сўм – белгиланган меъёрдан кам бўлганлиги сабабли, «А» корхона уни бирдан маъмурий харажатларга ҳисобдан чиқариши мумкин.
«В» корхона ҳисоб сиёсатида номоддий активларга харид пайтида 30 БҲМдан ортиқ қийматга эга активлар киритилиши белгиланган. Харид пайтида БҲМ 245 000 сўм бўлган. 30 БҲМ = 7 350 000 сўм (30 х 245 000).
Тизим қиймати «В» корхона томонидан сотиб олинганда 10 млн сўм бўлган (30 БҲМдан кўп), шунинг учун тизим номоддий актив сифатида кирим қилинган.
«В» корхона учун бу номоддий активни реализация қилиш ҳисобланади (олдинги мисолдаги ўтказмаларга қаранг).
    

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

ДМни харид қилиш харажатлари ҳисобга олинди

7

9420

6010

Дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш

Дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқи лицензия шартномасига асосан топширилади. Шундай шартнома бўйича ДМга бўлган ҳуқуқ эгаси (лицензиар) бошқа тараф (лицензиат)га ДМдан фойдаланишга бўлган рухсатнома (лицензия)ни топширади .

Лицензия шартномасида тақдим этиладиган ҳуқуқлар, фойдаланиш меъёрлари ва муддатлари белгиланган бўлиши керак. Унга кўра лицензиарнинг ДМдан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги шартларда сақлаб қолиниши мумкин:

  • лицензияни бошқа шахсларга бериш ҳуқуқи билан (оддий номутлақ лицензия);
  • лицензияни бошқа шахсларга бериш ҳуқуқисиз (мутлақ лицензия).

Шартномада қонунчилик билан рухсат этиладиган бошқа лицензия турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Мисол
Лицензиат ва лицензиарда дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши
«А» корхона ўз маҳсулотлари ҳақидаги ахборотни жойлаштириш учун электрон савдо майдони эгаси – «В» корхонадан 100 фоиз олдиндан тўлаш шарти билан 6 млн сўмлик фойдаланиш ҳуқуқи (номутлақ лицензия)ни 1 йил муддатга сотиб олмоқда.
Майдондан фойдаланиш ҳуқуқи 1 йилга мўлжаллангани сабабли, «А» корхона учун бу келгуси давр харажатларидир.
Корхонанинг ҳисоб сиёсатида келгуси давр харажатлари жорий харажатларга бир текис ҳисобдан чиқарилиши белгиланган. Яъни жорий харажатларга корхона ҳар ойда 0,5 млн сўмдан (6 : 12) ҳисобдан чиқаради.
«В» корхона асосан савдо билан шуғулланиб, савдо майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишдан қўшимча даромад олади. Шу сабабдан у учун 6 млн сўм – бу роялти кўринишидаги бошқа даромаддир.
    

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

Электрон майдондан фойдаланиш ҳуқуқи (лицензия) учун тўлов амалга оширилди

6

3190

5110

Келгуси давр харажатлари харажатларга ҳисобдан чиқарилди
(ҳар ой 1/12 дан)

0,5

9410

3190

«В» корхона

Электрон майдондан фойдаланиш ҳуқуқи учун олдиндан тўлов олинди

6

5110

4850

Роялти кўринишидаги даромад акс эттирилди
(ҳар ой 1/12 дан)

0,5

4850

9510

Мисол
Фойдаланувчи ва ишлаб чиқувчида антивирус дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши
«А» корхона ҳар ой 0,5 млн сўм тўлаб, «В» корхона сайтидан антивируснинг янги версияларини юклаб олмоқда. Антивирус ишлаб чиқариш мақсадидаги компьютерларни ҳимоялаш учун ишлатилади. Унга кетган харажатлар ишлаб чиқариш таннархига ҳисобдан чиқарилади. «В» корхона антивирусларни ишлаб чиқишга ихтисослаштирилган.
Шунинг учун антивирусга лицензияларни сотиш – у учун асосий фаолият тури, сотиладиган лицензиялар қиймати эса солиқ солиш мақсадида – хизматларни реализация қилишдан олинган даромад ҳисобланади .
     

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Дебет

Кредит

«А» корхона

Антивирусдан фойдаланиш ҳуқуқи (лицензия) учун ҳақ тўланди ва сотиб олиш харажатлари ҳисобга олинди

0,5

2010

5110

«В» корхона

Хизматларни реализация қилишдан даромад акс эттирилди

0,5

4010,
5110

9030

Таркибида дастурий маҳсулоти бўлган мол-мулк олди-сотдиси

Дастурий маҳсулоти бўлган мол-мулкни олиш-сотишда олди-сотди ёки мол-мулкни етказиб бериш шартномаси расмийлаштирилади .

Бундай шартномада мол-мулк ҳуқуқи ёки ДМдан фойдаланиш ҳуқуқи қиймати алоҳида кўрсатилиши ёхуд шартноманинг умумий қийматига киритилиши мумкин.

Агар дастурий маҳсулотга бўлган мулкий ҳуқуқ ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқи қиймати алоҳида кўрсатилмаган бўлса, ДМ берилаётган мулкнинг таркибий қисми ҳисобланади ва унинг таркибида ҳисобга олинади  

Дастурий маҳсулот билан боғлиқ битимларни ҳужжат билан расмийлаштириш

ДМ билан боғлиқ битимларнинг ҳужжат билан расмийлаштирилиши битим турига ҳам, ДМни ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш усулига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.

ДМни моддий ташувчида берганда битимни худди бошқа товарлар (ишлар, хизматлар) билан бўлгани каби расмийлаштиринг: шартномани қоғоз кўринишда ёхуд электрон тижорат қоидаларига мувофиқ тузиб, қабул қилиш-топшириш (ёки бажарилган ишлар) далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг. 

Моддий ташувчи – рақамли маҳсулотларни яратиш, қайд этиш, узатиш, қабул қилиш, сақлаш ёки бошқа тарзда ишлатиш учун қўлланиладиган магнит, оптик, лазерли ёки бошқа электрон ахборот ташувчиси .

ДМни рақамли дистрибуция усулида топшириш анча осонроқ кечади.

Рақамли дистрибуция – рақамли маҳсулотларни моддий ташувчидан фойдаланмаган ҳолда, шу жумладан бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали шахсий компьютерга ёки мобил қурилмага юклаш (юклаб олиш) орқали тарқатиш усули, онлайн хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш ёки обуна бўлиш ва бошқалар .

Рақамли дистрибуцияда битимлар:

  • электрон чеклар, ДМга бўлган ҳуқуқни сотиб олиш квитанциялари, ахборот тизимлари орқали шакллантирилган ва битим томонларини идентификация қилиш имконини берувчи хабарлар;
  • корхонанинг ички ҳужжатлари. Масалан, ДМни харид қилиш учун масъул шахснинг ҳисоботи, тўлов ўтказилганлиги ҳақида банк кўчирмаси, бухгалтерия маълумотномаси ва ҳ. к. билан тасдиқланиши мумкин .

Ички ҳужжатда бирламчи ҳужжатлар учун «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган реквизитлар бўлиши керак.

Ички ҳужжатларни расмийлаштиришда уларга битим амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Бундай ҳужжатларга қуйидагилар киради :

  • шартноманинг электрон нусхаси;
  • инвойс, ҳисобварақ-фактура ёки контрагентдан электрон хабар шаклида олинган бошқа ҳужжат нусхалари;
  • электрон тўлов тизимларидаги транзакциялар, рақамли товарни сотиб олиш тўғрисидаги веб-сайтдан лог-ҳисоботлар ва пул маблағлари тушганини ва тўланганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар скриншоти (экран сурати).

Ҳужжатлар бўйича бир томонлама расмийлаштиришнинг соддалаштирилган варианти осонлиги билан қулай бўлиб, оммавий истеъмолчи учун мўлжалланган ДМни сотиб олиш ёки сотишда лицензия шартномасини тузиш учун жуда мос. Бунда битим рақамли дистрибуция орқали амалга оширилади.

Агар, дейлик, маълум бир ишлаб чиқариш учун махсус ДМ ишлаб чиқишга буюртма бераётган ёки буюртма олаётган бўлсангиз, унда ДМни ишлаб чиқиш тартиби ва барча зарур шартлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари баён қилинган тўлақонли шартномани расмийлаштирган маъқул. Шартномага техник топшириқ, қўйилган вазифа мазмуни, тўловлар ва иш жадвалини илова қилишингиз мумкин.

Ҳужжатлар тарафларнинг имзо ва муҳрлари бўлган қоғоз кўринишда ёхуд ЭРИ билан тасдиқланган электрон кўринишда расмийлаштирилиши мумкин. Бунда дастурий маҳсулот ҳам моддий ташувчида, ҳам рақамли дистрибуция воситасида топширилиши мумкин.

ҚҚС тўловчилари учун ДМ билан боғлиқ битимларни тасдиқловчи ҳужжатларда ҚҚС кўрсатилиши муҳим ҳисобланади.

Дастурий маҳсулотлар экспорти ва импорти

Қуйидаги шахслар ДМни шартнома расмийлаштирмасдан экспорт қилишлари мумкин:

  • дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни Интернет тармоғининг онлайн дўконлари орқали хорижий валютага экспорт қилувчи, Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчи корхоналар ;
  • иш ва хизматларини Интернет тармоғининг онлайн дўконлари орқали хорижий валютага экспорт қилувчи Технопарк резидентлари ;
  • халқаро тўлов тизимлари орқали тўланган ҳолда Интернет тармоғи орқали – ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар – агар битим суммаси 5 минг АҚШ долларигача бўлса. Шунингдек, бундай битимни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ)дан ҳам рўйхатдан ўтказиш шарт эмас .

Божхона чегарасини кесиб ўтишда моддий ташувчилардаги дастурий маҳсулотлар божхона қонунчилиги меъёрларига мувофиқ расмийлаштирилади. Бунда қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган экспорт БЮДни расмийлаштирмасдан, почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Агар шартномада дастурий маҳсулотнинг қиймати:

  • алоҳида кўрсатилган бўлса, божхона қийматига моддий ташувчининг қийматигина киритилади. Бунда ДМ қиймати ёхуд ундан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни тақдим этиш қиймати ишлар (хизматлар)ни экспорт (импорт) қилиш ҳисобланади;
  • алоҳида кўрсатилмаган бўлса, божхона қийматига шартноманинг бутун қиймати киритилади.

Агар экспорт ёки импорт қилинаётган ускунанинг ишлаши унинг ичига ўрнатилган дастурий таъминот ёрдамида таъминланса, бу дастурий таъминот қиймати ускуна қийматидан ажратиб чиқарилмайди .

Рақамли дистрибуция йўли билан тақдим этиладиган дастурий маҳсулотлар божхонада расмийлаштирилмайди.

Вазият
Корхона компьютерларни операцион тизим ўрнатилган ҳолда импорт қилмоқда. Операцион тизим қиймати алоҳида кўрсатилмаган
Корхона ичига ўрнатилган операцион тизим ёрдамида ишлайдиган 100 та компьютерни 40 000 АҚШ долларига импорт қилмоқда.
Шартномада ва спецификацияда умумий нарх ва операцион тизим ҳисобга олинган ҳолда компьютерларнинг қиймати кўрсатилган. Операцион тизим қиймати алоҳида кўрсатилмаган.
Божхона расмийлаштируви пайтида божхона қийматига шартноманинг бутун қиймати – 40 000 АҚШ доллари киритилади.
Компьютерларни балансга кирим қилишда ҳам операцион тизим қиймати ажратиб кўрсатилмайди.
Вазият
Корхона флеш-ташувчига ёзилган дастурий маҳсулотга бўлган ҳуқуқни импорт қилмоқда. Флеш-ташувчининг қиймати алоҳида кўрсатилган
Корхона маълум муддатга ДМга бўлган мутлақ ҳуқуқни импорт қилмоқда. ДМ нусхаси флеш-ташувчи орқали божхона чегарасидан олиб ўтилмоқда.
Контрактда ва спецификацияда ДМ қиймати 10 000 АҚШ доллари, флеш-ташувчи қиймати – 5 АҚШ доллари деб кўрсатилган.
Шартноманинг умумий қиймати – 10 005 АҚШ долларига тенг.
Мазкур ҳолатда божхона тўловларини аниқлаш мақсадида божхона қийматига фақат ташувчининг қиймати – 5 АҚШ доллари киритилади.
Норезидент хизматларига солиқ солиш
 ДМдан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқ қиймати (10 000 АҚШ доллари) – бу тўлов манбаида 20% ставкада солиқ солиниши керак бўлган роялти кўринишидаги норезидент даромади  .
Юридик шахсларнинг фойдасига солинадиган солиқ суммаси норезидентга даромад тўланган санада ўрнатилган МБ курси бўйича ҳисобланади. Норезидент даромадидан фойда солиғи ушланмайди ёки иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги халқаро шартнома меъёрларига мувофиқ, камайтирилган ставкада ушланади. Бунда норезидент яшаб турган мамлакатининг ваколатли органидан олинган, шу мамлакатда резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.
Резидентлик сертификати мавжуд бўлмаганда, корхона норезидент даромадидан фойда солиғини (2 000 АҚШ доллари) ушлаб қолади ва норезидентга даромад тўланган санадаги курс бўйича бюджетга ўтказади. 8 000 АҚШ доллари норезидентга ўтказилади. Норезидент томонидан кўрсатилган хизматлар, башарти уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, корхонанинг ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланмаси ҳисобланади. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тақдим қилишда реализация қилиш жойи харидорнинг турган ёки фаолиятни амалга ошираётган жойи бўйича аниқланади . Шу сабабли ДМ қийматига 15%ли ставка бўйича солиқ солинади.
Агар шартнома шартларига мувофиқ хизматлар норезидент томонидан ҚҚСни ҳисобга олмасдан тақдим этилса, корхона солиқ агенти сифатида солиқ базасини хизматларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, солиқни ҳисобга олмасдан аниқлайди. Бундай ҳолда корхона ҚҚСни мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт .
Корхона бюджетга 1 500 АҚШ долл. (10 000 х 15%) миқдорида ҚҚС тўлайди.
Вазият
Технопарк резиденти бўлган корхона ДМга лицензияларни электрон савдо майдони орқали экспорт қилади
Технопарк резиденти бўлган корхона ДМга лицензияларни чет эл электрон савдо майдони орқали экспорт қилади. Лицензия нархи – 500 АҚШ доллари. Сотилган ҳар бир лицензиядан корхона савдо майдони хизматлари ҳақини айирган ҳолда 490 доллар олади.
Лицензия сотилган санадаги доллар курси – 10 500,03 сўм.
Пул олинган санадаги доллар курси – 10 523,63 сўм.
Экспорт рақамли дистрибуция воситасида амалга оширилаётгани сабабли, ДМ божхонада расмийлаштирилмайди.
Мазкур ҳолатда экспорт шартномасини расмийлаштириш ва битимни ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказиш шарт эмас .
Корхона ҳисобрақамига ҳар бир лицензия учун 490 доллар маблағ тушади, аммо тушум 500 АҚШ долларини ташкил қилади. 10 доллар – корхонанинг савдо майдони хизматлари учун сарфлаган харажатлари.
Бухгалтерия ҳисобида лицензияларни сотиш қуйидагича акс эттирилади:
   

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
сўм

Дебет

Кредит

Хизматларни реализация қилишдан даромад акс эттирилди
(500 х 10 500,03)

5 250 015

4010

9030

Тушумнинг келиб тушиши акс эттирилди
(490 х 10 523,63)

5 156 578,7

5210

4010

Савдо майдони комиссияси акс эттирилди
(10 х 10 523,63)

105 236,3

9410

4010

Курсдаги фарқ акс эттирилди
(500 х (10 523,63 – 10 500,03))

11 800

4010

9540

Рақамли дистрибуция орқали лицензиялар экспорти қандай расмийлаштирилади

Электрон майдон имкониятларини диққат билан ўрганиб чиқинг, майдондан фойдаланишнинг барча босқичларида шакллантириладиган статистика, ҳисоботлар, хабарлар билан танишиб чиқинг.

Вазифангиз – дастурий маҳсулотингизнинг сотилиши бўйича қуйидаги барча маълумотлар скриншотларини сақлаб қолиш:

  • ДМ номи, имкониятлар, нархлар;
  • буюртма рақами ва санаси (агар мавжуд бўлса);
  • тўлов санаси ва суммаси;
  • юклаб олиш санаси ва вақти;
  • савдо майдони комиссияси суммаси;
  • бошқа маълумотлар.

Агар лицензиялар ҳар куни реализация қилинадиган бўлса, – муайян даврдаги сотувлар бўйича тизим томонидан шакллантирилган ҳисобот тайёрлаш мумкин. Айнан у ДМга лицензияларни сотиш бўйича битимларни тасдиқлаш учун асос бўлади.

Тизимдан олинган ва қоғозга чиқарилган ахборотга бу ахборотни асослаб берувчи бухгалтерия маълумотномаси ёки масъул шахс ҳисоботини илова қилинг.

Эътибор беринг
2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинди .

Мазкур тавсияни исталган рақамли маҳсулотларга қўллашингиз мумкин.

Рақамли маҳсулотлар – бу интеллектуал мулк объектларининг электрон нусхалари (рақамли товарлар), шунингдек, электрон ахборот муҳитида моддий натижага эга бўлмаган муайян ҳаракатлар ёки муайян фаолиятни амалга ошириш, «булутли технологиялар» хизматини харид қилиш ва унга обуна бўлиш хизматлари (рақамли хизматлар) шулар жумласидан .


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал