16-МҲХС (IAS) бўйича асосий воситаларни тан олиш мезонлари

21.02.2021
author avatar

Иброгим АХМАДХОНОВ

МҲХС бўйича эксперт
author avatar

Кирилл ПОПАДЮК

МҲХС бўйича эксперт

Тавсияда

– қандай активлар асосий восита сифатида эътироф этилади;
– харажатларни капиталлаштиришда муҳимликнинг бошланғич миқдори;
– асосий воситаларни ҳисобга олиш бирлиги;
– асосий воситаларни синфларга гуруҳлаш.

 

Асосий воситалар сифатида бир ҳисобот давридан кўпроқ ишлатиладиган ва қуйидагилар учун мўлжалланган моддий активларни тан олинг:

  • ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш учун;
  • товар етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш учун;
  • ижарага бериш учун;
  • маъмурий мақсадларда.

Объект асосий воситаларнинг таърифига мос келган тақдирда ҳам уни қуйидаги ҳоллардагина актив сифатида тан олинг:

  • активдан фойдаланишдан келгусида иқтисодий наф олиш эҳтимоли бўлса ;
  • ушбу объектнинг дастлабки қиймати ишончли равишда баҳоланиши мумкин бўлганда .
Вазият
Мулк асосий воситаларнинг таърифига мос келса ҳам асосий восита сифатида тан олиниши мумкин эмас
Компания талабгир бўлмаган маҳсулот ишлаб чиқарувчи ускунага эга. Уни на сотиш, на ижарага бериш мумкин.
Бундай ускуна МҲХС бўйича ҳисоботда асосий восита ҳисобланадими?
Ушбу ускуна иқтисодий наф келтирмайди: уни на сотиш, на ижарага бериш мумкин, ишлаб чиқарилган маҳсулот эса тушум келтирмайди. Шунинг учун МҲХС бўйича у асосий восита ҳисобланмайди.
Эътибор беринг

Асосий восита объектига расмийлаштирилган мулк ҳуқуқининг мавжудлиги ёки унинг йўқлиги активни АВ таркибига киритиш ёки ундан чиқариш учун асос ҳисобланмайди. Бу концептуал асосларга мувофиқ активга компания томонидан назорат қилинадиган ресурс сифатида таъриф берилиши билан боғлиқ. Бунда расмийлаштирилган мулк ҳуқуқи назорат белгиларидан бири ҳисобланади.

Бу Концептуал асосларга мувофиқ активга компания томонидан назорат қилинадиган ресурс сифатида таъриф берилиши билан боғлиқ. Назорат – бу:

  • ресурдан фойдаланишнинг кўзланган мақсадига кўра тасарруф этиш имконияти;
  • учинчи шахсларнинг ресурсдан фойдаланиш имкониятини чеклаш. 
Бунда расмийлаштирилган мулк ҳуқуқи назорат белгиларидан бири ҳисобланади.
Вазият
Харид қилинган бино тан олинган пайтни аниқлаш
Корхона оддий олди-сотди шартномаси бўйича кўчмас мулк объектини харид қилмоқда. Ўзбекистон қонунчилигига биноан мулк ҳуқуқи кўчмас мулкни харид қилиш бўйича битим кадастрда рўйхатдан ўтказилгандан кейин харидорга ўтади.
МҲХС бўйича бино қачон тан олиниши керак?
МҲХС бўйича актив асосий воситаларни тан олишнинг барча мезонларига мувофиқ келганда ва устидан ҳақиқий назоратга эга бўлинган санада актив ҳисоботда тан олинади. Корхонанинг кўчмас мулк объектини тасарруф қилиш имконияти битим рўйхатдан ўтказилгандан кейин пайдо бўлиши сабабли корхонанинг назоратга эга бўлиши мулк ҳуқуқи олиниши билан бир вақтда юз беради.

Харажатларни капиталлаштиришда муҳимликнинг бошланғич миқдори

16-МҲХС (IAS)да асосий воситаларнинг қиймат мезони берилмаган. Асосий воситалар сифатида харажатларни капиталлаштириш учун компаниялар муҳимлик (капиталлаштириш)нинг бошланғич миқдорини мустақил равишда белгилашлари керак. Бунда актив асосий воситаларнинг таърифига ва тан олиш мезонларига жавоб берса, бироқ унинг дастлабки баҳоси капиталлаштиришнинг бошланғич миқдоридан кам бўлса,  фойда ва зарарлар ҳисоботида давр харажатларига ҳисобдан чиқарилади.

Вазият
Активнинг дастлабки қиймати капиталлаштиришнинг бошланғич миқдоридан кам
Компания дастлабки қиймати 7 млн сўм бўлган офис ускунасини харид қилди, бу унинг харажатларни капиталлаштиришнинг бошланғич миқдоридан кам.
МҲХС бўйича ҳисоботда ушбу активни асосий восита деб тан олиш мумкинми?
Бу активни асосий восита деб тан олиб бўлмайди, зеро унинг бошланғич баҳоси капиталлаштиришнинг бошланғич миқдоридан кам (яъни сумма компания учун аҳамиятли эмас).
Шу сабабли бу актив фойда ва зарарлар ҳақидаги ҳисоботда харажатларга ҳисобдан чиқарилади.

БҲМСда активни асосий воситаларга киритиш учун муайян қиймат (БҲМнинг 50 бараваридан юқори) берилган бўлса, бу ерда бошланғич миқдор профессионал мулоҳазага таянади. Шунинг учун компания трансформация пайтида қўшимча тузатиш киритмаслик мақсадида ҳисобни БҲМС бўйича юритишни давом эттириш ва ҳисоботни трансформация йўли билан тузиш шарти билан БҲМСда кўрсатилган харажатларни капиталлаштиришнинг бошланғич миқдорини танлаши мумкин.

Вазият
Ижарага олинган хоналарни фойдаланишга тайёрлаш харажатларини акс эттириш
Ташкилот иккита жойдан 20 йил муддатга бир нечта хонани ижарага олмоқда. Биринчи хоналар мижозлар билан ишлаш департаменти фойдаланиши учун тайёр, арзимас ўзгаришлар, шу жумладан, брендлаш қилинса бўлгани. Ижарага олинган бошқа хоналар янги қурилган кўп қаватли уйда жойлашган. Бу хоналар таъмирсиз ва коммуникацияларсиз бўлиб, дизайн, жиддий конструктив ўзгаришлар қилиниши ва ускуналар олинишини талаб қилади.
Харажатларни капиталлаштириш керакми?
Ижарага олинган активлар (хоналар) «Ижара» фойдаланиш ҳуқуқи шаклидаги актив сифатида акс эттирилади 16-МҲХС (IAS). Биринчи ҳолатдаги хоналарни брендлаш ва косметик таъмирлаш бўйича кичик харажатларни капиталлаштирманг. Уларни қўшимча/маъмурий харажат сифатида таснифлаб, давр харажатларига киритинг.
Иккинчи ҳолатда эса хоналарни фойдаланишга тайёрлаш харажатлари ва даври аҳамиятлидир. Шу сабабли агар харажатлар суммаси капиталлаштиришнинг бошланғич миқдоридан ошса, уларни асосий восита сифатида капиталлаштиринг.

Асосий воситаларни ҳисобга олиш (ўлчаш) бирлиги 

БҲМСда белгиланишича, асосий воситанинг ўлчов (ҳисобга олиш) бирлиги бўлиб алоҳида буюм ёхуд бутун бир яхлитликни ифодаловчи ва жамланган буюмларнинг алоҳида мажмуи кўринишидаги инвентарь объекти ҳисобланади. 16-МҲХС (IAS) асосий воситанинг ўлчов бирлигини тан олиш, яъни асосий восита объектига айнан нима кириши кераклигини аниқламайди.

Агар ташкилотда жамланганда аҳамиятли суммани ташкил қилувчи миқдордаги кам қийматли активлар бир йилдан ортиқ муддат бўлса, уларни гуруҳга жамлаб, асосий восита сифатида агрегацияланган қийматда тан олишга ҳақлисиз . Ушбу асосий воситага нисбатан ўлчов бирлиги айнан нимани бирлаштирганингизга боғлиқ бўлади.

Вазият
Ўлчов бирлиги сифатида ишлаб чиқариш инструментлари тўплами қабул қилинган
Корхона тайёр маҳсулотнинг монтажи учун 20 тўплам ишлаб чиқариш инструментларини 3 млн сўмдан харид қилди.
Инструментлардан фойдаланиш муддати – 3 йил.
Ҳисоб сиёсатига кўра активни асосий воситаларга киритиш учун қиймат мезони 50 млн сўмни ташкил қилади.
Корхона ҳисобда қиймати 60 млн сўм (20 х 3) бўлган «Тўпламдаги инструментлар» асосий воситалар объектини тан олди.
Гуруҳнинг ўлчов бирлиги – «20 тўплам».

Ташкилот дуч келадиган ҳар бир муайян вазиятда ўлчов бирлиги ҳар хил бўлади ва бу масалада профессионал мулоҳаза талаб қилинади.

Асосий воситаларнинг синфларга гуруҳланиши 

Асосий воситаларни корхонанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб гуруҳланг.

Асосий воситаларни табиати ва фойдаланиш хусусияти бир-бирига ўхшаш бўлган синфларга ажратинг . Масалан:

  • ер участкалари;
  • ер участкалари ва бинолар;
  • машина ва ускуналар;
  • сув кемалари;
  • ҳаво кемалари;
  • автотранспорт воситалари;
  • мебель ҳамда муҳандислик ускуналарининг ўрнатиладиган унсурлари;
  • офис жиҳозлари;
  • мевали ўсимликлар.

Молиявий ҳисоботга изоҳда асосий воситаларга тегишли маълумотлар ҳар бир синф кесимида очиб берилади. 


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал