Мустақил қурилган (яратилган) асосий воситанинг бошланғич қиймати қандай шакллантирилади

22.02.2021
author avatar

Иброгим АХМАДХОНОВ

МҲХС бўйича эксперт
author avatar

Кирилл ПОПАДЮК

МҲХС бўйича эксперт

Мустақил ишлаб чиқарилган (барпо этилган) активнинг бошланғич қийматини сотиб олинган активнинг бошланғич қиймати билан бир хил тамойилларда аниқланг.

Ўз эҳтиёжларингиз учун ўз кучингиз билан ёки пудратчиларни жалб қилиш орқали бино ва иншоотларни барпо этишда бошланғич қийматда ҳақиқий харажатларни акс эттиринг. Асосий воситаларни яратиш учун қарз маблағларини олиш билан боғлиқ фоизлар ва бошқа харажатларни МҲХС 23 (IAS) “Олинган қарзлар бўйича харажатлар” мезонларига мувофиқ унинг бошланғич қийматига киритинг.

Қуйидагилар учун меъёрлардан ортиқча йўқотишларни бошланғич қийматга киритманг:

  • материаллар;
  • меҳнат ҳақи;
  • активни яратишда сарфланган бошқа харажатлар.

Ортиқча ҳисобланган харажатларни аниқлашда асосий воситани қуриш ёки яратиш жараёнида расмийлаштирилган меъёрий ҳужжатларга амал қилинг. Булар қуйидагилардир:

  • лойиҳа-смета ҳужжатлари;
  • янги ускуналарни фойдаланишга топшириш режаларини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқларда кўрсатилган режалар ва муддатлар;
  • ушбу объект учун қурилиш жараёни стандартларида назарда тутилган муддатлар.
Мисол
Меъёрдан ортиқча харажатларни капиталлаштириш
Корхонада янги конвейер линияси фойдаланишга топширилди. Ишга тушириш вақтида режага киритилган синовларнинг муддати – бир ҳафта. Ушбу муддат давомидаги харажатлар – ходимларга бериладиган мукофотлар, фойдаланилган хом ашё, ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар меъёр ҳисобланади. Уларни асосий воситанинг бошланғич қийматига капиталлаштиринг. Агар иш бир ҳафтадан ортиқ давом этса, белгиланган давр учун барча харажатларни меъёрдан ортиқча деб тан олинг ва уларни Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда давр харажатларига киритинг.

Асосий воситаларни яратиш учун меъёрий ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, харажатларни ҳисоблаш анча мураккаб бўлади. Масалан, сиз ўта аниқ асбоб билан металлни қайта ишлайдиган ноёб ускуна яратасиз. Бундай ҳолда бундай ускунани фойдаланишга топшириш стандарт амалиёти бўйича муҳандис-техник ходимларнинг хулосасини олинг.

Шунингдек, қурилиш объекти билан бевосита боғлиқ бўлмаган операцияларни бошланғич қийматга киритманг 

Вазият
Асосий воситани яратишга боғлиқ бўлмаган даромад ва харажатлар
Қурилиш майдонидан иш бошлангунига қадар вақтинча автотураргоҳ сифатида фойдаланилди.
Олинган даромад ва у билан боғлиқ харажатлар қурилаётган объектнинг бошланғич қийматига таъсир қилмайди. 

Ўз кучингиз билан яратилган асосий воситалар объектлари билан бир хил тартибда етиштирилган кўп йиллик мевали экинларни ҳам ҳисобга олинг. Мева ҳосил бергунига қадар уларни етиштириш харажатларини тўпланг. Шунга кўра, МҲХС 16 (IAS) “қурилиш” атамаси мевали экинларни етиштириш учун зарур бўлган фаолиятни ҳам қамраб олади .


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал