Ижарачи ижара ҳисобида қандай озод қилинишлардан фойдаланиши мумкин

05.07.2021
author avatar

Иброгим АХМАДХОНОВ

МҲХС бўйича эксперт

Тавсияда:

– қисқа муддатли ижара шартномалари;
– паст қийматли активлар ижараси;
– ижарачида ижара бўйича озод қилишлар ҳисоби.

 

Агар корхонангиз ижарачи бўлса, ижарани операцион ва молиявийга ажратмаган ҳолда барча ижара шартномалари учун ягона ҳисоб моделини қўлланг. Ижарани ҳисоботда икки моддани тан олиш йўли билан акс эттиринг: фойдаланиш ҳуқуқи шаклидаги актив (ФҲША) ва ижара бўйича мажбурият (қаранг «Ижарачи ижаранинг қандай асосий қоидаларини қўллаши лозим»). Шу тариқа, ижарачи учун ижара молиялаштириш операцияси сифатида қаралади. Бунда сиз ижарачи сифатида озод қилишдан фойдаланишингиз ва фойдаланиш ҳуқуқи шаклидаги активни ва ижара бўйича мажбуриятларни тан олмаслигингиз мумкин (лекин мажбур эмассиз) қарорингизни ҳисоб сиёсатида қайд этинг.

Сиз озод қилишдан қуйидагиларга нисбатан фойдаланишингиз мумкин:

  • қисқа муддатли ижара;

ёки

  • паст қийматли активлар ижараси.

Агар  озод қилишни қўллаётган бўлсангиз, ижара тўловларини фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда харажат сифатида ижара муддати давомида тан олинг. Бунда харажатни ижаранинг бутун муддати давомида тенг улушларда тан олишингиз мумкин (чизиқли усул) ёки активдан фойдаланишдан нафнинг олиниши тузилишини акс эттирувчи бошқа тизимли ёндашувни қўлланг.

Қисқа муддатда ижарага олинаётган активлар қандай ҳисобга олинади

Ижара бошланиш санасида муддати 12 ойдан кам  бўлган ижара шартномаси қисқа муддатли ҳисобланади. У базавий активни харид қилиш учун опционга (ҳуқуқга) эга бўлиши керак эмас, ҳаттоки ижарачи ушбу опциондан (харид қилиш ҳуқуқи) фойдаланишни режалаштирмаган бўлса ҳам.

Ижара муддати қуйидагиларга опцион (ҳуқуқ) тақдим этилган даврларни ҳисобга олган ҳолда муддатидан олдин тўланиши лозим бўлмаган ижара даврига тенг:

  • ижарани узайтиришга, агар ижарачи ушбу опцион (ҳуқуқ)дан фойдаланишига етарлича ишонч мавжуд бўлса;
  • ижарани бекор қилиш, агар ижарачи ушбу имкониятни бажармаслигига етарли ишонч мавжуд бўлса.
Вазият
Узайтиришга опцион билан 11 ойга ижара
Ижара шартномаси 11 ой муддатга тузилган. Компанияда ушбу ижарани худди шу муддатга узайтиришга опцион (ҳуқуқ) мавжуд. Компания ушбу опциондан фойдаланиш (ижара шартномасини узайтириш) ниятида.
Бундай ижарани қисқа муддатли деб таснифлаш мумкинми?
– Компания шартномада белгилаб қўйилган режаси ва амалдаги хатти-ҳаракатлари объектни 12 ойдан ортиқ муддатга ижарага олишни режалаштираётганидан далолат беради. Мазкур ижара қисқа муддатли эмас.

Қисқа муддатли ижара бўйича озод қилиш базавий активлар турлари (синфлари) бўйича қўлланилади. 

Активлар синфи – бу ўхшаш хусусиятларга эга бўлган ва компания фаолиятида бир хил тарзда фойдаланиладиган активлар гуруҳи (кўчмас мулк, транспорт, ускуналар ва бошқалар). Бу шуни англатадики, компаниянгиз озод қилишни, масалан, «Ускуналар» синфига қўллашга, лекин «Кўчмас мулк» синфига қўлламасликка қарор қилиши мумкин. Мазкур ҳолатда сиз «Ускуналар» синфидаги барча асосий активларнинг қисқа муддатли ижарасини Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда харажат сифатида тан оласиз (ФҲША ва ижара бўйича мажбуриятини тан олмасдан). «Кўчмас мулк» синфининг барча асосий активлари қисқа муддатли ижарасини эса – иккита моддани тан олиш орқали: фойдаланиш ҳуқуқи шаклидаги актив ва ижара бўйича мажбуриятни.

Вазият
Активни сотиб олиш ҳуқуқи билан 11 ойлик ижара
Компания активни 11 ой муддатга ижарага олди. Ижара тўловлари ойига 1 млн сўмни ташкил қилади. Ижара муддати якунида компания активни 15 млн сўмга сотиб олишни режалаштирмоқда.
Компания ҳисоб сиёсати қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни фақат «Транспорт» синфидаги активларга қўллаш имконини беради.
Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Йўқ, фойдалана олмайди. Мазкур шартнома бўйича озод қилишдан фойдаланиш мумкин эмас, сабаби шартнома активни сотиб олиш опцияси (ҳуқуқи)ни ўз ичига олади.
Вазият
Активни сотиб олиш ва ижарани узайтириш ҳуқуқисиз 12 ойга автомобиль ижараси
Компания автомобилни 12 ой муддатга ижарага олди. Шартнома активни сотиб олиш ҳуқуқи (опцион) ва ижара муддатини узайтириш опциони (ҳуқуқи)ни ўз ичига олмайди.
Компания ҳисоб сиёсати қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни фақат «Транспорт» синфидаги активларга қўллаш имконини беради.
Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олади. Ижара шартномаси қисқа муддатли ҳисобланади, чунки:
1) активни сотиб олиш опциони йўқ;
2) ижара даврини узайтириш опциони мавжуд эмас;
3) ижара даври 12 ойдан ошмайди.
Мазкур ижарага қисқа муддатли ижара бўйича озод қилиш қўлланилади, чунки компания ҳисоб сиёсати «Транспорт» синфидаги активлар бўйича озод қилишни назарда тутади.
Вазият
Ускунанинг актив сотиб олиш ва ижарани узайтириш ҳуқуқисиз 10 ойга ижараси
Компания ускунани 10 ой муддатга ижарага олди. Шартнома активни сотиб олиш ҳуқуқи (опцион) ва ижара муддатини узайтириш опциони (ҳуқуқи)ни ўз ичига олмайди.
Компания ҳисоб сиёсати қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни фақат «Транспорт» синфидаги активларга қўллаш имконини беради.
Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Йўқ, фойдалана олмайди. Ижара шартномаси қисқа муддатли ҳисобланади, чунки:
1) активни сотиб олиш опциони йўқ;
2) ижара даврини узайтириш опциони мавжуд эмас;
3) ижара муддати 12 ойдан ошмайди.
Лекин, компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана олмайди, чунки компания ҳисоб сиёсати «Ускуналар» синфидаги активларни озод қилишни назарда тутмайди.
Вазият
Ижара муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йиллик ижара (компания ижара шартномасини узайтириш ниятида)
Компания транспорт воситасини бир йил муддатга ижарага олди. Шартнома шартларига кўра компания ижаранинг биринчи йили тугашидан икки ой олдин ижарага берувчига ўзининг режаси ҳақида хабар берган тақдирда ижарани яна бир йилга узайтириши мумкин.
Ижара бошида ижарачи ижара муддатини иккинчи йилга узайтиришига деярли ишончи комил.
Компания ҳисоб сиёсати қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни фақат «Транспорт» синфидаги активларга қўллаш имконини беради.
Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олмайди. Ижара шартномаси қисқа муддатли ҳисобланмайди, чунки:
1) узайтиришга опционни ўз ичига олади;
2) ижара шартномасининг иккинчи йилга узайтирилишига етарлича ишонч мавжуд.
Шунинг учун ижара бошида ижаранинг умумий муддати икки йил, яъни 12 ойдан ортиқ муддатга баҳоланади. Компания эса қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана олмайди.
Вазият
Ижара муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йиллик ижара (компания ижара шартномасини узайтирмоқчи эмас)
Компания транспорт воситасини бир йил муддатга ижарага олди. Шартнома шартларига кўра компания ижаранинг биринчи йили тугашига бир ой қолганда ижарага берувчига ўз режаси ҳақида хабар берган тақдирда ижарани яна икки йилга узайтириши мумкин.
Ижара бошида ижарачи уни узайтирмаслигига деярли ишонч ҳосил қилди.
Компания ҳисоб сиёсати қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни фақат «Транспорт» синфидаги активларга қўллаш имконини беради.
Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олади. Ижара қисқа муддатли ҳисобланади, сабаби:
1) узайтириш опционини (ҳуқуқини) ўз ичига олади;
2) ижарачи ушбу опциядан фойдаланмаслигига етарлича ишонч мавжуд.
Шунинг учун ижара бошланишида ижаранинг умумий муддати бир йил деб баҳоланади. Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдаланиши мумкин, чунки актив «Транспорт» синфига киритилади.
Вазият
Ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқи билан активни 3 йилга ижарага олиш (компания ўз ҳуқуқидан фойдаланиш ниятида)
Компания транспорт воситасини 3 йил муддатга ижарага олди.
Агар ижарачи ижаранинг биринчи йили тугашидан бир ой олдин ижарага берувчига режаси ҳақида хабар берган тақдирда, ижара шартномасини бошланганидан бир йил ўтгач бекор қилиши мумкин.
Ижаранинг бошида ижарачи шартномани бекор қилишига деярли ишончи комил. Компания ҳисоб сиёсати қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни фақат «Транспорт» синфидаги активларга қўллаш имконини беради.
Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Ҳа, фойдалана олади. Ижара қисқа муддатли ҳисобланади, чунки:
1) ижарани бекор қилиш опциони (ҳуқуқи)ни ўз ичига олади;
2) ижарачи ушбу опциондан фойдаланишига етарлича ишонч мавжуд.
Шунинг учун ижара бошида ижаранинг умумий муддати бир йил деб баҳоланади. Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдаланиши мумкин, чунки актив «Транспорт» синфига киритилади.
Вазият
Ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқи билан активни 3 йилга ижарага олиш (компания ушбу опциондан фойдаланмоқчи эмас)
Компания транспорт воситасини 3 йил муддатга ижарага олди. Агар ижарачи ижаранинг биринчи йили тугашидан бир ой олдин ижарага берувчига ўзининг хоҳиши ҳақида хабар берган тақдирда, ижара шартномасини бошланганидан бир йил ўтгач бекор қилиши мумкин.
Ижаранинг бошида ижарачи шартномани бекор қилиш имкониятидан фойдаланмаслигига деярли ишончи комил.
Компания ҳисоб сиёсати қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни фақат «Транспорт» синфидаги активларга қўллаш имконини беради.
Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олмайди. Ижара шартномаси қисқа муддатли ҳисобланмайди, сабаби:
1) ижара шартномасини бекор қилиш опционини ўз ичига олади;
2) ижарачи ушбу опциондан фойдаланмаслигига етарлича ишонч мавжуд. Шунинг учун ижара бошланишида ижаранинг умумий муддати 3 йил деб баҳоланади. Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишдан фойдалана олмайди.

Паст қийматли активлар ижарасини  ҳисобга олиш  

Аввало ижарага олинаётган активни уни ижарага бериш пайтида янги бўлгандагидек баҳолашни ўтказинг. Бунда ижара бошланиш санасида активнинг ҳақиқий ёшини ҳисобга олманг

.Мутлақ асосда ва мазкур ижара ижарачи учун зарур бўлишидан қатъий  назар паст қиймат ҳақида хулоса қилинг. Баҳолашга ижарачи фаолиятининг хусусияти ёки шароитлари таъсир қилмаслиги лозим

Паст қийматли асосий активларга планшетлар ва шахсий компьютерлар, офис мебелининг кичик предметлари, телефонлар мисол бўлиши мумкин

Масалан, автомобиль ижараси ҳаттоки у 90 % эскиришга эга бўлганда ҳам паст қийматли активлар ижараси сифатидаги таснифлаш мезонини қондирмайди, чунки ўхшаш синфдаги янги автомобиль қоида бўйича паст қийматга эга бўлмайди.

Шунингдек, паст қийматли актив учун қуйидаги қўшимча шартлар бажарилиши лозим:

  • Ижарачи активдан алоҳида ўзи ёки ижарачи эркин фойдаланиши мумкин бўлган бошқа ресурслар билан биргаликда фойдаланишдан наф олиши мумкин;
  • Ижарага олинаётган актив бошқа активларга кучли ёки улар билан чамбарчас боғлиқ эмас.

Агар ижарачи активни субижарага бераётган бўлса, ижара шартномасининг ўзи паст қийматли актив ижараси сифатида таснифланган мезонларини қондирмайди  

Эътибор беринг
Ижарачи паст қийматли активлар ижарасига нисбатан озод қилишни қўллаш тўғрисидаги қарорни активлар синфига эмас, ҳар бир алоҳида ижара шартномасига нисбатан қабул қилишга ҳақли .

Агар сиз ушбу озод қилишни қўллашга қарор қилсангиз, ҳисоб сиёсатида паст қийматли активлар учун чегаравий миқдорни акс эттиринг. Ушбу мезонни аниқлаш профессионал мулоҳазани талаб этади.

16-сон МҲХС (IFRS) паст қиймат мезонини мутлақ миқдор кўринишида аниқлашни талаб этади. Бунда мазкур ижара ижарачи учун аҳамиятли бўлиши муҳим эмас. Шу тариқа паст қийматли активлар учун чегаравий миқдор муайян компаниянинг муҳимлик чегарасига боғлиқ эмас. Ушбу миқдор барча ижарачилар учун бир хил бўлиши лозимлиги тушунилади.

Стандартнинг ўзида аниқ сумма кўрсатилмаган бўлса-да, «Хулосалар учун асослар» бўлимида 5 минг АҚШ доллари ва ундан кам сумма келтирилади. Шунинг учун компаниянгиз паст қийматли активлар учун чегара сифатида 5 минг доллар ёки камроқ суммани танлаши мумкин.

Вазият
Паст қолдиқ қийматли актив ижараси
Компания компьютерни 3 йилга ижарага олди.
Ижарага берувчининг маълумотларига кўра ижара бошида унинг қолдиқ қиймати 30 млн сўмни ташкил қилган. Компьютернинг янги ҳолатдаги қиймати – 55 млн сўм.
Компания мазкур шартнома бўйича озод қилишдан фойдаланмоқчи.
Компания паст қийматли актив чегараси сифатида 50 млн сўмни танлади.
Компания паст қийматли актив бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олмайди. Ушбу компьютер паст қийматли актив ҳисобланмайди, чунки унинг янги ҳолатдаги (55 млн. сўм) баҳоси 50 млн сўм чегарасидан ошади. Компания мазкур ижара шартномаси бўйича озод қилишни қўллай олмайди. Шунинг учун у фойдаланиш ҳуқуқи шаклидаги актив ва лизинг мажбуриятини тан олади.
Вазият
Паст қийматли компьютер ижараси
Компания янги компьютерни ижарага олди.
Ижара муддати – 4 йил. Компьютернинг янги ҳолатдаги қиймати 20 млн сўмни ташкил этади.
Компания ушбу шартнома бўйича озод қилишдан фойдаланмоқчи.
Паст қийматли актив чегараси сифатида компания 50 млн сўмни танлади.
Компания паст қийматли актив бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олади. Ушбу компьютер паст қийматли актив ҳисобланади, чунки унинг янги ҳолатидаги баҳоси (20 млн сўм) 50 млн сўмлик чегарадан камроқ.
Компания, агар шундай қарор қабул қилса, ушбу шартнома бўйича озод қилишни қўллаши мумкин. Бунда актив қайси синфга тегишли эканлиги муҳим эмас.
Вазият
Иккита паст қийматли активларнинг ижараси
«А» компанияси ҳар бири 20 млн сўмлик иккита янги компьютерни ижарага олди.
Биринчи компьютер «Б» компаниясидан 5 йилга, иккинчисини «С» компаниясидан 2 йилга ижарага олинган.
«А» компанияси «Б» компанияси билан тузилган шартнома бўйича озод қилишдан фойдаланмоқчи.
Компания паст қийматли актив чегараси сифатида 50 млн сўмни танлади.
– Компания паст қийматли актив бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
Иккала компьютер ҳам паст қийматли актив ҳисобланади, чунки янги ҳолатидаги баҳоси (20 млн сўм) 50 млн сўмлик чегарадан камроқ.
Озод қилиш тўғрисидаги қарор активлар синфи бўйича эмас, ҳар бир алоҳида ижара шартномаси бўйича қўлланилиши мумкин. Шунинг учун «Б» компанияси билан тузилган шартнома бўйича озод қилишдан фойдаланиш мумкин. «С» корхонаси билан тузилган шартнома бўйича эса фойдаланиш ҳуқуқи шаклидаги актив ва ижара мажбурияти тан олинади, чунки ижарага олувчи («А» компанияси) ушбу шартнома бўйича озод қилишдан фойдаланишни истамайди.
Вазият
Актив субижараси
Компания умумий қиймати 45 млн сўмлик янги активни 5 йил муддатга ижарага олди.
Компания дарҳол уни 3 йилга ижарага берди. Паст қийматли актив чегараси сифатида компания 50 млн сўмни танлади.
Компания паст қийматли актив бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олмайди. Ушбу актив паст қийматли актив ҳисобланади, чунки унинг янги ҳолатидаги баҳоси (45 млн сўм) 50 млн сўм чегарасидан пастроқ. Лекин, паст қийматли актив бўйича озод қилишни қўллаши мумкин эмас, чунки актив субижарага берилмоқда.
Вазият
Паст қийматли актив ижараси – ижарага берувчида озод қилиш
Б компанияси янги активни А компаниясига 3 йилга ижарага бермоқда. Ижара бошида активнинг баҳоланиши – 30 млн сўм.
"Б" компанияси паст қийматли актив чегараси сифатида 50 млн сўмни танлади.
Компания паст қийматли актив бўйича озод қилишдан фойдалана оладими?
– Фойдалана олмайди. «Б» компанияси ижарага берувчи ҳисоблангани учун озод қилишни қўллай олмайди. Қисқа муддатли ижара бўйича ва паст қийматли активларнинг ижараси бўйича озод қилишдан фақат ижарага олувчилар фойдалана олади.
Эътибор беринг

Компания бир активга нисбатан фақат бир озод қилишдан фойдаланиши мумкин:

  • қисқа муддатли ижара бўйича;
ёки
  • паст қийматли актив бўйича.

Озод қилиш ижарачининг ҳисобида қандай акс эттирилади

Агар  компаниянгиз озод қилишдан фойдаланишга қарор қилса,  ижара тўловларини тизимли равишда ҳисобдан чиқарган ҳолда Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда харажат сифатида тан олинг.

Ижарага олинган активдан фойдаланишдан наф олишнинг тузилишини энг яхши акс эттирадиган ҳисобдан чиқариш услубини қўлланг. Бу  ижара муддати мобайнида чизиқли услуб бўлиши билан бирга бошқа услублар ҳам бўлиши мумкин. Қўллашда энг содда услуб бўлиб чизиқли услуб ҳисобланади, яъни харажатларни тенг миқдорларда тан олиш.

Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ижарага берувчи билан ўзаро ҳисоб-китоблар қолдиқларини акс эттиринг (дебиторлик ёки кредиторлик қарздорлик).

Мисол
Қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни ҳисоботда акс эттириш
Корхона аввал фойдаланишда бўлган НКМ аппаратини 9 ойга ижарага олди.
Ижара тўлови суммаси ойига 100 минг сўмни ташкил қилади. Шартномада ижара муддатини узайтириш ёки активни сотиб олиш назарда тутилмаган. Корхона ижарани келгусида узайтиришни режалаштирмаяпти, сабаби янги ўхшаш аппаратни 4 млн сўмга сотиб олмоқчи. Корхона ҳисоб сиёсатида «Офис техникаси» синфидаги активларни қисқа муддатли ижара шартномалари учун озод қилишни қўллаш назарда тутилган.
Шунингдек, паст қийматли активлар учун чегаравий миқдор 50 млн сўмга тенглиги кўрсатилган. Ижара шартномаси қисқа муддатли сифатида таснифланган, сабаби муддати 12 ойдан ошмайди (9 ой). Компания қисқа муддатли ижара бўйича озод қилишни қўллайди, негаки унинг ҳисоб сиёсати озод қилишни «Офис техникаси» синфидаги асосий активларга қўллашни талаб қилади. Бунда актив қийматининг энди аҳамияти йўқ, яъни гап паст қийматли актив бўйича озод қилишни қўллаш ҳақида бормаяпти.
Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда компания ойига 100 минг сўмдан ижара бўйича харажатни акс эттиради. Бунда ижарага берувчи билан ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича қолдиқ Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда мавжуд эмас, сабаби 2 100 минг сўм тан олинган харажат суммаси ва 100 минг сўм ижара тўлови суммаси мос келади.
Вазият
Паст қийматли актив ижараси бўйича озод қилишнинг ҳисоботда акс эттирилиши
Компания янги компьютерни 4 йил муддатга ижарага олди.
Унинг қиймати – 30 млн сўм.
Ҳисоб сиёсатида кўрсатилган паст қийматли активлар учун чегара 50 млн сўм. Компания мазкур контракт бўйича паст қийматли актив бўйича озод қилишдан фойдаланишга қарор қилди.
Ижара тўловлари ойига 300 минг сўм. Бунда ижара даврининг бошида ижарачи 1 млн сўм қопланмайдиган суммани тўлаши лозим.
МҲХС бўйича молиявий ҳисоботга таъсир қандай бўлади?
– Ушбу компьютер паст қийматли актив ҳисобланади, сабаби:
1) янги ҳолатдаги баҳоси 50 млн сўм чегарадан паст (30 млн сўм);
2) компьютер актив сифатида бошқа активларга унчалик боғлиқ эмас.
Компания паст қийматли активлардан озод қилишдан фойдаланиши мумкин, сабаби ушбу шартнома бўйича шундай қарор қабул қилган. Шунинг учун фойдаланиш ҳуқуқи шаклидаги актив ва ижара бўйича мажбурияти тан олинмайди.
Ижара бўйича харажатлар Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда ижара даври давомида тенг миқдорларда тан олинади.
Тўрт йил ижара давомида тўловлар умумий суммаси қуйидагини ташкил қилади:
Биринчи қопланмайдиган тўлов – 1 000 минг сўм;
Ижара тўловлари – 14 400 минг сўм (300 минг сўм. х 12 ой х 4 йил).
Шартнома бўйича умумий тўловлар суммаси 15 400 минг сўмга тенг.
Ижара шартномаси бўйича тўловларнинг умумий суммаси (15 400 минг сўм)
ФЗТҲда 4 йиллик ижара давомида тенг миқдорларда, яъни йилига 3 850 минг сўмдан (15 400 : 4 йил) харажат сифатида тан олинади.
Ижарага берувчи билан ўзаро ҳисоб-китоблар қолдиғи Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.

Ўзаро ҳисоб-китоблар қолдиғи ҳисоб-китоби:

 

1-йил

2-йил

3-йил

4-йил

Йил бошига қолдиқ

0

750

500

250

Тўловлар

4 600
(1 000 + 300 х 12)

3 600
(300 х 12)

3 600
(300 х 12)

3 600
(300 х 12)

ФЗТҲда харажат

(3 850)

(3 850)

(3 850)

(3 850)

Йил охирига қолдиқ, шу жумладан:

750
(дебитор қарздорлик)

500 
(дебитор қарздорлик)

250 
(дебитор қарздорлик)

0

узоқ муддатли қисми

500
яъни кейинги йил охирига қолдиқ

250
яъни кейинги йил охирига қолдиқ

0

 

0

қисқа муддатли қисми

250
(750 – 500 ёки биринчи тўлов 1 000 : 4 йил)

250
(500 – 250 ёки биринчи тўлов 1 000 : 4 йил)

250

0

Фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботга таъсири:

  

1-йил

2-йил

3-йил

4-йил

Ижара бўйича харажатлар

(3 850)

(3 850)

(3 850) 

(3 850)

Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботга таъсири: 

 

1-йил

2-йил

3-йил

4-йил

Айланма бўлмаган активлар

Ижара бўйича дебитор қарздорлик

500

250

0

0

Жорий активлар

Ижара бўйича дебитор қарздорлик

250

250

250

0


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал