Электрон шаклдаги бошланғич ҳужжатларни қоғозга чиқариш керакми?

preview

Норматив ҳужжатларда бошланғич бухгалтерия ҳужжатларини фақат электрон шаклда тузиш мумкин деб тўғридан-тўғри айтилмаган, ҳисобварақ-фактуралар бундан мустасно. Шу боис баъзан бухгалтерларда, электрон ишончномани қоғозга чиқармай расмийлаштиришнинг қонунийлиги борасида шубҳа юзага келади. Назорат қилувчи органлар буни белгиланган тартибни бузиш деб ҳисобламайдиларми?  Электрон шаклдаги бошланғич ҳужжатларнинг қонунийлиги борасидаги саволга  «Янги технологиялар» ИАМнинг ЭҲФни жорий этиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Нозим ТЎРАЕВ жавоб берди:

- Йўқ, бу тартиббузарлик деб ҳисобланмайди. СК 47-моддасига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ҳисобварақ-фактуралар, одатда, ЭҲФ ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади. Бундан ташқари, 807-сон ВМҚ ижроси доирасида ишончномалар, бажарилган ишлар далолатномалари, товар-транспорт юкхатлари ҳам синов тариқасида электрон шаклда тузилди.

«Электрон ҳужжатлар айланиши тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида айтилишича, электрон ҳужжат қоғоз ташувчидаги ҳужжатга тенглаштирилиб, у билан бир хил юридик кучга эга бўлади. «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги  Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ эса электрон ҳужжатдаги ЭРИ қоғоз ташувчидаги ҳужжатга қўйилган шахсий имзога тенг.

Бинобарин, ЭҲА тизимида шакллантирилган электрон ишончнома ва бошқа бошланғич ҳужжатлар ЭҲФ сингари тўлиқ юридик кучга эга. Ҳуқуқий нуқтаи назардан уларнинг қонунийлиги борасидаги шубҳалар буткул асоссиз.

Яна бир муҳим жиҳат: электрон ҳужжатлар айланиши расмий операторлари (рўйхатга қаранг) ишлов берган барча электрон ҳужжатлар операторлар серверларидаги маълумотлар базаларида камида 5 йил, роуминг-операторда 10 йил давомида ишончли тарзда сақланади. Яъни ушбу муддат мобайнида ҳужжатлардан фойдаланиш мумкин.

– Электрон ҳужжатларнинг қоғоз нусхасини олиш шартми?

– Қонун ҳужжатларида электрон ҳужжатларнинг қоғоз нусхасини олиш ва сақлаш тўғридан-тўғри талаб қилинмаган ҳам, тақиқланмаган ҳам. Яна бир бор такрорлайман: «Электрон ҳужжатлар айланиши тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, электрон ва қоғоз ҳужжатнинг кучи ва аҳамияти тенг. Шу билан бирга, Бухгалтерия ҳисобидаги ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомда белгиланишича, электрон ҳужжатларни сақлаганда улардан фойдаланиш ва қоғоз ташувчидаги нусхасини олиш имкони бўлиши керак.

Электрон ҳужжатлар айланиши технологияларидан фойдаланаётганда мазкур Низомдан келиб чиқадиган яна бир нечта қоидалар ҳақида унутмаслик лозим:

1. Электрон ҳужжат Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ тузилиши керак.
2. Электрон ҳужжатда қуйидаги мажбурий реквизитлар қайд этилиши керак:

  • корхона номи;
  • ҳужжат номи ва рақами, тузилган санаси ва жойи;
  • хўжалик операциясининг номи, мазмуни ва ўлчов бирликлари (натура ва пул кўринишида) кўрсатилган сони;
  • лавозимлар номи, фамилия ва исм-шарифларни ёхуд хўжалик операциясини амалга оширган шахс(лар)ни идентификациялаш учун зарур бўлган бошқа реквизитларни кўрсатган ҳолда қўйилган имзолар.

Бошланғич ҳужжатда қўшимча реквизитлар ҳам қайд этилиши мумкин:

  • корхона манзили;
  • ҳужжатда қайд этилган хўжалик операциясини амалга ошириш учун асос;
  • ҳужжатлаштириладиган хўжалик операцияларининг тусига кўра белгиланадиган бошқа қўшимча реквизитлар.

3. Электрон шаклда тузилган бошланғич ҳужжат ва регистр электрон рақамли имзо тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳужжат тўғри тузилиши учун масъул шахснинг ЭРИси  билан тасдиқланиши керак.

Олег ГАЕВОЙ.

Умумий саволлар Умумий саволлар Умумий саволлар /ru/publish/doc/text159401_elektron_shakldagi_boshlangich_hujjatlarni_qogozga_chiqarish_kerakmi