Полезное для бухгалтера в декабре:
Солиқ бўйича кечиктиришга эга бўлган ҳолда имтиёзли ставкадан фойдаланиш мумкинми?
Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ norma.uz билан интервьюсида Президентнинг 18.05.2020 йилдаги ПФ-5996-сон Фармони кимга аниқ татбиқ этилиши ва уларни олиш учун шартлар қандай эканлигини тушунтирди. Фармонни ижро этиш мақсадида нима “кичик бизнес” ҳисобланади, улар якка тартибдаги тадбиркорларга татбиқ этиладими, илгари кечиктирилган солиқ суммаларини ҳисобдан чиқариш таомили қандай, солиқ бўйича кечиктиришга эга бўлган ҳолда солиқларнинг имтиёзли ставкаларидан фойдаланиш мумкинми?
- Ушбу имтиёзларнинг асосий субъекти – микро ва кичик корхоналар. Мол-мулк ва ер солиқларидан озод этиш учун айланманинг миқдори – 1 млрддан камлиги ёки ортиқлиги аҳамиятга эгами?
- Йўқ, аҳамиятга эга эмас. Солиқ солиш тартиби айланма миқдорига боғлиқ – ёки айланмадан олинадиган солиқ (1 млрд сўмгача тушум) ёхуд ҚҚС ва фойда солиғи (1 млрд сўмдан ортиқ). Мол-мулк ва ер солиқларини айланмадан қатъи назар солиқ солиш объекти мавжуд бўлса – ҳамма тўлайди.
Улардан 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябрига қадар фақат кичик бизнес субъектлари ва кичик бизнес ҳисобланмаслиги мумкин бўлган талай хизмат соҳаси корхоналари озод этилган. Бу - бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.
Шу боис ушбу имтиёздан фойдаланиш учун микро ёки кичик корхона бўлиш керак. Ёки сизнинг корхонангиз юқорида кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланса, у йирик корхона бўлиши ҳам мумкин.
- Корхона микро ёки кичик бизнес субъекти ҳисобланишини қандай аниқлаш мумкин?
- Мезон бу ерда оддий – штатдаги ходимлар ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича иш бажарувчи шахсларнинг ўртача йиллик сони. У ўтган (2019) йил якунлари бўйича аниқланади.
Ушбу ходимлар сонини Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичида кўрсатилган энг юқори қийматлар билан солиштириш зарур. Агар у Таснифлагичда кўрсатилган қийматлардан паст ёки тенг бўлса, корхона кичик бизнес субъекти ҳисобланади, агар юқори бўлса – ҳисобланмайди.
Яна бир бор эътиборингизни жалб қиламан – бунда тушумнинг миқдори ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни корхона автомобиллар ва енгил автотранспорт воситалари улгуржи савдоси билан шуғулланса ва ходимларнинг ўртача йиллик сони унда 6 дан 25 нафаргача бўлса, у кичик ҳисобланади. Бунда унинг айланмаси ўнлаб ёки юзлаб миллиард сўмдан ортиқ бўлиши мумкин.
- Якка тартибдаги тадбиркорлар кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланадими? Агар “ҳа” бўлса, имтиёзлар нималарга татбиқ этилади – уларда ҳам ишлаб чиқариш, ҳам шахсий мол-мулк мавжуд?
- Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти – бу ҳам кичик бизнес. Шу сабабли уларга нисбатан ҳам микро ва кичик корхоналарга татбиқ этиладиган имтиёзлар амал қилади. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиқлари бўйича имтиёзлар фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилаётган объектларга татбиқ этилади.
- 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонлар асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этилган, Фармон билан улар бўйича 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиқлари суммалари ҳисобдан чиқарилади. Гап ким хусусида бормоқда?
- Гап мазкур солиқларни тўлаш бўйича кечиктиришни ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари орқали ёхуд солиқ органларини хабардор қилиш асосида олган кичик тадбиркорлик субъектлари хусусида бормоқда.
Ушбу имтиёз ўз фаолиятини тўхтатганларга ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг I чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50%дан кўпроққа камайганларга тақдим этилган.
Янги Фармон билан юқорида санаб ўтилган кечиктирилган суммалардан апрель ва май ойлари учун суммалар ҳисобдан чиқарилади. Яъни кичик тадбиркорлик субъектлари – кўрсатилган шартларга риоя қилинганда – жорий йилнинг 1 апрелидан 1 сентябрига қадар ёки 5 ой муддатга (кечиктирилган апрель-май + озод этиладиган июнь-август) мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилади.
- Илгари аввалги Фармонлар билан кечиктирилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммаларини ҳисобдан чиқариш таомили қандай амалга оширилади? Мазкур масала бўйича қайсидир инстанцияларга мурожаат қилиш лозим бўладими?
- Апрель ва май ойлари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммаларини ҳисобдан чиқариш солиқ органлари томонидан амалга оширилади.
Яқин кунларда Молия вазирлиги тегишли тушунтиришларни, жумладан мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этиш тартиби, шунингдек ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини қўллаш юзасидан тушунтиришларни эълон қилади.
- Шунингдек 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб 2020 йил 15 май ҳолатигача ҳосил бўлган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилади. Пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқаришни солиқ органлари билан келишиш (солиштириш далолатномаси) таомилини ўтказиш зарур бўладими?
- Солиқ тўловчининг шахсий карточкасида кўрсатилган жарималар ва пеняларни ҳисобдан чиқаришни солиқ органлари амалга оширади. Тадбиркорлар ҳеч қаерга мурожаат қилишлари зарур эмас.
- Янги Фармон бўйича ижтимоий солиқ бўйича кечиктиришга эга субъект, энди пасайтирилган ставка бўйича (12% ўрнига - 1%) солиқни қайта ҳисоблаши мумкинми?
- 2020 йилнинг 1 майидан 1 июлига қадар микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқнинг ставкаси 12%дан 1%гача пасайтирилади. Бу пасайиш шу даврда кечиктирилган мажбуриятларга ҳам татбиқ этилади. Яъни жорий йилнинг 1 майидан 1 июлга қадар бўлган даврга кечиктирилган ижтимоий солиқ суммасига 1% миқдорида тўланади. 1 июлдан бошлаб кечиктирилган суммалар бўйича ижтимоий солиқ 12% ставка бўйича ҳисобланади.